Чинозда алимент пулини ололмаган аёл прокуратура биноси олдида ўзи ва фарзандларига ўт қўймоқчи бўлди
Аёл прокуратура ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. МИБ ахборот хизмати алимент пули нима учун ундирилмагани бўйича изоҳ берди.
2 март куни ижтимоий тармоқларда ўзи ва фарзандларига ўт қўймоқчи бўлган аёлнинг видеоси тарқалди. Ҳолатга алимент пулларини ололмагани сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса Чиноз тумани прокуратураси биноси қаршисида содир бўлган. Таъкидланишича, аёл шу тарзда туман прокуратураси ва Мажбурий ижро бюросининг Чиноз туман бўлими ходимларидан ўз норозилигини билдирмоқчи бўлган.
Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматни ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
“Аниқланишича, видеолавҳаларда ўзини фарзандлари олдида ёқмоқчи бўлган фуқаро Г.Хўжанова билан боғлиқ 2 та ижро иши МИБнинг Чиноз туман бўлими иш юритувида бўлган. Жумладан, ижро иши бўйича суднинг 25.08.2021 йилдаги ижро варақасига асосан, 27.11.2021 йилда фуқаро Г.Хўжанова Чиноз тумани, “Каттатепалик” МФЙ, Файзли кўчасидаги уйларнинг бирига яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан киритиб қўйилиб, тегишли тартибда давлат ижрочиси Б.Бойматов томонидан “далолатнома” расмийлаштирилган ва ижро ҳужжати тамомланган.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг 2019 йил 13 август кунидаги ижро варақасига асосан, қарздор С.Хўжановдан ундирувчи Г.Хўжанова фойдасига ½ қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 20.08.2019 йил келиб тушган бўлиб, шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилиб, тарафларга юборилган.
Шунингдек, қарздорнинг номидаги мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилот ва органларига “Mib Portal” электрон дастури орқали сўровномалар юборилиб, олинган жавоб хатларига асосан, қарздорга тегишли мол-мулклар мавжуд эмаслиги аниқланган” дейилади МИБ томонидан эълон қилинган баёнотда.
Бюро ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов ижро ҳаракатлари давомида С.Хўжановнинг хорижга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
“Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор С.Хўжанов Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Равнақ Файз Агро” фермер хўжалигида ишлаётганлиги аниқланиб, мазкур ижро ҳужжатини 2020 йил 1 ноябрда “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 64-моддасига асосан ойлик иш ҳақига юборилган бўлиб, қарздор С.Хўжановнинг ойлик ҳақидан 2021 йил 1 июль кунига қадар ундирувчининг пластик ҳисоб рақамига ўтказилиб келинган.
Қарздор С.Хўжанов ундирувчи Г.Хўжановага тилхат асосида 2021 йил июль ойидан 2022 йил 1 февраль ойига қадар 550.000 сўмдан нақд пул алимент пулларини тўлаган бўлса-да, ҳозирда қарздорлиги 7 млн. 991 минг сўмни ташкил этган.
Шу боис, қарздорликни тўлиқ бартараф этиш чорасини кўрмагани учун С.Хўжановга нисбатан тўпланган ҳужжатлар маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқишлик учун 22.02.2022 йилда Жиноят ишлари бўйича Чиноз тумани судига онлайн тарзда юборилган”, – дея Фаррух Тошпўлатовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
МИБ мулозимининг маълум қилишича, Интернетда тарқалган видеодаги воқеалар 25 февраль куни соат 20-00 ларда Чиноз туман прокуратураси биноси ёнида содир бўлган. Алимент тўлови ундирилмаётганидан норози бўлиб, прокуратурага мурожаат билан келган аёл берилган жавобдан қаноатланмай, ўзига бензин сепиб ўт қўймоқчи бўлган. Туман прокуратураси ҳамда Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ҳодисанинг олди олинган.
Бюро ахборот хизмати айни пайтда ушбу фуқаронинг саломатлиги яхши эканини, содир бўлган ҳодиса ортидан МИБ Чиноз туман бўлими масъул ходимлари хатти-ҳаракатлари бўйича ҳам текширув ишлари бошланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бугунги кунда 290 мингдан зиёд оталарга фарзандлари учун алимент тўлаш юклангани, лекин уларнинг 172 минг нафари ўз фарзанди олдидаги мажбуриятини бажаришдан бош тортиб келаётгани танқид қилинганди.
Йиғилишда бундан буён алиментдан қарздорликни давлат тўлаб бериши, кейинроқ МИБ қарзни бюджетга ундиришини кўзда тутувчи янги тартиб жорий қилиниши айтилганди.
Мавзуга оид
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024
Алиментдан қочиб юрган отани “илинтирган” ходим – МИБ операцияси тафсилотлари
12:30 / 24.09.2024
Ўзбекистонда алимент тўловлари ошади
11:45 / 12.09.2024