Иқтисодиёт | 10:52 / 06.03.2022
79737
3 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб харидлардан 1 фоизлик кешбэк олиш мумкин? | Қўлланма

2022 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқаролари харид суммасининг 1 фоизини кешбэк шаклида қайтариб олиши мумкин бўлди. Бу тартиб «Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига асосан жорий қилинди.

Kun.uz бу борада фойдаланувчиларга қулай қўлланма тайёрлади.

Бунинг учун App store ёки Play market'дан «Солиқ» мобил иловасини юклаб олиб, рўйхатдан ўтасиз.

Рўйхатдан ўтиш учун шахсий маълумотлар ва телефон рақами зарур бўлади.

Шундан сўнг, дўконлар, умумий овқатланиш жойлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига қилган тўловингиз учун олган QR-кодли чекни сканер қилиш орқали ой давомида кешбэкларни йиғиб борасиз. Бу дегани агар сиз 100 минг сўмлик савдо қилсангиз 1 минг сўм, 200 минг сўмлик савдодан 2 минг сўм кешбэк оласиз, бир ой давомида бу каби кешбэклар йиғилиб, сезиларли сумма бўлиши мумкин.

Кешбэк пулларни қандай олиш мумкин? 

Бунинг учун чекларни рўйхатдан ўтказаётган «Солиқ» иловасига пластик картангизни улаб, тасдиқланган суммани картангизга ўтказиб олишингиз мумкин. Йиғилган пуллар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан сўнг тасдиқланади, яъни январь учун февраль ойининг 21-25-саналарида, февраль учун эса март ойининг 21-25-саналарида кешбэк қайтарилади.

Масалан, жорий йил январь ойининг ўзида 101 мингдан ортиқ фуқарога 15,9 млрд сўм кешбэк суммаси тўлаб берилган.

Давлат солиқ қўмитаси сотувчилар томонидан чек бермаслик ҳолатлари кузатилганда, илованинг «Солиқ ҳамкор» бўлими орқали хабар бериш имкони мавжудлигини билдирган.

Дарвоқе, ўтган ойда техник хизмат кўрсатиш марказининг «уддабурон» ходимлари кешбэкка эга бўлиш мақсадида бошқаларнинг миллиардлаб сўмлик чекларини ўз номига ўтказиб олгани аниқланди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир фуқаро бир кунда битта савдо нуқтасидан 5тагача чекни рўйхатга олиш тартиби жорий этилди.

Шу билан бирга автомобиль сотиб олганлик, темирйўл ва авиачипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўловлар амалга оширилганда олинган харид чеклари учун кешбэк қайтарилмайди.

Бунинг бизга қандай фойдаси бор?

Аввало, кичик бўлса-да харид суммасининг бир фоизи ўзингизга қайтарилади – яъни даромад.

Бундан ташқари, сиз талаб қилган чеклар туфайли давлатга солиқлар тушуми кўпаяди. Масалан, кешбэк тизими ишга тушиши ортидан 2022 йил январь ойининг ўзида 32 миллиондан ортиқ чек чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 191 фоизга ошиш дегани.

Бу ўз навбатида соядаги иқтисод аста-секинлик билан бўлса-да қисқаришига сабаб бўлади – бу ҳам жамоатчилик назоратининг бир шакли.

Хуллас, чек талаб қилинг ва кешбэкка эга бўлинг.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид