Ўзбекистон | 16:04 / 06.03.2022
39412
12 дақиқада ўқилади

«Қора болта» – интернетдаги фирибгарликлардан глобал мафия империясига айланган гуруҳ ҳақида

«Қора болта» – Нигерияда пайдо бўлган ва ҳозир глобал тармоққа айланиб кетган жиноий тўда номи. BBC ўтказган 2 йиллик суриштирувлар давомида гуруҳнинг бутун дунё бўйлаб тарқалган фирибгарлик ва қотиллик операцияларига оид янги далиллар топилди.

Фото: BBC

«Лаънат бутун ҳаётингга татийди»

Доктор Жон Стоун Жанубий Нигериядаги Бенин университетида сиёсатшуносликдан дарс беради. У ўн йиллар давомида одам савдоси, интернетдаги фирибгарлик ва қотилликларни амалга оширган «Қора болта»нинг юқори мартабали аъзоси бўлган.

Доктор Жон Стоун «Қора болта» аъзоси бўлганидаги хотираларини кўп эслайди. Уни қон, қурол ёки отишмалар эмас, одамларнинг ёлворишларини хотирлаш кўп қийнайди.

«Бу – жуда оғриқли. Марҳумларнинг оилалари сени лаънатлайди ва бу лаънат бутун ҳаётингга татийди», - дея афсус қилади у.

«Қора болта» маҳаллий тилда cult – калт деб юритилади. Гуруҳ аъзоси эса «Болта одам» – Axeman деб аталади. Бу гуруҳ ўзининг ашаддий зўравонликлари билан ҳам машҳур. Ҳатто гуруҳ аъзоларининг йўлини кесиб ўтиш хавфли бўлган. Чунки бундайлар дуч келиши мумкин бўлган қийноқлар ижтимоий тармоқларда аллақачон тарқалган. 

Доктор Стоун гуруҳ аъзоси бўлган йиллари зўравонликларда қатнашганини тан олади. Ўшанда уни «қассоб» лақаби билан чақиришарди.

Доктор Жон Стоун, «Қора болта»нинг собиқ аъзоси
Фото: BBC

Стоун «Қора болта» аъзоларидан халқаро ОАВга тўда ҳақида маълумот берган биринчи одам бўлди. BBC 2 йиллик суриштируви давомида кўпчилик билан алоқа ўрнатиб, тўданинг ўзаро алоқаларига оид минглаб махфий ҳужжатларни топди. Натижалар «Қора болта»нинг ўтган ўн йилликдаги энг кенг қамровли ва жуда хавфли жиноий гуруҳларга айланганини кўрсатган.

Улар қурбонлар сонини футбол ҳисобидек юритади

Болта одамлар Африка, Европа, Осиё ва Шимолий Америкадаги оддий одамлар орасида ҳам юрибди. Ҳатто электрон почтангизга улардан хат келган бўлиши ҳам мумкин.

BBC «Қора болта»нинг ўн минглаб сирли ҳужжатларини қўлга киритган одамни топишга муваффақ бўлган. Маълумот берувчи асл исмини ошкор қилмай, Уче Тобиаc тахаллусидан фойдаланишни афзал кўрди. У тақдим қилган ҳужжатлар гуруҳ аъзолари деб тахмин қилинган юзлаб одамларнинг шахсий алоқаларига оид. 2009-2019-йиллардаги хабар алмашинувларида қотиллик, дори контрабандаси ва интернетдаги фирибгарликлар ҳақида гап боради. Бу материалларнинг кўпи ваҳшийликлар ҳақида ва уларни нашр этишнинг имкони йўқ.

Уче Тобиаc – BBC’га маълумот етказган одам
Фото: BBC

Болта одам яқинда қурбонларнинг расмларини халқаро гуруҳлар билан улашиш учун кодлар билан ҳимояланган вебсайтлардан фойдаланган.

«Қора болта» гуруҳи ўзига ўхшаган душман калтлар билан ким кучлилигини исботлаш учун доимо уруш олиб боради. Улар қурбонлар сонини 15-2, 4-3 каби футбол ҳисобидагидек ёзиб боради.

«Мугу» ёки «мае» жаргонлари ифодалайдиган маъно

Гуруҳлар асосий даромадини интернетдаги қаллобликлардан топади. Ҳужжатлар, банк ўтказмалари ва минглаб электрон почталар «Қора болта» аъзолари дунё бўйлаб онлайн фирибгарликларни амалга ошираётганини кўрсатади. Қаллобликларни амалга ошириш режаларини аъзолар бир-бири билан алмашади. Улар меросни ўмариш, кўчмас мулкни тортиб олиш, бизнес электрон почталари орқали пул ечиб олиш каби фирибгарлик турларидан фойдаланади. Вазифалар кенг миқёсда амалга оширилиб, пухта операциялар тузилади, бунда қитъалараро ўнлаб одамлар бирга ишлайди. Тақдим қилинган электрон почталар ичида, 2010 йилда «Қора болта» аъзоси бир одамнинг 3 миллион доллар пулини фирибгарлик билан ўзлаштириб олгани ҳам аниқланган.

Электрон почта хабарларида «Қора болта» аъзолари деб гумон қилинаётган одамлар фирибгарлик қилаётганда, сохта ёки ўғирланган паспортларлардан фойдаланган. Ва улар ўзларига одамларни жалб қилувчи номлар беришади. Қурбонларни «аҳмоқ» маъносини берувчи «мугу» ёки «мае» жаргон сўзлари билан аташади.

«Қора болта» – фантастик даражадаги йирик ташкилот»

«Қора болта»нинг халқаро кибержиноят тармоғи ўз аъзолари учун миллиардлаб доллар ўмаради. 2017 йилда Канада расмийлари жиноий гуруҳ билан боғлиқ 5 миллиард доллардан ортиқ пул ювиш схемасини йўқ қилган. Бундай схемалар қанчалигини ҳеч ким билмайди. Ҳужжатларда гуруҳ аъзолари Нигерия, Буюк Британия, Малайзия, Форс кўрфази давлатлари ва бошқа ўнлаб давлатлар ўртасида мулоқот қилгани кўрсатилган.

Тобиаснинг сўзларига кўра, у фирибгарлик бўйича терговчи бўлиб ишлаган ва қурбонлар билан учрашганидан сўнг «Қора болта» изига тушган.

«Мен 30 мингдан ортиқ аъзолар борлигини тахмин қилган бўлардим. Улар бутун Европа, Америка, Жанубий Америка ва Осиё бўйлаб тарқалган. Бу – шунчаки кичик клуб эмас, бу фантастик даражадаги катта ташкилот», дейди Тобиас.

Унинг гапини халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хулосалари ҳам тасдиқлайди. 2021 йилги Уюшган жиноятчилик индексига кўра, Нигерия қитъада уюшган жиноятчиликнинг энг юқори даражасига эгалиги кўрсатилган. Ва бу тармоқлар хорижда кенгаймоқда.

Италия «Қора болта» тармоқлари кенгайишига қарши чоралар кўряпти. 2021 йил апрелида гуруҳ аъзоси деб тахмин қилинган 30 киши одам савдоси, интернет фирибгарлиги учун ҳибсга олинган.

АҚШда 2019 йил ноябридан 2021 йил сентябригача кўп миллион долларлик интернет фирибгарлигида гумонланиб 35 киши ҳибсга олинган. Ва яна «Қора болта»нинг Жанубий Африкадаги 9 аъзосини қўлга тушириш учун халқаро операция бошланган.

«Кибержиноят бу – кўп триллион долларлик саноат, уни назорат қилишнинг иложи йўқ. Шу туфайли одамларнинг хонавайрон бўлганини, компаниялар касодга учраганини кўрганман», дейди Федерал тергов бюросининг 30 йил кибержиноят департаментида ишлаган собиқ махсус агенти Скотт Аугенбаум.

«Қора болта»га аъзо қилиш маросими

«Қора Болта» жиноий империясининг илдизлари Нигерияга бориб тақалади. Бу гуруҳ 40 йил олдин Эдо штатидаги Бенин шаҳридан топилган. Болта одамларнинг кўпи шу жойдан ва бу гуруҳнинг халқаро кенгайишида муҳим рол ўйнайди. БМТнинг қочоқлар бўйича комиссари маълумотига кўра, Нигериядан хорижга кетаётганларнинг 70 фоизи Эдодан.

Гуруҳ асосан Нигерияда университетнинг 26-23 ёшли талаба йигитларини ёллайди. Аъзо бўлиш «бамминг» деб аталадиган маросим билан бошланади ва жуда шафқатсиз ўтади.

Бенин штати, «Қора болта» қароргоҳи
Фото: BBC

«Бамминг» аъзо танлаш куни бўлиб, гуруҳга қўшишдан олдин, бўлажак аъзони ўрмонга олиб боришади, ноинсоний қийноқларни унда синаб, охирида гуруҳга аъзо қилишади. «Қора болта»га қўшилишнинг сабаблари турли хил. Баъзилар мажбуран, баъзилар кўнгилли, бўлиб қўшилади. Аммо бундан яхши фойда олишларига шубҳа йўқ.

Доктор Стоуннинг айтишича, Нигерия ишсизлик бўйича дунёда 2-ўринда туради. Шундай қийин шароитда «Қора болта»га аъзо бўлиш сизни ва бизнесингизни ҳимоя қилишни кафолатлайди. Гуруҳ аъзолари Нигерия армияси, ҳаво, денгиз кучларида ҳам бор.

НБМ ва «Қора болта» битта ташкилотми?

Гуруҳ Африканинг Нео Қора Ҳаракати (Neo Black Movement of Africa – NBM) деб номланган талабалар биродарлигидан келиб чиққан. У 1970-йилларда Бенин университетида ташкил топган. НБМнинг рамзи занжирларни синдирувчи қора болта эди ва унинг асосчилари зулмга қарши курашишни ўз мақсади деб элон қилган.

НБМ бугунги кунда ҳам мавжуд ва Нигерия корпоратив хизматлар комиссиясида қонуний рўйхатдан ўтган компания ҳисобланади. У бутун дунё бўйлаб 3 миллион аъзоси борлигини даъво қилади ва мунтазам равишда Нигерия ва хорижда меҳрибонлик уйлари, мактаблар ва полицияга хайр-эҳсонлар қилиб боради. У ҳар йили йирик конференциялар ўтказади, уларнинг айримларида таниқли сиёсатчилар ва машҳур шахслар иштирок этади.

 НБМ раҳбарларининг таъкидлашича, «Қора болта» деган гуруҳ йўқ, бўлса ҳам, НБМнинг унга алоқаси йўқ.

«НБМ «Қора болта» эмас. Унинг жиноятчилик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. НБМ дунёдаги буюкликни тарғиб қилишга интиладиган ташкилотдир», деган ташкилотнинг амалдаги президенти Олорогун Эсе Какор 2021 йил июл ойида BBC’га берган интервьюсида.

Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса буни рад этади. АҚШ Адлия вазирлигининг 2018 йилдан буён «Қора болта» аъзоларини таъқиб қилиш давомида берган баёнотларида НБМ «жиноий ташкилот» ва «Қора болта»нинг бир қисми экани айтилади. Шунга ўхшаш баёнотлар Канада расмийлари томонидан ҳам берилган.

BBC ўрганаётган ҳужжатларда ҳам «Қора болта» аъзолари ва НБМ корпорацияси ўртасидаги алоқа аниқланган.

Ёш «Болта одам»
Фото: BBC

Ҳужжатларнинг аксарияти 2012 ва 2016 йиллар оралиғида НБМ президенти бўлган Аугустус Бемигҳо-Эеойибога тегишли электрон почта ҳисобидан олинган. Бу файллар жаноб Бемигҳо кенг кўламли интернет фирибгарлиги билан шуғулланганини кўрсатади.

Бемигҳо ёзишмаларида миллионлаб пул йиғиш учун ННТлар ташкил қилиш ҳақидаги хатлар топилган.

«Қора болта»га қарши кураш

НБМ номи остида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар бутун дунё бўйлаб тарқалган, жумладан Буюк Британия ва Канадада ҳам. Шу ном остида YouTube, Instagram ва Facebook’да камида 50та аккаунт топилади. Шунингдек, корпорациянинг расмий ижтимоий медиа каналлари ҳам бор. Баъзи аккаунтларда 100 мингдан зиёд обуначилар бор. Буларнинг айримларида «Қора болта»ни эслатувчи эможи, қурол ёки болта кўтарган одамларнинг расми ва баъзан шиорлар ҳам ёзилган.

Доктор Стоуннинг айтишича, Нигерия парламентида ҳатто ижрочи органда ҳам «Қора болта» аъзолари бор. Улар нигериялик бўлажак сиёсатчилар, рақибларни қўрқитиш, сайлов қутиларини қўриқлаш ва одамларни овоз беришга мажбурлаш учун «Қора болта» аъзоларини ёллайди.

Доктор Стоун ҳозир собиқ калтчилар, Нигерия фуқаролари ва профессорлардан иборат «Камалак коалицияси» ташкилотини тузган. Бу – «Қора болта»ни бироз тийиб туриш, жиноятчиликни камайтириш вазифасини бажаради. Стоун уни излаб келишларини билади, шунинг учун ҳам ўзи билан лицензияланган қурол олиб юради.

«Шахсий хавфсизлик учун бундан бошқа илож йўқ. Улар мени пойлаб юришганда, нега мен бундай қилолмайман?» деган у нимтабассум билан.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид