Ўзбекистон | 12:29 / 07.03.2022
14324
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида ўқитувчилар маоши кечикмоқда, бу биринчиси эмас

Андижон вилоятининг бир қатор туманларида ўқитувчиларнинг ойликлари кечикмоқда. Ўтган ой ҳам маошлар ўз вақтида берилмаган. Kun.uz мухбири вилоят ХТБ ахборот хизматидан ҳолат юзасидан изоҳ олди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, маошлар кечикишига тегишли дастурларга киритилган ҳисобрақамларидаги ўзгаришлар ва аниқланган молиявий камчиликлар сабаб бўлмоқда.

Бироқ феврал ойида Андижон шаҳар, Асака ва Бўстон туманларида аванс пуллари кечиккан эди. Бунга халқ таълими бўлинмалари айрим ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли 2021 йил якуни бўйича молиявий ҳисоботлар ўз вақтида топширилмагани, уларнинг ғазна ҳисобрақамлари бўйича амалга ошириладиган операциялар автоматик равишда тегишли дастурларда вақтинчалик тўхтатилгани сабаб қилиб кўрсатилган эди.

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган ўқитувчиларнинг таъкидлашича, маош кечикиши одатий ҳолга айланиб улгурди. Ҳозирда вилоятнинг аксарият туманларида ойликлар кечиккан.

“Одатда маошларимиз ойнинг 3-4-санасидан кечикмасди. Охирги икки ойда доимий тарзда кечикмоқда. Агар муаммо тизимда бўлса ҳаммага тенг тушмаслиги керак-ку. Нега бир туманга тушиб бошқасига тушмайди?” – дейди мурожаатчилардан бири.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг қўшимча қилишича, маошлар 9 март куни тўлиқ тўлаб берилади.

Аввалроқ, Андижон шаҳар ХТБ раҳбарлари 57 млрд бюджет пулларини талон-торож қилгани айтилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид