Жамият | 19:26 / 07.03.2022
37608
8 дақиқада ўқилади

“Ўзбек аёли чиройли шароитларда яшашга лойиқ” — водийнинг ягона аёл ҳокими билан суҳбат

Бўстон тумани ҳокими Санобар Носирова биз билан суҳбатда деҳқон оиласидан чиққани, раҳбарлик карьераси, ҳоким сифатидаги фаолияти ва турли мавзуларга шахсий қарашлари ҳақида сўзлаб берди.

Давлат ва жамият бошқаруви, хусусан, ҳокимликда аёл раҳбарларни кўпда кўравермаймиз. Бу борада Ўзбекистонда фақат 2020 йилдан ҳокимликка аёлларни тайинлаш амалиёти жорий қилина бошланди. Айни вақтда эса Ўзбекистоннинг 200га яқин туман ва шаҳарларнинг 4тасига аёллар раҳбарлик қилмоқда.

Биз ана шундай кам сонли аёл ҳокимлардан бири, 2021 йил августидан буён Андижон вилояти Бўстон туманига раҳбарлик қилиб келаётган Санобар Носирова билан суҳбатлашдик.

— Ҳоким бўлиб тайинланганингизга, мана, 6 ой бўлди. Ҳоким бўлиб ишлаш феъл-атворингизга таъсир ўтказдими, бу оилада билиняптими?

— Туман ҳокимлигига тайинланишимдан олдин ҳам узоқ йиллар давлат ташкилотларида, қолаверса хусусий секторда ўзимнинг корхоналаримда раҳбарлик лавозимида фаолият юритганман. Шунинг учун бу вазифа мени характеримда катта ўзгариш рўй беришига сабаб бўлмади, фақат менда энди жиддийлик ва фуқароларни тинглаш хусусиятлари пайдо бўлди.

Оилага таъсир кўрсатишига келадиган бўлсак, менинг иккита қиз фарзандим бор, уларни турмушга берганман, ўғлим чет элда ўқишда. Қайнонам билан тураман, у киши ҳам узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлагани учун мени жуда яхши тушунади, устозлик қилади. Ишдан кайфиятим ёмон бўлиб қайтганимда менга далда бўлади. Қолаверса, ҳоким сифатида фуқароларни тинглашни ўргандим.

— Ҳокимликкача бўлган ҳаёт йўлингиз ҳақида гапириб беринг.

— Мен Қўрғонтепа туманининг Деҳқонобод қишлоғида ҳунарманд оиласида туғилганман. Ёшлигимдан мактабда фаол ва лидер эдим. Мактабни “Олтин медал”га битирганим учун олий ўқув юртига имтиҳонсиз, битта суҳбат билан қабул қилинганман. Андижон пахтачилик институтида комсомол етакчиси эдим; у пайтларда ҳам аъло ўқиганлар учун худди ҳозирги Президент стипендияси сингари Ленин стипендияси берилар эди, ўша имтиёз соҳибаси бўлганман. Ўша пайтларда Пахтачилик институтига кирган қиз-йигит албатта жамоа хўжалигига (колхоз) раис, туманга ҳоким бўлишни орзу қилар эди. Бизни қариндош-уруғлар ичида давлат ташкилотларида ишлаган кўп эди. Холам жамоа хўжалиги раиси, аммам туман ХТБ раҳбари эди. Менда ҳам раҳбар бўлишга интилиш шундан бўлса керак. Онам олий таълимда укаларини ўқитаман деб ўзи ўқий олмаган, оддий муслима аёл эди. Менинг муваффақиятларимдан қувонар эди.

Мен ўқишни битириб, “Савай” совхоз-техникумида агрономиядан дарс бердим. Илмий изланишларим бор эди. Техникумда қаттиққўл устозлар қўлида шаклландим. Ўша пайтда Ўзбекистонда жуда кўплаб тижорат банклари очилган эди. Иқтисодиётга қизиқиш уйғонди. “Ғаллабанк” АТБга кассир бўлиб ишга кирдим. Иккинчи мутахассисликка Андижон иқтисодиёт институтида ўқиб шу соҳа эгаси бўлдим. Шундан сўнг банк филиали раҳбари лавозимида фаолият юритдим.

Мен доим бир ишга уринсам, шуни охиригача боришни ўйлаганман, қатъиятлилик менга отамдан юққан. Ўша пайтларда кредит уюшмаларига имкониятлар берилди, натижада “Буюк Турон” кредит уюшмасига раҳбар бўлдим. Бир нечта хўжалик субъектларини очиб, ўша ерда фаолият юритдим. Халқ депутатлари вилоят кенгашига “Савай” округидан икки марта сайланганман. Кўриб турганингиздек, халқ ичида, унинг муаммоларини сезиб яшаш менга бегона эмасди. Шунинг учун ҳокимликка мен тайёр эдим.

— Ҳоким учун энг қийин вазият нимада экан?

— Бу лавозимга тайинланганимга ярим йил бўлди, шу вақт ичида қайсидир ходимни ишдан олиш ёки ишдан бўшатиш сизнинг биргина хулосангизга боғлиқлиги жуда қийин ҳолат эканини тушундим. Ҳокимлик маъсулияти шундаки, биргина ўйлаймай қилган ҳаракатингиз орқали қайсидир ташкилот ишини тўхтатиши, ишчилар ишсиз қолиши мумкин. Ҳоким вазминлик билан иш кўриши, етти ўлчаб бир кесиши керак экан.

— Ёқтирган машғулотингиз қайси?

— Деҳқончиликка қизиқишим катта. Бундан ҳечам уялмайман, иложи бўлса гектарлаб пиёз, сабзи етиштирган бўлардим. Ўз томорқамда бодринг, помидор, гуллар ва бошқа экинлар етиштиришни яхши кўраман. Қўй, қорамол, товуқ боқиш, сигир соғиш ҳам мен учун мароқли.

Мен деҳқон оиласида туғилганман. Ҳозир менга бир гектар ер беришса, уни деҳқон аёллардан кўра тезроқ ва яхшироқ чопиб беришим мумкин.

Оналаримиздан мерос – райҳон ўстираман. Китоб ўқиш, айниқса Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари мутолаасига жуда ҳам қизиқаман. Охирги пайтларда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларини кўпроқ ўқияпман.

— Раҳбар аёлларни ўз қўл остидагиларни бепошна сўзлар билан ҳақорат қилганини эшитиб қоламиз. Сизнинг луғатингиздаги энг ёмон сўкиш қайси?

— Ҳар қандай вазиятда инсонийлик ва ўзбекона маданиятни унутмаслигимиз керак. Президентимиз таъкидлаганидек, жамиятда инсон қадри, шаъни биринчи ўринда туриши лозим. Мен одамлар билан гаплашганда доим ўзимни босиқ тутишга ҳаракат қиламан. Роса жаҳлим чиқса, энг қаттиқ ишлатадиган сўзим “аҳмоқ” бўлиши мумкин. Ўзимга яқин олган инсонга ака-укам, опа-синглимдек “сен”лаб гапираман. Агар кимдандир норози бўлсам, “сиз”лаб гапираман.

— Эркаклар ва аёллардаги қайси хусусиятларни қадрлайсиз ва қайси камчиликларини ёқтирмайсиз?

— Эркак оилада доим бош бўлиши керак. Эркаклар раҳбар бўлган оила фарзандлари, айниқса йигитлар келажакда қийналмайди. Қатъиатли ва бир сўзли бўлади. Аксинча, аёллар ўз сўзини ўтказган оила вакиллари ҳар бир ишни бошлашдан олдин “Сўраб кўрай-чи” қабилида иш тутади. Эркакларимиз эркаклигича, аёлларимиз ўзбекона ибо-ҳаёли бўлиши тарафдориман.

— Ҳаётингиздаги энг қайғули ва энг шодон кунларингиз?

— Инсон умри давомида ўзи учун яқин бўлган инсонларни йўқотиши энг қайғули кунлар бўлса керак. Отамнинг ёшлигимда оламдан ўтган, кейинчалик қайнотам вафот этди, бунинг ортидан автоҳалокат оқибатида турмуш ўртоғимни йўқотганман. Ундан ташқари, икки йил бўлди, уч фарзандим билан қолгангимда, дадам ва турмуш ўртоғимнинг йўқлигини билдирмай ёнимда турган яқин кишимни ҳам йўқотдим.

Энг қувончли кунларим, албатта, фарзандли бўлганим, қизларимни узатганим, набираларимнинг дунёга келгани.

— Ўзбек аёли қандай шароитда яшаши керак?

— Аёлларимизнинг оилада яхши шароитда яшашини хоҳлайман. Уларни хонадонида чиройли тандири, тартибли ўчоғи, қулай ҳожатхонаси бўлса қандай яхши. Қани эди барча аёлларимизнинг уйларида замон талабига мос чиройли санузели бўлса. Яшаш шароити яхши бўлса, аёлларимиз чет элга ҳам кетмайди.

— Ҳаётдаги шиорингиз?

— Ўзимга юкланган вазифаларни қатъият билан бажариш. Бугунги кундан, замондан орта қолмаслик. Асосийси, менга президентимиз 75 минг нафар аҳоли яшайдиган туманни ишониб топширган. Мана шу ишончни оқлаш ва азм-у шижоат билан меҳнат қилиш мени шиоримдир.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси –
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид