Ўзбекистон | 12:11 / 08.03.2022
15989
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда эртанги сабзавотлар пишиб етилди: уларни бозорбоп кўринишига келтирувчи қурилма

Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти Сурхондарё далаларида баҳорги сабзавотлар пишиб етилди. Жарқўрғон туманида етиштирилган сабзи, шолғом ва турп маҳаллий бозорга чиқарилмоқда. Ҳадемай баҳорги картошка ва пиёз ҳам эл дастурхонига тортиқ қилинади.

Далалардан йиғиб келинган сабзавотлар аввал мўъжаз қурилмада тупроқдан ювилади. Жарқўрғон туманида маҳаллий йигитлар деҳқонлар етиштирган сабзавотларни ювиб беришмоқда.

Улар 50 кг ёки бир қоп сабзини 5000 сўм эвазига ювиб беришади. Полиэтилен қопнинг донаси эса 2000 сўм туради. 5 киши меҳнат қиладиган станокда кунига 5-6 тонна — 100 қоп атрофида сабзавотлар ювилади.

Бу қурилманинг айланувчи барабани ёғочдан ясалган. Шу сабабли у сабзавотларга зиён етказмасдан, турп, сабзиларнинг бозоргир кўринишини бузмасдан юва олади.

Йигитларнинг айтишича, бу ерда ювилиб, қопланган сабзавотлар фермерлар томонидан нафақат Сурхондарёда, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига ҳам жўнатилади.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтажчи: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид