Чақмоқ чақаётганда яшин уришидан қандай ҳимояланиш керак?
Қашқадарёда уч кишини яшин уриб, улардан бири вафот этди. Бу – Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларида камдан кам кузатиладиган ҳодиса. Гидрометеорологлар буни иқлим ўзгариши билан боғламоқда. Хўш, чақмоқ чақиб, момақалдироқ бўлаётган вақтда қандай қилиб яшин уришидан сақланиш мумкин?
Иқлим ўзгариши табиат ҳодисаларининг содир бўлиш вақти ва жойига ҳам таъсир қилишни бошлади. 9 март куни Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида ноқулай об-ҳаво шароити сабаб 3 нафар фуқарони яшин урди, улардан бири вафот этди. Гидрометеорологлар фикрича, Деҳқонободда фуқароларни текислик ҳудудида яшин урган ва бу – ноодатий ҳол.
Сабаби, чақмоқ ва яшин ҳодисалари асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларида рўй бериб келган. Қолаверса, Ўзбекистонда чақмоқ ва момоқалдироқ ҳодисалари охирги йиллар ичида кўпайган. Kun.uz чақмоқ, яшин уриши ҳодисаси ва ундан қандай ҳимояланиш бўйича мутахассислардан тавсия олди.
Яшин уриши қандай содир бўлади?
Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос:
— Чақмоқ – атмосферада юз берадиган учқунли электр разряди. Булутлар билан булутлар орасида ёки булутлар билан ер орасида ҳосил бўлади. Булут ва ер орасида ҳосил бўладиган чақмоқлар "яшин ҳодисаси" дейилади. Чақмоқ ҳосил қилувчи момақалдироқ булутининг электр зарядлари юқори кучланишга эга бўлади.
Чақмоқ чақишидан сўнг унинг овози кейинроқ етиб келади. Бу овоз момақалдироқ ҳодисаси дейилади. Момақалдироқ овозининг қулоқларимизга етиб келиши орасидаги вақтга қараб, юқори кучланишли чақмоқ ҳодисаларининг Ердан баландлигини билиб олсак бўлади. Масалан, чақмоқ чақнашидан сўнг 6 секунд оралиқда момақалдироқ овози эшитилса, чақмоқ 2 км баландликда кузатилган бўлади.
Яшин ва чақмоқ ҳодисаларини фарқлай билишимиз керак. Одатда, чақмоқ ҳодисаларининг 20-25 фоизида яшин ҳодисалари кузатилади. Юқори кучланишга эга зарядланган чақмоқлар Ер сиртига яқин баландликда кузатилса, улар Ердаги баланд обектларга яшин кўринишида урилади. Куни кеча Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилояти бир нечта туманларида ғайритабиий мавсумга хос бўлмаган вертикал ривожланувчи булутлар қуйи чегараси Ер сиртига жуда яқин келганда яшин уриш ҳодисалари қайд этилди. Натижада, Деҳқонобод туманида истиқомад қилувчи аҳолини яшин урди. Яшин уришидан бир киши ҳалок бўлди.
Яшинни олдиндан аниқлашнинг имкони йўқ
Самандар Ҳикматуллаев, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи ўринбосари:
— Яшин энг баланд нуқтани уради. Шаҳарларда одамларни яшин уриш эҳтимоли деярли йўқ. Чунки бу ерда одамдан баланд объектлар бор. Шунингдек, яшин яйлов жойларида юрган қўй, молларни эмас, ундан баландроқ бўлган одамни уради.
Чақмоқ уриш ҳодисасини мукаммал ўрганиш жуда мушкул жараён, сабаби, чақмоқ қайси вақтда ва қаерда уришини аниқ айтиб беришнинг имкони йўқ. Чақмоқ уриши натижасида ҳосил бўлган заряднинг ток кучи 10-500 минг ампергача, кучланиши эса 10 миллиондан бир неча миллиард волтгача етиши мумкин. Шу сабабли чақмоқ уриши ҳодисасини ўрганувчи олимнинг ҳаёти ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Чақмоқ ва момоқалдироқ асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларга хос
Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос:
— Чақмоқ ва момақалдироқ хусусиятига эга бўлган булутлар Ўзбекистонда баҳор-ёз ойлари учун хос. Лекин охирги йилларда иқлим ўзгариши туфайли куз ва қиш ойларида ҳам чақмоқ ҳодисаларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Чақмоқ-момақалдироқлар ёз ойларида тоғ ва тоғ олди ҳудудларида тез тез кузатилади. Бу ҳодисалар жадал ёғинлар билан биргаликда кузатилиб, сел-сув тошқини ҳодисаларини келтириб чиқаради. Қашқадарёнинг текислик ҳудудларида яшин уриш ҳодисаси ғайритабиий бўлган. Чунки яшин ҳодисалари асосан, тоғ ва тоғолди ҳудудлар учун хос.
Охирги вақтда иқлим ўзгариши туфайли чақмоқ, момaқалдироқ частотаси такрорланиши давомийлиги ортган. Бу бизнинг статистик маълумотларда ҳам акс этмоқда. Яъни охирги пайтларда иқлим ўзгариши туфайли вертикал ривожланувчи тўп-тўп булутлардаги оқимлар билан кириб келадиган ёғинларнинг жадаллиги ортган. Ва шу сабабли чақмоқ ва момақалдироқлар ҳам кўпроқ кузатилмоқда.
Яшин урганларнинг қарийб 10 фоизи вафот этади
Мударисжон Соҳибназаров, Самарқанд вилояти ФВБ ходими, 1-даражали сержант:
— Бутунжаҳон Метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, Ер сайёрасининг атмосфера қатламида ҳар секундда 40-45 марта яшин уриш ҳодисаси кузатилади, яъни бу кўрсаткич йил давомида 1,4 миллиард мартага тўғри келади. Ҳар йили ер юзида яшин уришидан 6 мингдан 24 минггача одам ҳалок бўлади ва 240 мингдан ортиқ одам жабрланади. Яшин урган одамларнинг 9-10 фоизи тақдири ўлим билан якунланади. Айримлари ногирон бўлиб қолади.
Шунингдек, чақмоқлар ҳайвонот олами ва ўсимликлар ҳаётига хавф солиши, бинолар, уй-жой ва саноат объектларида ёнғинлар келтириб чиқариши, электр таъминоти, алоқа, авиация ва бир қанча тизимларга салбий таъсир кўрсатиши билан ҳам хавфли табиат ҳодисаси ҳисобланади.
Яшин уришидан ҳимояланиш
Самандар Ҳикматуллаев, ФВВ матбуот хизмати бошлиғи ўринбосари:
— Яшин уришидан ҳимояланиш учун чақмоқ ва момақалдироқ пайтида ташқарига чиқмаслик, тезроқ ёпиқ бино ичига кириш керак. Автомобилда ҳаракатланаётган киши тўхтаб, чақмоқ тугагунича машина ичида бўлиши тавсия этилади. Тоғда, дала-даштда якка турган дарахт тагида беркинмаслик, очиқ ва имкон қадар пастқамда бўлиш, металл буюмлардан узоқроқ туриш, қуруқ жойда бошни тиззалар орасига олиб, бош устини қўл билан беркитиб, ўтириш лозим.
Шунингдек, чақмоқлар ер юзига тушганда кўпроқ баланд дарахтларга (айниқса терак, чинор, тут ва мевали дарахтларга) уриши мумкин. Шу сабабли чақмоқ пайтида баланд дарахтлар остидан паноҳ изламаслик керак.
Ёпиқ бинолар ва автомобил салони чақмоқ уришидан яхши ҳимоя жойи бўлиши мумкин, бироқ бино ичидаги ерга уланган металл қисмлар ва автомобилнинг металл қисмларига тегиш мумкин эмас.
Яшин урган одамга биринчи ёрдам
Мударисжон Соҳибназаров, Самарқанд вилояти ФВБ ходими, 1-даражали сержант:
— Чақмоқ урган жойда бўлган одамда кучли ёруғлик нуридан кўз пардаларининг шикастланиши, кучли электр токидан тўқималар ва ички аъзолар, юқори энергия ҳароратидан тери ва тана аъзоларнинг куйиши, зарба тўлқинидан ташқи аъзолар ва суяклар шикастланиши, кучли товуш тўлқинидан эшитиш тизими, қулоқ пардалари жароҳатланиши мумкин.
Шу билан бирга, кучли чақмоқ урган одамнинг танасида куйган чуқурчалар ёки кўкимтир-қора доғлар пайдо бўлади. Электр токи инсон танасида сақланиб қолмайди, шу сабаб чақмоқ урган одамга дарҳол тиббий ёрдам кўрсатилса, яшаб қолишининг иложи бор. Бунда биринчи навбатда унинг нафас олиш жараёни тикланиши шарт, у нафас олмаётган бўлса, сунъий нафас бериш, ўпка реанимацияси ўтказилади. Юрак уриши текширилиб, урмаётган бўлса, давомли юрак массажи ҳам олиб бориш ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.
Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.
Мавзуга оид
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
11:52 / 15.12.2024
Қашқадарёда ОТМ ҳовлисида унаштирилган қизини пичоқлаган йигитга ҳукм ўқилди
16:27 / 11.12.2024
Қарши давлат техника университети ташкил этилади
16:33 / 04.12.2024