Ўзбекистон | 14:06 / 14.03.2022
8266
2 дақиқада ўқилади

Кўчки хавфи юзага келгани учун Жиззах вилоятидаги муҳим автомобил йўли вақтинчалик ёпилди

Жиззах шаҳрини М-39 халқаро автомобил йўли ва Ғаллаорол тумани билан боғловчи 4Р-38 Учтепа-Жиззах-Ғаллаорол автомобил йўлида кўчки хавфи юзага келган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 14 март куни соат 11:00 дан Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-38 Учтепа-Жиззах-Ғаллаорол автомобил йўли транспорт воситаларининг ҳаракати учун вақтинча ёпилган.

Бунга сабаб, мазкур автомобиль йўлининг 43-44-километрида кучли ёмғир ёғиши оқибатида кўчки хавфи юзага келган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

«Айни дақиқаларда вилоят ФВБ томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда геологик хавфни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Йўлнинг қайта очилиши бўйича Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати қўшимча маълумот тақдим этади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, 4Р-38 Учтепа-Жиззах-Ғаллаорол автомобил йўли Ўзбекистондаги муҳим автомобил йўлларидан бири ҳисобланади. 

М-39 халқаро автомобил йўлининг Ғаллаорол ва Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган довон қисмида юришга рухсат берилмайдиган транспорт воситалари асосан шу йўл орқали ҳаракатланади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 12 март кун кучли ёмғир ёғиши натижасида Қамчиқ довонидан ўтган автомобил йўли кўчки хавфи туфайли ёпилиб, ўша куни қайта очилганди.

Шунингдек, 2022 йил 13 март куни Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини ўзаро боғловчи Тахтиқорача довонидаги йўлнинг бир қисми ўпирилиши оқибатида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланганди.

Мавзуга оид