Ўзбекистон | 14:39 / 14.03.2022
10260
2 дақиқада ўқилади

Марказий банкнинг Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари бош бошқармаларига янги раҳбарлар тайинланди

Марказий банк ахборот хизматининг маълум қилишича, Отабек Азимов Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, Азамат Тўхтаев эса Марказий банкнинг Сурхондарё вилояти бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Отабек Азимов 1978 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган. Самарқанд кооператив институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Фаолиятини 1999 йил Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Нуробод филиалида етакчи мутахассис сифатида бошлаган. 2010 йилдан бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида турли лавозимларда фаолият юритиб келаётган эди.

Азамат Тўхтаев 1979 йилда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида туғилган. Термиз давлат университетида Банк иши йўналиши бўйича таҳсил олган. 2002 йилда Марказий банкнинг Сурхондарё вилояти бош бошқармасида етакчи иқтисодчи сифатида иш бошлаб, турли лавозимларда фаолият юритган. 2018 йилдан шу кунгача Марказий банкнинг Сурхондарё вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи доирасида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят банк-молия тизимидаги камомадлар, жиноятчиликка оид рақамлар ўсиб бораётгани кескин танқид қилиниб, Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаевни ишдан олиш бўйича топшириқ берилганди.

Мавзуга оид