Ўзбекистон | 19:23 / 16.03.2022
9681
2 дақиқада ўқилади

Нукусда ҳамширалар уйларни оқлаш ишларига жалб қилинди

Оилавий поликлиника ҳамширалари совуқ ва намгарчиликда аҳоли уйларини оқлашга мажбурланганини айтмоқда. Қорақалпоғистон ССВ Kun.uz саволига жавобан ҳамширалар девор оқлашга эмас, аҳолига “уйини оқлаш бўйича тавсиялар бериш”га чиқарилганини маълум қилди.

Kun.uz'га Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, шаҳардаги 6-сонли оилавий поликлиника ҳамширалари аҳоли уйларини оқлашга мажбур қилинган.

Ҳолат бугун, 16 март куни эрталаб юз бергани айтилмоқда. Kun.uz'га тақдим қилинган, Қутли-макан маҳалласида суратга олингани айтилган видеода ҳамширалар уйларни оқлаётгани акс этган.

Мурожаатчилар бундай топшириқни поликлиника бош шифокори берганини иддао қилди. Уларга кўра, об-ҳаво совуқ бўлиб, қор ёғгани туфайли ҳамширалар тушдан кейин уйларни оқлашга чиқишмаган.

Ҳамшираларнинг қўшимча қилишича, улар фаолият олиб бораётган 6-сонли оилавий поликлиникага Қутли-макан маҳалласидаги 5 та кўча бириктирилган. Ишлар эртага ҳам давом этиши, аммо энди ҳамширалар ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб, уй эгаларига ўзлари уйни оқлаб чиқиши ҳақида айтиши топширилган.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш учун Қорақалпоғистон ССВ матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби ҳамширалар девор оқлашга эмас, аҳолига уйини оқлаш бўйича тавсиялар бериш ишларига жалб қилинганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш 13 млн 500 минг сўмдан 27 млн сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид