Ўзбекистон | 07:36 / 16.03.2022
39245
3 дақиқада ўқилади

Россия томонидан шакар ва буғдойга қўйилган чекловлар Ўзбекистонга таъсир қилмайди - ҚХВ

Россия Федерациясининг буғдой ва шакар экспортига киритган вақтинчалик чекловлари Ўзбекистонда мазкур маҳсулотлар ҳажмига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида айтилган.

Фото: Shutterstock

Қайд этилишича, жорий йилда аҳолини буғдой ва ун маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида 1 млн 27 минг гектар ер майдонида буғдой экилди, жорий йилнинг июнь-июль ойларида 7 млн 679 минг тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўп.

Шунингдек, 2021 йил ҳосилида 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2 млн 533 минг тоннаси республика дон захиралари учун «Ўздонмаҳсулот» АЖ ҳудудий корхоналарида жамғарилган, 4 млн 123 минг тоннаси фермер ва аҳоли ихтиёрида қолган.

Ўтган йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан импорт қилинган ҳамда 26,8 минг тонна буғдой дони (Тожикистонга ва Қирғизистонга) ва 949,1 минг тонна ун (1 млн 265 минг тонна буғдой ҳисобида) Афғонистонга экспорт учун йўналтирилган.

2022 йилда аҳолини шакар маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида республикада 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

2021 йилда 595,5 минг тонна шакар «Ангрен шакар» МЧЖ ва «Хоразм шакар» МЧЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилгани айтилади.

Мазкур корхоналар томонидан 2021 йил ва 2022 йил январь-февраль ойларида товар хомашё биржасига аҳоли эҳтиёжини қоплаш мақсадида ҳар ойда 30 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда шакар савдога қўйилган.

Ўтган йил якунига қадар 23 минг тонна шакар ва 620 минг тонна шакар хомашёси Бразилиядан импорт қилинган ва 25 тонна шакар Афғонистонга экспортга йўналтирилган. 

“Россия Федерацияси томонидан киритилган вақтинчалик чекловлар мамлакатимизда мазкур маҳсулотлар ҳажмига таъсир кўрсатмайди”, дейилади баёнотда.

Билдирилишича, 2022 йил март-май ойларида таъминотчилардан яна қарийб 180 минг тонна хомашё етиб келади. Жорий йил июнь-октябрь ойларида 200 минг тонна шакар хомашёси олиб келиш режалаштирилган.

“Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, республикада аҳоли ва корхоналар талабини узлуксиз, етарли миқдорда ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ички бозорларда нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш тўлиқ таъминланган”, дея якунланади вазирлик маълумоти.

Бундан олдин Россия шакар ва дон экспортини вақтинча чеклаганди.

Ўзбекистон бозорларида эса гўшт, пиёз ва шакар нархи ошди.

Мавзуга оид