“Биз учун асосий масала валюта курси эмас, инфляция” — Мамаризо Нурмуродов
Марказий банк валюта курсини эмас, инфляцияни жиловлашни асосий мақсади деб билади. Йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди, чунки таклиф камайиши ва талаб ортиши бир вақтда рўй берди. Ўзбекистонда нақд доллар ва евро тақчиллиги кузатилаётгани йўқ. Булар ҳақида МБ раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
Марказий банк асосий ставкани 17 фоизга оширди. Бошқарув йиғилишидан кейин МБ раиси Мамаризо Нурмуродовнинг ОАВ юборган саволларга жавоблари эълон қилинди.
— Мамаризо Бердимуротович, ҳозирги геосиёсий вазият Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда? Қайси асосий таъсир каналларини ажратиб кўрсатган бўлардингиз?
— Умуман олганда, ўтган 2021 йил жаҳон иқтисодиёти ва миллий иқтисодиётимиз учун ҳам пандемиядан кейин тикланиш йили бўлди. Охирги 15-20 кунда молия бозорларида ва асосий савдо ҳамкорларимизда иқтисодий вазият кескин ўзгарди. Ҳозирги қисқа муддатли беқарорликлардан келиб чиқиб иқтисодиётимиз ҳақида якдил хулоса қилиш тўғри бўлмайди.
Мамлакатимизда 2022-2023 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий ва таркибий ислоҳотлар борасидаги чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бу, ўз навбатида, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётга ташқи шокларнинг салбий оқибатларини юмшатиш имконини беради. Албатта, ташқи шоклар жорий йилга белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга ўз таъсирини кўрсатади. Вазиятнинг тез ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, биз ўз ҳисоб-китобларимиз ва прогнозларимизни апрель ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги Марказий банк бошқарув йиғилиши учун қайта кўриб чиқамиз ва эълон қиламиз.
Мен валюта курси, савдо ва молиявий каналларни асосий таъсир каналлари сифатида ажратиб кўрсатган бўлардим. Асосий савдо ҳамкорларимиз миллий валюталарининг қадрсизланиши сўмга қисқа муддатли девальвацион босимни юзага келтирмоқда. Жумладан, пул ўтказмалари ҳажми АҚШ доллари эквивалентида камаймоқда, аҳоли ва тадбиркорларда девальвацион кутилмалар ошди. Бундай босим муқаррар, лекин ўрта муддатли истиқболда, инқирознинг энг юқори таъсирли босқичи ўтганидан сўнг, савдо ҳамкорларнинг валюта курслари ўзининг мувозанатли қийматларига етади ва шунга мос равишда сўмнинг алмашув курсига босим ўтказишни тўхтатади.
Савдо канали деганда Ўзбекистон импорт қиладиган нефть, металлар, дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи каби қатор хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларида нархи ошишини назарда тутяпман. Бундан ташқари, анъанавий юк ташиш йўналишлари мураккаблашмоқда, бу эса яна импорт қилинадиган товарлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
Молиявий канал – бу инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб этилиши режалаштирилган кредит линиялари кўринишидаги молиявий ресурслардир. Бўлиб ўтаётган воқеалар биз жойлашган ҳудудимизнинг (минтақамизнинг) инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун янги манбаларни излашга мажбур бўламиз ва бу албатта белгилаб олган таркибий ислоҳотларимизни тезроқ ва самарали амалга оширишни талаб этади. Эҳтимол, баъзи инвестиция лойиҳаларини кейинга қолдиришга тўғри келиши мумкин.
— Сўм курсини ушлаб туриш учун Марказий банк интервенция қиладими?
— Маълумки, Ўзбекистонда валюта либераллашувидан сўнг биз эркин сузувчи валюта курсига ўтдик. Бугунги кунда мамлакатимизда валюта курслари бозор тамойиллари, яъни талаб ва таклиф асосида шаклланади. Шуни таъкидлаш керакки, Марказий банк бошқариладиган валюта курсидан эркин сузувчи валюта курсига узоқ ва қийин ўтишни бошдан кечирди ва валюта курсини эмас, балки инфляцияни асосий мақсади деб билади. Бизда сўмнинг алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткич йўқ. Шу боис Марказий банк “нейтраллик” тамойили асосида валюта интервенциялари сиёсатини давом эттиради.
Айрим ҳолларда Марказий банк ташқи хатарларнинг салбий таъсирини минималлаштириш учун интервенциялар ҳажмини ошириши мумкин. Марказий банкнинг ушбу чоралари макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга ва шу орқали узоқ муддатли инклюзив иқтисодий ўсишга эришишга хизмат қилади.
— Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича вазиятга муносабат билдирсангиз? Марказий банкнинг жорий йил учун алмашув курси ўзгариши прогнози қандай? Сўнгги 2 ҳафтада миллий валюта алмашув курси 4 фоизга қадрсизланди.
— Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси қадрсизланиши март ойининг дастлабки ярмида тезлашди. Ушбу ҳолат бир томондан ташқи геосиёсий вазият таъсирида экспорт тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли қисқариши (асосан, Россия ва Қозоғистондан) таъсирида ички валюта бозорида таклифнинг қисқариши билан тушунтирилади.
Бошқа томондан, асосий савдо ҳамкорларда миллий валюта курсининг кескин қадрсизланиши ва девальвацион кутилмаларнинг ортиб, ички валюта бозоридаги талабнинг вақтинчалик ўсиши кузатилмоқда.
Биз миллий валюта алмашув курси бўйича прогнозларни амалга оширмаймиз ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси ички валюта бозорида ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланган талаб ва таклиф мувозанатига боғлиқ бўлади.
Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди. Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Бугунги бошқарув қарори билан асосий ставканинг оширилиши ҳам маълум маънода миллий валюта курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
— Доллар курси сезиларли даражада ўсяпти. Бу ўз-ўзидан инфляцияни ва девальвация хавфини кучайтиради. Буларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар амалга оширилиши режалаштирилган?
— Миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девальвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилмоқда, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди.
Сўм алмашув курсининг кескин тебранишларини юмшатиш ва ички валюта бозорининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг интервенциялари ҳажми сезиларли даражада оширилди.
Шунингдек, иқтисодиёт субъектларининг девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишини олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ва ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий банк Бошқарувининг бугунги қарори билан асосий ставка йиллик 17 фоизгача оширилди.
Бугунги бошқарув қарори билан пул-кредит сиёсати инструментларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Ушбу чоралар банк тизимидаги ликвидликни самарали тартибга солишга ва миллий валютадаги активлар жозибадорлигини оширишга хизмат қилиб, инфляцияга монетар ва девальвацион омиллар томонидан бўладиган босимларни камайтиради.
Шу билан бирга, Ҳукумат билан биргаликда ички бозорда асосий истеъмол товарлари таклифини кўпайтириб бориш, логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш ва юзага келиши мумкин бўлган узилишларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб борилмоқда.
Ушбу чоралар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини олдини олиш, юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган бўлиб, иқтисодиёт субъектларининг инфляцион, девальвацион ва умумий макроиқтисодий кутилмаларига таъсири орқали вазиятнинг барқарорлашишига хизмат қилади.
— Мамлакатда нақд доллар ёки евро тақчиллиги кузатилмоқдами? Нақд хорижий валюта етказиб берилиши бўйича хорижий банклар билан келишувга эришилганми? Норезидентлар учун мамлакатдан нақд хорижий валютани сотиб олиш ёки олиб чиқиб кетиш бўйича вақтинчалик чекловлар ўрнатилиши назарда тутилганми? Умуман, нақд хорижий валюта бўйича қандай чекловларни киритиш режалаштирилган?
— Бугунги кунда мамлакатда нақд доллар ёки евро тақчиллиги ҳолатлари кузатилмаяпти. Тижорат банклари ички бозорда нақд хорижий валюта етарлилигини таъминлаб келмоқдалар. Мавжуд нақд валюта захиралари ўртача 3-4 ойлик нақд айирбошлаш операцияларига бўлган талабни тўлиқ қондира олади.
2020 йилда пандемиянинг бошланғич даврида авиақатновлар бўйича аксарият давлатлар томонидан киритилган чекловлар сабабли тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютанинг мустақил олиб келиниши қийинлашган эди. Бундай вазиятда Марказий банк томонидан нақд хорижий валютани олиб келиш жараёни марказлашган ҳолда ташкил этилиб, тижорат банкларига тақдим этилган.
Келгусида тақчиллик вазиятлари юзага келадиган бўлса, албатта нақд валютани марказлашган тартибда олиб келиш бўйича зарурий чоралар кўрилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, жисмоний шахлар учун нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш 100 млн. сўм эквивалентидан ошмаган суммада амалга оширилиши мумкинлиги, юридик шахслар учун нақд хорижий валютани мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш таъқиқланган. Ушбу талаб норезидентлар учун ҳам амал қилади.
Бугунги кунда нақд хорижий валюта амалиётлари бўйича қўшимча талаблар ёки чекловлар киритилиши режалаштирилмаган.
— Умуман, валюта чекловларини жорий этиш зарур деб ўйлайсизми?
— Аксинча, ўрта муддатли истиқболда капитал оқимини либераллаштириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, молия бозорларини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича ишлар амалга оширилади.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, инфляцияни таргетлаш режимига ўтаётган Ўзбекистон учун тўғридан тўғри валюта чекловларининг жорий этилиши орқага қадам бўлади.
Мавзуга оид
08:10
Октябр ойида инфляция 1 фоиздан паст бўлди
21:39 / 01.11.2024
2025 йил бюджет параметрларида доллар курси ўртача йиллик 13250 сўмдан ҳисобланган
11:23 / 01.11.2024
«Биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиши» – МБ раиси энергетика ресурслари импортида Россияга қарамлик ҳақида
19:37 / 31.10.2024