Ўзбекистон | 11:52 / 18.03.2022
3907
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тез ёрдам кечикиб келиши бўйича 50 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган 

Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Kun.uz

“Инсон ҳаётини сақлаб қолишда тезкор, аниқ ва ўта малакали ҳаракатлар талаб қилинадиган соҳа, бу – албатта тез тиббий ёрдам тизимидир. Мисол учун, ўткир юрак инфаркти ёки инсультда дастлабки 1 соатда кўрсатилган малакали тиббий ёрдам ҳам инсон ҳаётини сақлаб қолишга, ҳам келгусидаги оғир асоратларни камайтиришга хизмат қилади.

Лекин, бу соҳада ҳам кўплаб муаммолар борлигини мингдан зиёд мурожаатлар кўрсатмоқда. Биргина мисол. Касби “Тез ёрдам” бўлими ҳайдовчиси Юсупов, Ғозғон бўлими фельдшери Набиев тез тиббий ёрдам машиналари эскириб, хизмат сифатига салбий таъсир қилаётганини, жойларда реанимация машиналари етишмаслигини билдирган. 

Умуман, 200 дан ортиқ тез тиббий ёрдам станцияларидаги 3 мингга яқин машиналарнинг 75 фоизи “Дамас” автомобиллари бўлиб, уларнинг 670 таси эскирган ёки таъмирталаб аҳволда. Ёки, бугунги кунда бир туман ёки вилоятдаги тез тиббий ёрдам хизмати, масофаси яқин бўлса ҳам, бошқа ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиши мумкин эмас.

Мисол учун, Бухоро тумани Соҳибкор маҳалласига хизмат кўрсатувчи тез ёрдам пункти 19 километр узоқликда жойлашган ва етиб бориш вақти камида 25 дақиқани ташкил этади. Ваҳоланки, 8 километрда жойлашган Вобкент тумани тез ёрдам пунктидан ушбу маҳаллага 10 дақиқада етиб борса бўлади.

Шунингдек, ҳудудларда тез ёрдам чақирувларини қабул қилиш ва тақсимлаш ҳалигача телефон орқали амалга оширилмоқда. Оқибатда, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича халқ қабулхоналарига 2021 йилнинг ўзида 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.

Шу боис, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилинади”, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид