Ўзбекистон | 12:06 / 18.03.2022
22542
2 дақиқада ўқилади

«Шифокорларга ҳам 1000 доллар маош берамиз, дегандим. Мана, шу кунлар ҳам келяпти» – Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари маоши оширилишини билдирди

Халқаро форумлар саройида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказаётган давлат раҳбари маошлар масаласига ҳам тўхталди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Энг аввало, соғлиқни сақлаш ходимларини моддий рағбатлантириш янада кучайтирилади. Бу масала юзасидан, сиз, ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Лекин аслида улар 500 мингдан зиёд барча тиббиёт ходимларининг таклиф ва истакларини ифода этади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Барчангизга маълум, бюджет ходимларининг маошини ҳар йили ошириб боряпмиз.

Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам, камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз.

Бунга қўшимча равишда, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида, жорий йил 1 июндан:

  • тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади;
  • юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.

Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан:

  • алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади;
  • янги иш бошлаган фидойи ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, мисол учун, ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобига, 8-9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади. Ҳамширалар эса, ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3-4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин.

Эсингизда бўлса, мен бир вақтлар шифокорларга ҳам 1000 доллар маош берамиз, дегандим. Мана, шу кунлар ҳам келяпти”, – дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид