Ўзбекистон | 16:54 / 31.03.2022
26750
2 дақиқада ўқилади

«Ортиқча хавотирга ҳожат йўқ» — Президент валюта бозорини барқарорлаштириш борасидаги чоралар ҳақида

Марказий банк пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттиради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан ўтказилаётган видеоселекторда давлат раҳбари валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди.

Жумладан, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди. 

«Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли», деди президент.

Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилди.

Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.

Халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилишмоқда.

Масалан, сўнгги бир ойда жаҳон бозорларида буғдой нархи 36 фоизга, шакар хомашёси 10 фоизга, ўсимлик ёғи нархи 2 баробарга ошган.

«Ойнинг бошида алоҳида комиссия тузиб, барча хавф-хатарларни ҳисоб-китоб қилганимиз ва энг долзарб йўналишларда ўз вақтида тезкор чораларни кўришни бошлаганимиз ўз натижасини бера бошлади», дейди президент.

Тошкент товар-хомашё биржасида чет эл корхоналари буғдой, ун, шакар, ўсимлик ёғи каби маҳсулотларни савдога қўйишни бошлади. Бунга, темирйўлда ташишга ички тарифлар қўлланмоқда.

Бу ишларнинг давоми сифатида бир ҳафта муддатда: 

  • хорижий йирик ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи савдо ташкилотларини Товар-хом ашё биржаси савдоларига кенг жалб қилиш;
  • темирйўл тарифлари ва таннархнинг ичига кириб, уларни янада пасайтириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид