Жамият | 22:12 / 06.04.2022
14620
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда собиқ севгилисига тегишли видеоларни интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган йигит ушланди

Тошкент вилояти Пискент туманида яшовчи йигит собиқ севгилисидан унга тегишли видеоларни интернетда тарқатмаслик учун 400 доллар талаб қилган

Иллюстратив фото

ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, 2022 йил йил 19 март куни Жиззах шаҳрида яшовчи 23 ёшли қиз И.Н. шаҳар ИИБ бошлиғининг номига ариза билан мурожаат қилган ва товламачилик қилаётган йигитга чора кўришни сўраган.

Унинг ўз аризасига кўра, Тошкент вилояти Пискент туманида яшовчи собиқ йигити, 23 ёшли А.Ж. қизнинг сир сақланиши лозим бўлган видеотасвирларини интернет орқали тарқатиб, яқин қариндошларига кўрсатишини рўкач қилиб, ушбу маълумотларни ошкор қилиш билан уни қўрқитган.

Сўнгра маълумотларни ошкор қилмаслик эвазига ундан 400 доллар миқдоридаги пулларни беришни талаб қилган.

Мазкур ариза юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида А.Ж. аризачидан видеотасвирларини интернетда ошкор қилмаслиги учун сўралган 400 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.Ж.га нисбатан Жиноят кодекснинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сурхондарёда фуқаронинг видеоларини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, 1000 доллар талаб қилган шахс ушланганди.

Мавзуга оид