Жамият | 17:52 / 06.04.2022
20890
5 дақиқада ўқилади

Ўзининг уйи бўлмай, қиз фарзанд асраб олган аёл ҳикояси

“Ҳар бир инсон ҳаётда қандайдир эзгулик қилиши, жасорат кўрсатиши керак. Мен балки бошқалар учун кичик, лекин ўзим учун улкан жасоратни қилганман”.

Фотоколлаж: Kun.uz

Бола асраб олувчиларнинг кўпчилиги ўзига тўқ инсонлар ёки фарзандсизлар бўлади. Лекин мен қизимни олиб келганимда икки ўғлим бор эди. Ўзимнинг уйим йўқ, рўзғорга ҳам қийналган кунларимда бемор чақалоқни қарамоғимга олдим. Ҳозир қизим суянчиғим менинг, ўзининг ҳам қизи бор, дея сўз бошлади “Ҳаётий ҳикоялар” рукнининг навбатдаги қаҳрамони.

Нега буни сўзлаб беряпман?

Ҳаётий ҳикояларни ўқирканман, менинг тақдиримдаги ўзига хос жиҳат бошқаларга ибрат бўлиши мумкин, деб ўйладим. Сизга нафақат қисматимни айтиб беряпман, балки шу пайтгача ўзим ва яқинларимдан бошқалар билмайдиган, ҳатто қизимнинг ўзи ҳам бехабар сирни ҳам очяпман.

Ҳар бир инсон ҳаётда қандайдир эзгулик қилиши, жасорат кўрсатиши керак. Мен балки бошқалар учун кичик, лекин ўзим учун улкан жасоратни қилганман. Балки инсон таниқли ёки пули кўп бўлганида бировнинг боласини боқиб олиши осондир. Лекин мен эндигина 31 ёшга кирган, ўзининг уй-жойи бўлмаган, ҳаётда мустаҳкам ўрнини топа олмаган пайтим эди.

Кутилмаган учрашув

Ҳаммасига битта туртки сабаб бўлган ва ҳалигача ўша турткини ҳаётимнинг бурилиш нуқтаси деб ҳисоблайман. Менда фарзанд асраб олиш нияти бўлмаган. Эндигина рўзғори бўлак бўлган, ижарада яшаётган келин эдим. Икки ўғлим бор эди.

Бир куни дугонам билан шунчаки тасодиф туфайли “Гўдаклар уйи”га бориб қолдик. Директор бизни айлантирди ва хоналардан биридаги қизалоқни кўрсатди. Онаси вафот этган, отаси парваришлай олишига кўзи етмай шу ерга топширган экан. Эндигина 4 ойлик бўлган, оғир касалликка чалинган қизалоқни кўриб, кўзим ёшларга тўлди.

Бу ердан чиққанимда қатъий қарорга келиб бўлгандим. Қаршиликлар, тушунмовчиликлар бўлди. Лекин йиғлаб туриб олдим. Хуллас 2,5 кило ҳам чиқмайдиган бир парча этни амаллаб уйимга олиб келдим ва парваришлай бошладим.

Оёққа қўйиш

Қизимни даволатиш, тенгдошларига етказиб олиш, энг муҳими – бу сирни сақлаб улғайтиришдаги қийинчиликларни ўзим билан Аллоҳ билади. Тилла тақинчоқларимни сотиб, болага егуликлар олгандим. Уйимдаги охирги мебелни пуллаб, қизимни даволатиш учун ишлатганман. Чунки у 2 ёшигача юрмаган, гапирмаган. Фақат бошини буриб қараш ва эмишни биларди. Яқинларим бу қарордан ҳайрон бўлишар, айримлари чидай олмай таъна ҳам қилишарди. “Бола асраб оларкансан, ҳеч бўлмаса соғломини олсанг бўлмасмиди?!” дея очиқ айтганлари ҳам бўлган.

Кўпчилик шу синовларни, моддий етишмовчиликларни ўйлаб бола асраб олишни тасаввур қила олмайди. Менда эса айнан тескариси бўлган, қизим улғайгани, соғайгани сари ўзимга бўлган ишонч ортган, рўзғоримга барака кирган, дадасининг ҳам, ўзимнинг ҳам ишларим юришиб кетган. Дарвоқе, эрим ҳамиша бу қароримни қўллаб-қувватлаган.

Йиғиниб ўз уйимизга эга бўлдик. Қизимни ҳам бошқа фарзандларимдан ортиқ кўриб катта қилавердим. Ҳозир ҳам вақти-вақти билан қизимга тикилиб қоламан, у ҳануз ўз тақдиридан бехабар “ҳа, ая” дейди ҳайрон бўлиб. Унинг қизалоғини қучганимда эса бу дунёга бежиз келмаганимга ишонаман.

Ўз бошимга тушган синов

Уч йил аввал шундай синовга дуч келдимки унинг юкидан ҳалигача азият чекаман. Оғир дардга чалиндим, гўёки бутун дунё мендан наридек бўлди. Энди ҳеч нарса изига тушмайдигандек ҳисларни бошдан кечирдим. Ўшанда қизгинам менинг асосий тиргагим бўлди. Бир лаҳза ёнимдан кетмади ва ҳақиқий суянчиғимга айланди. Вақти келса келинингга ҳам ва ҳатто онангга ҳам дардингни айта олмайсан. Ўша онларда Аллоҳ бу неъматни айнан шунинг учун менга ато этганига амин бўлдим.

Шукр, у дард ҳам ариди, соғайиб ҳам кетдим. Лекин қизим мен учун қанчалик куйингани кўз олдимдан кетмайди. Ҳозир ҳам қизимга қараб ўйлайман, ген деган тушунчалар ҳам тўғри эмас шекилли. Ўзини тутиши, рўзғор тутумлари, феъл-атвори ва жонсараклиги худди ўзим. Бу ҳам Аллоҳнинг чеварлиги бўлса керак...

Сирни қачон очаман?

Яқинда ўғилларимни ёнимга олдим ва уларга бу сирни айтдим. Шунчалик ҳайратда қолишдики... Оиламиздаги ўрни ҳам, меросдаги улуши ҳам тенглигича қолиши шартлигини тушунтирдим. Ўғилларимга аслида бу гапларнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Улар иккиси ҳам сингилларининг тақдиридан тўлқинланиб йиғлашди, “бу сирлигича қолсин”, дея илтимос қилишди.

Аммо барибир қизимга асраб олганимни айтишим керак. Ўзимдан эшитгани, бор воқеани борича билгани маъқул назаримда. Чунки бошқа биров менчалик тушунтира олмаслиги мумкин.

Аброр Зоҳидов ёзиб олди.

Мавзуга оид