Ўзбекистон | 09:53 / 08.04.2022
19751
6 дақиқада ўқилади

“Депутатларнинг деярли ҳаммаси қарши” — ИИВнинг цензуравий таклифи ҳақида мулоҳазалар

Расул Кушербаевга кўра, ЙПХ ходимларининг тасвирини интернетда тарқатишни тақиқлаш бўйича таклифга депутатларнинг деярли ҳаммаси қарши бўлган. Адвокат Руслан Содиқов бу орқали фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқи – ахборот тарқатиш эркинлиги чекланишини таъкидлади.

ЙПХ ходимларининг видеотасвирини интернетда тарқатишни тақиқлаш кўзда тутилган ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамаси 29 март куни якунланган эди. Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат жамоатчиликнинг танқидига учради.

Бу борада Kun.uz'га интервью берган адвокат Руслан Содиқов Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори лойиҳаси Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунларга зид эканини таъкидламоқда.

“ЙПХ ходимлари ва йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасида сир сақланадиган нарса йўқ”

Руслан Содиқов, адвокат:

— Конституциянинг 7-моддасида Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши, 29-моддада эса ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда белгиланишича, видео ҳам материал сифатида ахборот ҳисобланади. Конституция ва қонунларнинг устунлиги мамлакат ҳудудида сўзсиз тан олинади. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда қайд этилишича, юқори турувчи қонунга бошқа ҳеч қандай норматив ҳуқуқий ҳужжат зид бўлиши мумкин эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомда ЙПХ ходими билан фуқаронинг муносабати тенглик ва ошкоралик принципларига асосланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Жамоатчилик танқидига учраган ҳукумат қарори лойиҳаси ушбу принципларга зиддир. Бу нимада кўринади?

ЙПХ ходими фуқарони бодикамераси орқали тасвирга олишга ҳақли. Бу бир томонлама далил бўлиб қўлланиши мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар амалиётда афсуски, учради. Самарқандда солиқчи билан рўй берган воқеада бодикамерага ёзиб олинган маълумот қирқиб, монтаж қилиниб тарқатилгани асосида жиноят яширилган, сўнгра суд давомида бу фош бўлганди. Бу – биргина ҳолат.

Бундан ташқари бир нечта ҳолатларда бодикамерадаги тасвирлар бир томонлама қўлланилганини кўрдикки, шунга кўра ИИВ томонидан ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳаси икки томонлама далил йиғиш имкониятини чеклаб қўяди ва бу тенглик принципига зид ҳисобланади.

Қолаверса, қонунга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти ошкоралик принципига асосланиши белгиланган. Бу нимада билинади, хусусан, ЙПХ ходимлари билан йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасида сир сақланадиган нарса йўқ, шу сабабли хизмат фаолиятини бажараётган ходимларнинг видеосини тарқатишни тақиқлаш ошкоралик принципига зиддир.

Ахборотни тарқатиш эркинлиги фуқаронинг конституцион ҳуқуқи сифатида белгиланган экан, бу ҳуқуқ чекланиши мумкин эмас.

“Агар қабул қилинса, жамоатчилик фикри инобатга олинмаган бўлади”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев баҳсли лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилишидан аввал нима учундир депутатлар муҳокамаси учун ҳам тақдим этилгани, депутатларнинг “деярли ҳаммаси” унга қарши бўлганини маълум қилди.

Расул Кушербаев, депутат:

— Лойиҳа шаклида бу қарор тайёрланган вақтда йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар ҳам тайёрланган. Мана шу бир нечта ҳужжат, амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига сабаб бўладиган лойиҳалар дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам олиб келинган ва депутатлар муҳокамасига берилганди.

Одатда парламентда ҳукумат ёки президент даражасида қабул қилинадиган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси ўтказилмайди. Парламентда фақат қонун лойиҳалари муҳокама қилинади. Лекин бу сафар жамоатчиликдан, депутатлардан эътироз бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, ушбу ҳужжатларни дастлаб парламентда муҳокама қилиш ҳақида юқоридан топшириқ бўлган экан.

ИИВ масъуллари келиб, бизга бу ҳужжатларнинг лойиҳа вариантини кўрсатишганди ва депутатлар бу бўйича ўзларининг фикрларини билдиришганди. ЙПХ ходимларининг видеосини интернетда тарқатиш тақиқланиши ҳақидаги ҳукумат қарори лойиҳаси парламентдагиларнинг эътирозларига сабаб бўлган асосий ҳужжатлардан бири бўлди.

Деярли ҳамма депутат бунга қарши бўлган, бу мамлакатдаги очиқлик ва ошкоралик йўлидаги давлат раҳбари бошчилигида олиб борилаётган сиёсатга зид экани, қолаверса, ИИВнинг очиқлик бўйича олиб бораётган ишларига мутлақо тўғри келмаслиги айтилганди. ИИВдан келганлар ҳам депутатлардан бу борада аниқ сигнални олиб кетишган эди. Лекин мазкур ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ўзгартирилмасдан қўйилибди, бу эса кутилганидек кўплаб танқидларга сабаб бўлди.

Ўзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари нима учун муҳокамага қўйиляпти? Жамоатчиликнинг фикрини, таклифларини олиб, шулар асосида ҳужжатни такомилига етказиш учун. Агарки, ҳозир жамоатчилик фикрини эшитиб туриб ҳам, ЙПХ ходимларининг видеосини тарқатиш тақиқланадиган бўлса, яъни ҳукумат қарори қабул қилинадиган бўлса, бу жамоатчилик фикри инобатга олинмаганидан далолат беради. Бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали кутилган самарани бермади, деган хулоса келиб чиқишига олиб келади.

Бошқалар учун ҳам ёмон ўрнак

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, ЙПХ ходимларининг видеосини интернетда тарқатишни чеклаш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини чеклаш баробарида бошқа давлат хизматчиларининг ҳам ана шундай “имтиёз”га эга бўлишни талаб қилиб чиқишларига, бу эса жуда қийинчилик билан эришилган очиқлик ва ошкоралик муҳитининг йўққа чиқарилишига олиб келади.

Депутат Расул Кушербаев ҳар қандай тақиқловчи норма қонуности ҳужжатлар орқали эмас, балки қонунларда белгиланиши кераклиги, бу эса осон кечмаслиги, балки шунинг учун ҳам ЙПХ ходимларига алоҳида “имтиёз” берилиши кўзда тутилган ҳужжат ҳукумат қарори лойиҳаси кўринишида тайёрланганини тахмин қилмоқда.

Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид