Жамият | 11:35 / 09.04.2022
21467
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонга автобусда олиб келинган камон” — ўзбекистонлик камончи-спортчилар Паралимпия ўйинларида қатнашмоқчи

Камондан ўқ отиш – кўринганидан кўра анча кўп куч ва диққат талаб қиладиган спорт тури. У инсонни жисмоний чиниқтиришдан ташқари ақлий жиҳатдан ҳам ривожланишга ёрдам беради. Бу спортнинг “compound bow” тури Ўзбекистонда ҳали янги. Бугунги ҳикоямиз “compound bow” камондан ўқ отиш спорти билан шуғулланаётган имконияти чекланган спортчилар ҳақида.

Чилонзор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида имконияти чекланган бир гуруҳ спортчилар камондан ўқ отишнинг “compound bow” тури билан шуғулланмоқда. Камондан ўқ отишнинг бу тури Ўзбекистонда ҳозирча янги, ўзбек тилига таржима ҳам қилинмаган, лекин сўзма-сўз “аралаш ипли камондан ўқ отиш” дейиш мумкин.

Паралимпия қўмитасининг камондан ўқ отиш бўйича терма жамоа аъзоси, мураббий Убайдулла Имомқулов мазкур спорт тури, унинг Ўзбекистонга кириб келиши тарихи ва спортдаги режалари ҳақида гапириб берди.

Камондан ўқ отишнинг “compound bow” тури ҳақида

Камондан ўқ отиш спортининг айнан биз машғулот олиб бораётган “compound bow” тури Ўзбекистонга 2018 йилда кириб келди. Унгача камондан ўқ отишнинг классик тури мавжуд бўлиб, соғлом спортчилар орасида оммалашганди. “Compound bow” турини Ўзбекистонга олиб киришда ташаббус кўрсатдим. Ҳозирда уни имконияти чекланган спортчилар орасида оммалаштириш учун ҳаракат қиляпман. Соғлом спортчилар орасида ҳам кенг тарқалиши учун ҳаракат қилишни режалаштирганман.

Камондан ўқ отиш спорти инсоннинг нафақат жисмоний, балки ақлий ривожланишига ҳам ёрдам беради.

Камондан ўқ отишнинг классик ва “compound bow” турлари орасида фарқлар бор. Классик тур Олимпия ўйинларига киритилган, бироқ “compound bow” Олимпия ўйинлари рўйхатида йўқ, у Паралимпия ўйинлари спорт турлари рўйхатига киритилган.

Бундан ташқари, камоннинг ипида ҳам фарқлар бор.

“Бахтсиз тасодиф билан ўнг қўлимдан айрилганман”

2005 йилда бахтсиз тасодиф билан ўнг қўлимдан айрилганимдан сўнг маълум вақт ўтиб соғлом муҳитни шакллантиришим учун нима қилишим мумкин деб ўйлай бошладим. Кейин ампутантлар футбол жамоасига бориб машғулотларда қатнашдим, бироқ чап қўлимни ҳам синдириб олгач, шифокор суякларим мўрт экани, футбол менга тўғри келмаслигини тушунтирди.

Шундан сўнг 2009 йилдан 2014 йилгача югуриш спорти билан доимий шуғулланиб, мунтазам равишда Ўзбекистон чемпиони бўлиб келдим, халқаро мусобақаларда қатнашдим. Лекин турли жароҳатлар олиб бу спорт турини ҳам ташлашга мажбур бўлдим.

Шундан сўнг камондан ўқ отиш спортига қизиқиб қолиб, айнан “compound bow” турини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ҳаракат қилдим. Бу даврда турли ташкилотларга мурожаат қилдим, жаҳондаги машҳур спортчилар билан, камондан ўқ отиш техникаларини сотадиган дўконлар билан боғландим. Моддий қўллаб-қувватлайдиган бирор ташкилот топа олмагач, автобусда Украинага бориб, у ердан “compound bow” камонини сотиб олиб, Ўзбекистонга келдим.

Имконияти чекланганлар бемалол келиши мумкин

Дастлаб, бу спорт тури ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот олиб бордик. Бошида қийин бўлди: вилоятларга бориб, имконияти чекланган спортчиларни изладим. Ҳозир 9 киши билан доимий шуғулланяпмиз. Агар кимда хоҳиш бўлса, уни жамоага олишга тайёрмиз. Машғулотлар бепул.

Асосий мақсад

Ўтган йили “compound bow” камондан ўқ отиш спорти бўйича Ўзбекистон биринчи чемпионатини ҳам ўтказдик.

Асосий мақсадимиз - 2024 йилги Паралимпия ўйинларида қатнашиш. Унгача бўлган жараёнларда ҳам турли мусобақаларда қатнашишимиз зарур.

Паралимпия қўмитаси бу спорт турини ҳам ўз ҳисобига қўшди, эътибор қаратишни режалаштирган.

Тўғри, ҳозирча муаммоларимиз ҳам бор, бу, асосан, жиҳозлар билан боғлиқ. Сабаби, ҳар бир спортчининг ўз камони бўлиши керак, ҳозир спортчилар шуғулланаётган камонлар фақат машғулотларга ихтисослашган, профессионал эмас.

Паралимпия қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотлар Ўзбекистон учун ҳали янги бўлган ушбу спорт тури билан шуғулланаётган спортчиларга доимий эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид