Жаҳон | 22:33 / 11.04.2022
45813
9 дақиқада ўқилади

Урушнинг 47-куни: Луҳанскда отишмалар, Евроиттифоқ Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилмоқда

Луҳанск областида отишмалар кучайди, Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети муҳокама қилинмоқда, Беларусда темирйўл орқали ташилаётган ҳарбий техникаларни кўришган, Россия томони Словакия Украинага етказиб берган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари йўқ қилинганини айтди, словаклар буни рад этмоқда.

Фото: Getty Images

Штаблар маълумотлари
Россия мудофаа вазирлиги сўнгги бир кунда Украинада яна 78 та ҳарбий объектлар йўқ қилинганини маълум қилди.

Хусусан, Херсон областида украинларнинг Ми-24 русумли ҳарбий вертолёти уриб туширилган. Шунингдек, Великая Новоселовка аҳоли пунктида эса Украина қуролли кучларининг таъмирлаш базаси, жумладан «Бук-М1» зенит-ракета комплекси йўқ қилингани, Изюм шаҳри атрофида эса украинларнинг Су-25 русумли икки самолёти урилгани айтилган. Донбассда РФ армияси 9 танк, 5 та «Акация» русумли ўзиюрар гаубицаси, 5 та «Град» баравар ўт очиш тизими ва «60 нафардан ортиқ националистлар» йўқ қилингани қўшимча қилинган.

Шунингдек, ҳарбийлар 10 апрел куни «Калибр» ракеталари билан Днепропетровскнинг жанубидаги ҳудудда «Киевга Европадаги давлатлардан бири томонидан етказиб берилган С-300 дивизиони қурилмалари сақланаётган ангарга йўллангани, 4 та С-300 тизими ва шахсий таркибдан 25 нафарга яқин киши йўқ қилингани» ҳақида хабар беришган.

Украинага С-300 тизимлари етказиб берилиши ҳақида жума куни Словакия ҳукумати эълон қилганди.

Словакия бош вазири Эдуард Ҳегер 10 апрел куни твиттердаги саҳифасида шундай ёзган: «Словакия Украинада С-300 мудофаа тизимлари яксон этилганини қатъиян рад этади. Бу ёлғон. Украина томони расман тасдиқлайди».

Украина бош штаби ҳам россияликларнинг йўқотишлари тўғрисида маълумот берган.

Унга кўра, 24 февралдан буён Россия ҳарбийларининг йўқотишлари ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшиб ҳисобланганда 19,5 мингдан ошади. Россия армияси 725 танк ва 1923 та жанговар машиналарини, 347 та артиллерия тизимлари, 154 самолёт, 137 вертолёт ва етти кемасини йўқотган.

Уруш шароитида томонларнинг расмий маълумотларини мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.

Луҳанск областидаги зарбалар

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Луҳанск областидаги вазият ҳақида маълумот берди. Идора маълумотига кўра, сўнгги бир кунда Креминнага берилган зарбалар оқибатида уч киши яраланган - улар шифохонага ётқизилган.

Северодонецкда кўп квартирали турар жой шикастланган. Шунингдек, отишмалар вақтида хусусий тиббиёт маркази, бир неча кўп қаватли уйлар, хусусий турар жой бинолари ва мактаб бинолари ёниб кетган.

Золотое шаҳрига йўлланган зарбалар оқибатида спорт объекти томлари, Лисичанскда - хусусий уйлар томлари зарарланган.

Украинада ҳарбий ҳаракатлар мамлакат шарқи ва жанубига силжимоқда. Март ойи охирида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу «ҳарбий амалиётнинг иккинчи босқичи»да россиялик ҳарбийлар асосий эътиборни «Донбассни озод этиш»га қаратишини маълум қилганди.

Бу вақтда Украина шарқидаги айирмачилар Украина ҳукумати ҳарбийларига қарши кураш кучайтирилаётгани ҳақида айтган.

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» раҳбари Денис Пушилин тинч аҳоли «вазият асири»га айланаётгани учун амалиётни «фаоллаштириши» ҳақида гапирган.

Беларусда Россиянинг оғир қуролларининг ҳаракати кузатилди

Украина тараф бўлган «Белорусский хаюн» телеграм-канали хабар қилишича, якшанба куни Беларусда темирйўл орқали россияликларнинг ҳарбий техникаларини ташиш ҳаракатлари  қайд этилган.

Хабар қилинишича, Минскдаги темирйўл станцияларида, шунингдек Беларус жануби-шарқидаги ҳудудларда, жумладан, Калинковичи, Хойники ва Шимолий Гомелдаги станцияларда ҳарбий техникалар ортилган поездларни кўришган.

Мамлакат жануби-шарқидаги Речица темирйўл станциясида ҳам юк машиналари ва танклар ортилган поезд турганига гувоҳ бўлишган. Шунингдек, станцияда зенит-ракета комплекслари,  зирҳли машиналарни юклаш учун тайёрлашмоқда.

Беларус ғарбидаги Барановичи аэродромидан олтита қирувчи ва транспорт самолётлари учиб кетган, Минск яқинидаги Мачулишидан эса бир неча рус вертолётлари ҳавога кўтарилган.

Александр Лукашенко Украинадаги урушда Россия президенти Владимир Путинга иттифоқчилик қилмоқда, мамлакатда босқиндан олдин қўшма ҳарбий машғулотлар бўлиб ўтганди.

Мариуполдаги ўн минглаб қурбонлар

Зеленский Жанубий Корея парламентига мурожаат қилмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский Жанубий Кореяга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилди. У Жанубий Корея парламентида видеоалоқа орқали сўзга чиқиб, бир қанча қурол-яроғ сўраган.

«Бизга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак, самолётлар, танклар, бошқа зирҳли техникалар, артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар керак. Сизда эса бизга зарур нарсалар бор»,  деди у.

Аввалроқ Жанубий Корея мудофаа вазири Со Ук Украинага қурол етказиб бериш имкониятини рад этганди. Бунгача Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сеул Киевга гуманитар ёрдам етказишни режалаштираётганини маълум қилганди.

Шунингдек, Зеленский Россия қўшинлари қамалида қолаётган Мариуполда бир ойдан ошиқ вақт давомида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлганини айтди. 

У Россия янги ҳужум бошлаш учун яна ўн минглаб ҳарбийларини йиғаётганини айтиб ўтган. Катта эҳтимол билан россияликларнинг Донбассда кенг кўламли ҳужумга ўтишга тайёрланаётгани назарда тутилган.

Евроиттифоқнинг санкциялар рўйхатида - Россиянинг 21 авиакомпанияси

Европа комиссияси пресс-релизидан маълум бўлишича, рўйхатдан Россиянинг барча йирик авиакомпаниялари ўрин олган - «Аэрофлот», «Победа», S7, UTair.

Унга жуда кичик компаниялар ҳам, жумладан «Ёқутистон ҳаво йўллари» ва Узоқ Шарқдаги парвозларни амалга оширувчи «Аврора» ҳам кирган. Уларнинг барчасига Евроиттифоқ мамлакатларига учиш ва унинг ҳаво кенгликларидан фойдаланиш тақиқланади.

Пресс-релизда қайд этилишича, бу янги санкциялар эмас, балки Росавиациянинг Россияда самолётлардан парвозга яроқлилик тўғрисидаги сертификатларсиз фойдаланиш қарорига (санкциялар шароитида бундай сертификатларни олиш имконсиз) жавоб ҳисобланади.

Ўзаро санкциялар туфайли Россия ва Европа ўртасидаги авиақатновлар деярли тўлиқ тўхтаб қолган. Украинада эса хавфсизлик нуқтайи назаридан авиақатновлар бутунлай тўхтатилган.

Бундан ташқари, Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини муҳокама қилишни бошлади. Бу ҳақдаги маълумотни Европанинг бир неча мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари CNN телекомпаниясига тасдиқлаган.

Муҳокамалар ёпиқ режимда кечмоқда, аммо ҳеч ким муҳим масала - Россия энергетика секторига қарши санкциялар эканини яширмаяпти. АҚШ ва Буюк Британия бу ҳақда эълон қилиб бўлган, аммо бу мамлакатлар истеъмолида Россия нефти ва гази у қадар катта улушга эга эмас, Германияда эса газ истеъмолининг тахминан 50 фоизи Россиядан импортга боғлиқ ҳисобланади.

Германия Халқаро жиноят судига қўшимча 1 млн евро ажратди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок мамлакат Халқаро жиноят судини қўшимча 1 млн евро билан қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, Украинадаги уруш вақтида содир этилган ҳарбий жиноятларни текшириш учун қўшимча молиялаштиришга зарурат туғилган.

Ҳарбий жиноятлар эҳтимоли юзасидан 42 мамлакат Халқаро жиноят судига мурожаат қилиб улгурган. Украина ҳам ўзи мустақил равишда Халқаро жиноят суди учун далиллар тўплашга киришган.

«Турли жиноятлар бўлган ва гап нафақат геноцид ҳақида, балки зўрлаш, геноцид билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда тинч аҳолини ўлдириш, мулкларни ўғирлаш ҳолатлари ҳақида ҳам кетмоқда. Буларнинг барчаси ҳарбий жиноятлар бўлиб, Ҳаагадаги Халқаро жиноят судида кўрилиши керак», деган Украина адлия вазири Денис Малюська.

Уруш жиноятларини тергов қилиш Халқаро жиноят суди ваколатига киради, Украина эса бунга катта умид боғлаган. Бироқ суд фақат аниқ шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва уларнинг шахсий жиноий жавобгарлигини белгилаш мумкин бўлган ишларни текширади. Бундан ташқари, суд сиртдан ҳукм чиқармайди.

Айни вақтда Украинага француз жандармлари ҳам етиб келган, Франциянинг Украинадаги элчиси Этьен де Понсеннинг маълум қилишича, улар ҳарбий жиноятлар бўйича текширув ўтказади.

Украина бир неча бор Россияни рус ҳарбийлари Киев областини ишғол этиб турган даврда - Буча, Гостомел, Ирпин ва Бородянкада ҳарбий жиноятлар содир этилишида айблаган. Россиялик ҳарбийлар Бучадан олиб кетилгач, шаҳар ҳудудида жуда кўп тинч аҳоли вакилларининг жасадлари топилди, бир неча ўнлаб кишилар кўчаларда отиб ташланган.

Мавзуга оид