Жамият | 10:08 / 12.04.2022
76015
2 дақиқада ўқилади

Тирик чақалоқ ёриб кўрилган. Нукусдаги перинатал марказ шифокорлари тирик чақалоқни "морг"га бериб юборгани маълум бўлди

Чақалоқнинг кўкрак қафаси ёриб кўрилганда унда ҳаётий белгилар аниқланган. Шундай бўлса-да, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмасдан, перинатал марказ шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилган. Комиссион экспертиза хулосасида ўлимга патолого-анатомик тадқиқот мақсадида тирик чақалоқда ўтказилган анатомик кесма-жароҳат сабаб бўлгани кўрсатилган.

Иллюстратив фото

Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро 2021 йили 14 февралда қиз фарзанд кўради. Орадан бир кун ўтиб 15 феврал куни соат 09:15 да Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази шифокорлари томонидан ушбу чақалоқ ўлган, деб қайд этилиб, соат 10:15 да патология бюроси ходимларига бериб юборилади.

Патология бюроси ходимлари томонидан чақалоқнинг кўкрак қафасида анатомик кесма кесган вақтида чақалоқда ҳаётий белгилар аниқланади. Шундай бўлса-да, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмасдан, перинатал марказ шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилган.

Натижада, чақалоқ ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги оқибатида вафот этган. Ушбу ҳолат юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 6 апрел куни ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тайинланган комиссиявий суд-тиббиёт экспертизасининг 2021 йил 26 октябрдаги хулосасида чақалоқ ўлимига амалдаги стандартларга мувофиқ реанимацион ёрдам-ўпканинг сунъий вентиляцияси, сурфактант ва лозим даражада қаров ўтказилмагани ҳамда патолого-анатомик тадқиқот мақсадида тирик чақалоқда ўтказилган анатомик кесма-жароҳат сабаб бўлгани, стандартларга мувофиқ даво муолажалари ўтказилган тақдирда чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлгани кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази чақалоқларнинг реанимация бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Д., Қорақалпоғистон Республикаси перинатал маркази неонатолог шифокори бўлиб ишлаган С.Р. ва  Қорақалпоғистон Республикаси патология-анатомия бюроси патология-анатом шифокори К.Г.лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.

2021 йил 4 декабр куни дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судига юборилган.

Ҳозирги вақтда иш жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид