Жамият | 11:35 / 14.04.2022
21114
2 дақиқада ўқилади

Қотил бола талашиб жиноятга қўл урган: Сурхондарёда она ва қизининг ўлдириб кетилгани бўйича қўшимча маълумотлар берилди

Қотил фарзандларини бермаслик учун судга даъво аризаси киритмоқчи бўлган хотини ва унинг онасига оғир тан жароҳатлари етказади. Оқибатда улар вафот этади.

Иллюстратив фото

Бундан бир неча кун аввал Kun.uz’да Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида кекса ёшдаги аёл ва унинг қизини ўлдириб кетган шахс Россияда ушлангани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур жиноят тафсилотларини ошкор қилди. Унга кўра қотил уч нафар фарзандини талашиб турмуш ўртоғи ва қайнонасини ўлдирган.

Маълум бўлишича, Сариосиё тумани Тоқчиён маҳалласида рўйхатда турган ва Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшаган С.Н. Россияга ишлашга кетиб, турмуш ўртоғи З.М. унга хиёнат қилиб келганини билиб, 2022 йил январда Ўзбекистонга қайтади.

У келиши билан вояга етмаган 3 нафар фарзандини ўзи билан олиб қолиб, турмуш ўртоғи билан ажрашиш мақсадида, уни уйдан чиқариб юборади. Шундан сўнг эр-хотин ўртасида фарзандлар кимда қолиш-қолмаслиги устидан тортишув бошланади.

С.Н. хотини суд орқали фарзандларини ўзига олиш учун даъво аризасини ёзиб, тақдим қилиш чораларини кўраётганини билиб, ундан ўч олиш режасини тузади.

У хотинига ўғилларидан бирини кўрсатиш учун олиб боришини, у билан ярашмоқчи эканини айтиб, З.М. онаси Х.Х. билан бирга яшаётган Шўрчи тумани Яккабоғ маҳалласидаги хонадонга боради. Ўғлини қайнонаси Х.Х. ва хотини З.М. билан учраштиради.

Сўнг уйдан чиқиб қайнонаси ва хотини ухлашини кутади. Қулай вақт пайдо бўлганда хонадонга қайтиб кириб айвонда ухлаб ётган қайнонаси Х.Х. ва хотини З.М.нинг бўйин қисмига ўткир кесиб-санчувчи жисм билан тан жароҳати етказади. Оқибатда улар кўп қон йўқотиб воқеа жойида вафот этади.

Мавзуга оид