Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни минтақавий IТ марказига айлантириш вазифасини қўйди
Бунинг учун IT экспортини йил якунигача 100 млн долларга етказиш, яна 6 та ҳудудда IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 20 тадан компания фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги айтилди.
Шавкат Мирзиёев ҳузурида 14 апрель куни Ахборот технологиялари вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда соҳадаги бир қатор камчиликлар санаб ўтилди.
«Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни драйвер соҳага айлантириб, IT хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича катта-катта мақсадларни қўйдик.
Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор-бир тармоқ олдинга юрмайди», дейди давлат раҳбари.
Лекин соҳада ечимини кутаётган муаммолар ва ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги қайд этилган. Жумладан:
- ҳудудларнинг оптик толали интернет билан қамраб олиш даражаси паст — 72 фоиз;
- 118 та олис қишлоқларга алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган. Шунингдек, магистрал автомобиль йўлларнинг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган. Ҳудудларда интернет сифати ва тезлиги пастлигича қолмоқда;
- «Ўзбектелеком»нинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча паст.
Йиғилишда вазирлик ва ташкилотларга бир қатор вазифалар юклади.
«Ахборот технологиялари вазирлиги нафақат ўз таркибидаги корхоналар билан, балки барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштириш ва ахборот технологиялари билан бевосита шуғулланиши шарт», дейди президент.
Эндиликда вазирлик раҳбарияти ҳар ҳафта туманга, қишлоққа, маҳаллага, корхоналарга бориб, жойлардаги муаммоларни ўрганади ва ҳал этиб боради. Ҳар бир вазирлик, идора ва ҳокимларнинг IT’га масъул ўринбосари АКТ вазирига бўйсунади, уларнинг иши ҳар чоракда аниқ натижаларга қараб баҳоланади.
Давлат раҳбари Ўзбекистонни минтақавий IТ марказига айлантириш вазифасини қўйган. Бунинг учун:
- IТ экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;
- ички IТ хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;
- жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш;
- қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Мавзуга оид
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024
“Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади” – президент
08:25 / 12.07.2024