Арзон гўшт етиштириш омиллари: субсидиялар нимага хизмат қилмоқда?
Бозор харажатлари рўйхатида асосий ўринни эгаллайдиган гўшт маҳсулотларининг нархи ҳамма учун қизиқ. Бозорда гўшт нархини барқарор сақлаш мақсадида қилинаётган ишлар ҳақида соҳа вакиллари билан суҳбатлашдик.
“Ўзбекчорванасл” агентлиги бош директори ўринбосари Наргиза Аманбоева:
Гўшт нархи 110 минг сўмга, сут нархи 13 минг сўмгача кўтарилиш эҳтимоли бор эди
"Бугун бозорларда гўшт нархи барқарор сақланиб келинмоқда. Бунга асосий сабаб давлат раҳбари томонидан чиқарилаётган қарор ва фармонларнинг ижроси деб биламан.
Ушбу қарорлар ижроси бугунги кунда республика аҳолисини чорвачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархини барқарор сақлашга қаратилган. Мисол учун, охирги икки йилда чорвачилик йўналишида умумий қиймати 2 минг 900 та лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида янгитдан 2 минг 300 та чорвачилик хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада, жами 190 мингдан зиёд, доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилди.
Берилаётган субсидиялар чорвачиликнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олишга ва ривожлантиришга қаратилган. Айниқса наслли ҳайвонлар учун берилаётган субсидиялар фермер хўжаликлари учун ҳам, оддий аҳоли учун ҳам катта имконият бўлди.
2021 йилда ёғингарчилик меъёрга нисбатан кам бўлганлиги боис, чорва моллари учун ем-хашак маҳсулотлари нархи ошиб кетди. 1 дона беда пресс – 2,3 баравар (15 минг сўмдан 35 минг сўмга), 1 кг силос – 1,9 баравар (320 сўмдан 600 сўмга), 1 кг буғдой – 1,8 баравар (2,2 минг сўмдан 4 минг сўмга) ва 1 кг маккажўхори (3 минг сўмдан 4,2 минг сўмга) – 1,4 баравар қимматлашди.
Бунинг оқибатида гўшт нархи 100-110 минг сўм, сут нархи 10-13 минг сўм бўлиш эҳтимоли бор эди. Лекин қилинган саъй-ҳаракатлар бунинг олдини олди".
“Юлдуз” фермер хўжалиги директори ўринбосари Азмиддин Араббоев:
Бир ойда 45-48 минг сўмдан 5 минг тоннагача гўшт топширяпмиз
"Фермер хўжалигимиз фаолиятига 30 йил бўлаётган бўлса, ҳозиргидай имконият чорвадорлар учун шу пайтга қадар бўлмаган десам адашмайман. Фермернинг дардини эшитиш, унинг муаммоларини ўрганиб ёрдам берадиган жараён бошланди. Ҳозир етиштирган гўшт ва сут маҳсулотлари учун субсидиялар оляпмиз. Биз фермерларга бу катта ёрдам. Энди янги технологияларни жорий қилиш устида ишлаяпмиз. Кам харажат – кўп фойда усулида ишлашни бошладик. Бу ўз-ўзидан бу маҳсулотлар таннархининг пасайишига олиб келади.
Ҳозир ойига 150 миллион субсидия оляпмиз. Бунинг эвазига эса нархларни тушириб, ойига камида 5 тонна гўштни ўртача 50 минг сўмдан ҳам арзонроқ нархда сотишга топширяпмиз. Таннархини қисқартирганимиз эвазига 1 кг гўшт 45-48 минг сўмдан сотсак ҳам ўзини оқлаяпти. Ҳали бундан кейин ҳам гўшт ва сут маҳсулотлари нархини туширишга катта ва кенг имкониятларимиз бор".
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
21:40 / 02.10.2024
Қирғизистон Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилгани маълум бўлди
20:17 / 17.09.2024
Эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмаган — Қонунчилик палатаси
16:54 / 17.09.2024
Ўзбекистонда чорва ҳайвонлари идентификация қилинади
08:08 / 13.07.2024