Жамият | 15:14 / 15.04.2022
2835
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ходимлари лицензиясиз ҳайдовчидан пора олаётганда ушланди

Бошқарманинг икки нафар ходими ҳайдовчидан талаб қилинган пулни олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаро А. вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзидан пул талаб қилган Автомобил ва дарё транспорт агентлиги ходимларига чора кўришни сўраган.

А.нинг аризасига кўра, 2022 йил 12 апрель куни у Damas машинаси билан Самарқанд шаҳрида киракашлик қилиб юрган вақтида, Университет хиёбони кўчасида хизмат олиб бораётган Автомобил ва дарё транспорти агентлиги ходимлари тўхтатган.

Сўнг улар А.га лицензиясиз кира қилиб юрганини айтишган ва баённома расмийлаштирмаслик эвазига 500 минг сўм пул талаб қилишган. А. дан 200 минг сўм олишган ва яна 300 минг сўм талаб қилишган.

Мазкур аризага асосан, 2022 йил 13 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида, тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда  Автомобил ва дарё транспорти агентлиги ходимлари Э.О. ва А.С. ариза муаллифидан 300 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид