Жамият | 09:21 / 17.04.2022
19800
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти собиқ бош имом-хатиби вафот этди

Насриддинхон Атоев халқ орасида Эшонбобо номи билан ҳурмат қозонганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда кўп йиллар давомида исломий илм-маърифат таратиб келаётган эътиборли уламолардан Насриддинхон Мубинжон ўғли Атоев 15 апрель куни 64 ёшида вафот этди.

ЎзА маълумотига кўра, халқ орасида Эшонбобо номи билан машҳур бўлган Насриддинхон ҳожи домла Атоев 1958 йил 15 май куни Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. 1996 йили Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Насриддинхон Атоев 1992–2003 йилларда Навоий вилояти Нурота тумани «Чил устун» масжидида имом-хатиб, 2003–2010 йилларда вилоят бош имом-хатиби, 2010 йилдан буён вилоят фахрий имоми, шунингдек, Навоий вилояти «Чашма» табиий-меъморий мажмуасига меҳр қўйиб, 2018 йилдан Навоий вилояти дирекцияси директори вазифасида фаолият юритиб келаётганди.

«Насриддинхон эшонбобо ҳаёти давомида 60 нафардан ортиқ шогирдлар етиштирган бўлиб, уларни ҳақиқий ватанпарвар сифатида жамиятда ўз ўрнини топишларига алоҳида эътибор қаратиб келди.

Диний билим ва тафаккурининг кенглиги, она юртимизга, истиқлол ғояларига садоқати, жамоат ишлари, айниқса, маънавий-маърифий тарғибот соҳасидаги фидойилиги билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлган Насриддинхон эшонбобо сўнгги йилларда диний ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга, зиёратгоҳларимизни обод қилишга катта эътибор қаратиш билан бирга, ҳудуддаги аҳоли ўртасида диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда алоҳида фаоллик кўрсатди.

Дарҳақиқат, буюк алломаларимизнинг диний эътиқод борасидаги эзгу анъаналарига садоқат билан бутун ҳаётини муқаддас динимиз софлигини сақлаш ва ривожига бағишлаган Насриддинхон Атоев мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида обрў-эътибор қозонган эди.

Насриддин Атоевнинг тақводорлиги, гўзал хулқи, шогирдлари ва сафдошларига нисбатан самимий муомаласи, холис насиҳати барчанинг қалбида чуқур из қолдирди. Таниқли уламо, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин инсон қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ушбу мусибат дамларида марҳумнинг аҳли оиласи, яқинларига сабр тилаймиз ва чин дилдан ҳамдардлик билдирамиз. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!» дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси таъзиясида.