“Ўқи” дейишдан кўра, нега ўқиш кераклигини тушунтирган яхшироқ” — нанойўлдош йиғувчи 16 ёшли қиз
Ўзбекистон ҳам албатта қачондир ўз сунъий йўлдоши ва ракетасини учирадиган даражага кўтарилиши керак, дейди Гўзалхон Ҳайдарова. У яқинда Қозоғистонда ўтган UniSat халқаро таълим дастурида стратосферага нанойўлдош учиришда иштирок этди.
Наманган шаҳридаги Президент мактабининг 10-синфида ўқиётган Гўзалхон Ҳайдарова 3 йил олдин шаҳардаги 5-ДИМИда ўқирди. 5-синфгача рус мактабида таҳсил олган Гўзал аниқ фанларни аъло баҳоларга ўқиган. 2019 йилда Президент мактабига ўқишга қабул қилингач, физика ва информатика фанларини яна ҳам чуқурроқ ўргана бошлайди.
Аниқ фанлар йўналишида ўтказиладиган халқаро Vanda олимпиадасида олтин, American Math Olympiad (AMO) ва American Mathematics Competition (AMC) олимпиадаларида кумуш медалларни қўлга киритган.
“Аниқ фанлар ортидан, аэрокосмик тадқиқотларга қизиқишим бошланди. Айниқса аэрокосмик муҳандислик мен учун жуда қизиқарли олам. Кейин шу соҳани ўрганишни бошлашдим”, – дейди у.
Нано сунъий йўлдошни учиришда иштирок этгани ҳақида
Қаҳрамонимиз ЮНИСЕФ, Tech4Impact ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишга туширилган UniSet халқаро таълим дастурида иштирок этган.
Бу дастурда 4 ой давомида дастурлаш, муҳандислик, маълумотларни таҳлил қилиш, дизайнерлик, нанойўлдошни йиғиш, жамоада ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш кўникмалари ўргатилган. Якунда стратосферага нано сунъий йўлдошни учириш учун йўлланмани қўлга киритган. Ва Алматидаги Ал-Фаробий университетида бу тажрибани амалга оширишда иштирок этган.
“Нанойўлдошни самога олиб чиқиш учун, – дейди Гўзалхон, – ракета керак. Қозоғистонда нанойўлдош учирганимизда уни SpaceX ракетаси ёрдамида самога олиб чиқдик. Бунинг учун SpaceX’га 70 минг доллар тўланган. Биз ўзимиз 8 май куни Ўзбекистондан туриб стратосферага нанойўлдош учирмоқчимиз. Лекин бу тажриба мақсадида бўлади”.
У худди шу нанойўлдошни очиқ самога, стратосферадан юқорига ҳам учирса, Ерни кузатиб, иқлим, ҳавонинг ифлосланганлик даражаси каби турли маълумотларни олиш ва ҳатто буни бошқаларга сотиш ҳам мумкинлигини айтади. Бунинг учун нанойўлдош ракетага ўрнатилиб, очиқ самога олиб чиқилиши керак. Лекин Ўзбекистонда ҳали бундай имконият йўқ.
“Дунёни қурувчилардан бири бўлмоқчиман”
Гўзал аэрокосмик муҳандис бўлмоқчи. Унинг касб танлаш борасида ўз тасаввурлари бор. У инсон касб танлашда одамлар кейинчалик уни қандай ном билан эслаши, одамлар ёдида қандай ном билан қолишни исташи ҳақида ўзига савол бериши керак деб ҳисоблайди.
“Инсон бир неча йўналишларда ўзини синаб кўради. Шу нарсани қилишга мен ҳаётим давомида тайёрманми, кейинчалик бу ишдан ўзим зерикиб қолмайманми, эрталаб ишга борганда, нима учун боряпман эмас, ўзимни севимли ишимни қилиш учун боряпман, деб уйғона олманми деб ўйлаши керак”, – дейди у.
Гўзал ҳаётни муҳандислар қуради деб ҳисоблайди. У ҳам “дунёни қурувчилардан бири” бўлмоқчи.
Гўзал яқинда “TechGirl’22” дастурида ютиб чиққан. Дастур АҚШнинг Virginia Tech университетида қизларни муҳандислик бўйича 1 ойлик курсларда ўқитади. Бу унинг аэрокосмик муҳандислик йўналишидаги билимлари кенгайишига ёрдам беради.
“Ота қизи учун мукаммал модел бўлиб хизмат қилади”
Гўзалнинг энг катта мотиватори – отаси. У одам онасидан бутун куч-қувватни олса, ота фарзандлари учун ҳаётдаги мукаммал модел бўлиб хизмат қилади, деган фикрда.
“Мен аэрокосмик муҳандисликка қизиқишимни айтганимда ота-онам мени қўллаб-қувватлашган. Тўғри, аэрокосмик соҳада Ўзбекистонда тадқиқотлар деярли йўқ. Бу соҳа мен учун қийин бўлиши мумкин. Лекин Ўзбекистон ҳам қачондир йўлдош, ракета учириши керак. Биз қачонгача бошқаларнинг сунъий йўлдошидан фойдаланамиз. Ўзимизники ҳам бўлиши керак”, – дейди Гўзал.
“Кўпчилик тенгдошларим нимага ўқиётганини билмайди…”
Гўзалхон Президент мактабидаги шароитлар халқ таълими мактабларида ҳам бўлишини жуда хоҳлайди. У айтадики, аслида халқ таълими мактабларида ҳам иқтидорсиз ўқувчининг ўзи йўқ. Лекин 1та синфда шунчалар кўп ўқувчи ўтирадики, ўқитувчи 45 дақиқани уларга қандай тақсимлашни билмайди.
“Масалан Президент мактабида биз 12 киши бўлсак, оддий мактабларда 30-40 нафаргача ўқувчи ўқийди. Бундан ташқари, уларда амалий машғулотлар ҳам кам олиб борилади”, – дейди у.
Гўзалнинг фикрича, оддий мактабларда ўқувчи математика ўқиса, биология ўқимайди. Лекин уларга яхши шароит яратиб берилса, ҳамма фанни яхши ўзлаштириш мумкин. Президент мактабларида эса ҳамма фанларни ҳам қизиқиб, ҳам тушуниб ўқиш учун имконият бор.
“Халқ таълими мактабларида, – дейди у, – шунақа стереотип бор, аниқ фанларни ўқидингизми, ижтимоий фанлар сиз учун эмас деб тушунилади. Болага ўқи, ўқи дейишдан кўра, нима учун ўқиши кераклигини тушунтириш керак. Шунда у ҳамма фанларни яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Кўпчилик тенгдошларим ўзи нимага ўқиётганини ҳам билмайди. Шундай экан, эрталаб уйғониб мактабга бориш кимга ёқади?”
Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:06 / 11.10.2024
Рулдаги бола қамалар, Gentra’ни ижарага берган-чи? Ноқонуний машина ижараси ўсмирлар ўлимига сабаб бўлмоқда
12:10 / 10.10.2024
200 минг сўмлик ижара ва уч ўлим: Намангандаги мактаб ўқувчиси содир этган аянчли автоҳалокат тафсилотлари
17:55 / 28.09.2024
“Тўловлар бир хил бўлгач, шароит ҳам бир хил бўлиши керак эмасми?” – Наманганда ҳайдовчилар “МРО” аҳволидан норози
07:08 / 23.07.2024