Иқтисодиёт | 14:12 / 21.04.2022
22380
6 дақиқада ўқилади

Хатарлар юқорилигича сақланиб қолмоқда – Марказий банк асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилганига изоҳ берди

Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилишида асосий ставка – 17 фоиз миқдорда ўзгаришсиз қолдирилди. Регулятор нега бу қарорга келганини изоҳлади.

Фото: KUN.UZ

21 апрел куни Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилишида йиллик асосий ставка 17 фоиз миқдорда ўзгаришсиз қолдирилди. Бу Марказий банк бошқарувининг март ойида ставка 3 бандга оширилганидан кейинги илк йиғилиши бўлди. Регулятор фоиз ставкаси нега ўзгаришсиз қолдирилганини изоҳлади.

Айтилишича, кўрилаётган чоралар босимларни пасайтиришга март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб валюта ва пул бозоридаги тенденцияларнинг мувозанатлашувига хизмат қилаётганига қарамай, уларнинг самараси ҳали тўлиқ юзага чиқмаган ва бу жараён давом этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсати чораларининг иқтисодиётда тўлиқ акс этишини таъминлаш мақсадида жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинган.

Марказий банк ташқи иқтисодий вазиятнинг ўзгариб бориши, амалга оширилаётган макроиқтисодий ва таркибий ўзгаришлар натижадорлигини инобатга олиб келгуси йиғилишларда макроиқтисодий прогнозлар қайта кўриб чиқилишини маълум қилган.

Шунингдек, Марказий банк ставка ўзгаришсиз қолдирилишида қандай омиллар рол ўйнагани ҳақида маълумот берди.

Иқтисодий фаоллик

 Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича ЯИМнинг реал ҳисобда ўсиши 5,8 фоизни ташкил этди.

Йил бошидаги базавий прогнозлар бўйича жорий йил иккинчи чораги сўнгида ЯИМ манфий тафовутининг ёпилиши ва иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг салоҳиятли даражасига етиши кутилаётган эди. Ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар таъсирида ушбу манфий тафовутнинг йил охиригача сақланиб қолиши тахмин қилинмоқда.

Жорий йилда фискал тақчилликнинг йил бошида белгиланган параметрлардан юқорироқ бўлиши ҳамда ижтимоий харажатлар ўсишининг кутилаётганлиги аҳолининг харид қобилияти ва даромадларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Биринчи чорак якунлари бўйича ўтказилган сўровларга кўра, юзага келган ташқи ва ички иқтисодий жараёнлар ҳамда валюта бозоридаги тенденциялар аҳоли истеъмол кайфиятида ҳам маълум даражада акс этиб, жамғаришга бўлган мойиллик ва харажатларга нисбатан эҳтиёткорона ёндашувнинг сақланиб қолишига олиб келди.

Ички нархлар динамикаси ва инфляцион кутилмалар

Жорий йилнинг март ойида инфляция даражаси 1,5 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 10,5 фоизгача ошди ва икки хонали сон даражасига қайтди. Базавий инфляция кўрсаткичи йиллик 9,1 фоизда шаклланиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси 6,9 фоиз бандгача ошди.

Нархларнинг ўсувчи динамикаси, асосан, импорт инфляцияси, ташқи бозорларда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши бўйича кутилмалар ва анъанавий мавсумий омиллар билан изоҳланади.

Апрель ойида нархларнинг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётган бўлиб, Марказий банкнинг ҳафталик кузатувлари натижаларига кўра, апрелнинг дастлабки 20 кунида айрим асосий истеъмол товарлари бўйича нархларнинг пасайиши ва мувозанатлашиши кузатилди.

Иккинчи чоракда нархлар динамикасида мавсумий омиллар ҳисобига мева ва сабзавотлар гуруҳининг ҳиссаси пасайтирувчи бўлиши, ташқи омиллар ва таркибий ўзгаришлар таъсирида ноозиқ-овқат товарлари гуруҳининг оширувчи ҳиссасининг кучайиб бориши кутилмоқда.

2022 йил март ойи сўровлари натижаларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари 15 фоизни, тадбиркорларники – 15,4 фоизни ташкил этди. Валюта алмашув курсининг нисбатан мувозанатлашуви ва таркибий ислоҳотлар таъсирида келгусида кутилмаларнинг пасайиб бориши тахмин қилинмоқда.

Йил сўнгигача инфляция динамикасига таклиф омилларининг (ишлаб чиқариш, транспорт-логистика, хориждан етказиб бериш, ёқилғи-энергетика нархлари ошиши) таъсири талаб омилларига нисбатан юқорироқ бўлиши кутилмоқда.

Саноат ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра жорий йилнинг март ойида ҳам хомашё (иш, хизматлар) етказиб бериш муддатларининг узайиши кузатилмоқда (март ойида етказиб бериш муддатлари индекси февраль ойидаги 51,4 дан 47,5 гача ёмонлашган).

Пул-кредит шароитлари

 Жорий йил 18 мартдан бошлаб асосий ставканинг 17 фоизгача оширилиши қисқа муддатли ресурслар бозори фоиз ставкаларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Март ойининг иккинчи ярмида Uzonia индекси ўртача 17,2 фоиз даражасида шаклланган бўлса, апрель ойининг дастлабки ярмида ўртача 18 фоизга тенг бўлди.

Чорак давомида банклараро пул бозорида фаолликнинг ортиши кузатилиб, ўтган йилнинг IV чораги билан солиштирганда 1,3 баробарга кўп, жами 27,7 трлн сўмлик операциялар амалга оширилди. Март ойининг ўзида пул бозорида жами 12,5 трлн сўмлик депозит операциялари амалга оширилди ва бу ликвид маблағларга бўлган талабнинг вақтинчалик ошганлиги билан изоҳланади.

Тижорат банклари томонидан аҳолига таклиф этилаётган муддатли депозитларнинг ставкалари ҳам жорий пул-кредит шароитларидан келиб чиқиб ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойи якунлари бўйича 20,9 фоизгача ошди (январь ойида 20,2 фоиз). Бу ўз навбатида, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўсиш суръатларининг қайта тикланишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, апрель ойининг биринчи ярмида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми 5 фоизга ўсди (март ойининг мос даврида 1,3 фоизга пасайган).

Умуман олганда сўмдаги активлар баҳосининг нисбий устунлиги мавжудлиги шароитида 20 апрель ҳолатига аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми йил бошидан 14 фоизга ошди.

Мавзуга оид