Жаҳон | 10:42 / 24.04.2022
44583
10 дақиқада ўқилади

Террорчими ёки қасоскор: Ота ва ўғил Ан-24 йўловчи самолётини нега Туркияга олиб қочганди?

1970 йилда СССРдан Туркияга йўловчи самолёт олиб қочилади. Ота ва унинг 15 ёшли ўғли пистолет ҳамда граната билан қуролланган ҳолда ичида 46 нафар йўловчи бўлган Ан-24 ни Гуржистондан Туркияга олиб қочишади. Ўшангача СССРда ҳеч ким йўловчи самолётини олиб қочишга журъат қила олмаган – бу илк ҳодиса эди.

Фото: Kun.uz

Тарих саҳнасида 69 йил яшаган СССР жуда ёпиқ давлат бўлган. Бу давлатдан хорижга кўчиб кетиш ёки хориждан кўчиб келиш қийин эди. Одамлар маъмурий-буйруқбозликка асосланган, эркинлик бўлмаган тузумдан тинч йўл билан чиқиб кета олмаган. Шу сабабли айримлар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, турли йўллар билан совет иттифоқидан қочишга уринган.

Айниқса, СССР томонидан 1940 йилда эгалланиб, 2-жаҳон урушидан кейин совет тузуми ўрнатилган Болтиқбўйи республикаларининг аҳолиси Москва қўл остида яшашни кўп ҳам хушламасди. Шу сабабли уларнинг аксарияти имконияти бўлиши биланоқ мамлакатни бутунлай тарк этарди.

Айримлари эса жиноят содир этиб бўлса ҳам қочишга уринган. Литвалик Пранас Бразинкас ҳам ўшалардан бири эди. У 1970 йилда СССРдан чиқиб кетиш учун аввал бу давлатда кузатилмаган ишни қилади. Қурол ёрдамида Ан-24 самолётини йўловчилари билан бирга Туркияга олиб қочади.

Пранас Бразинкас

Пранас Бразинкас 1924 йилда Литвада туғилган. 1940 йил у16 ёшга тўлганда, совет иттифоқи Эстония, Латвия ва Литвани босиб олади. Шундан сўнг уруш бошлангунча коммунистлар бу ерда совет ҳукумати ўрнатишга киришади. Колхоз ва совхозлар тузиб бойлар ва ўртаҳолларни талашади. Одамларни сургун қилишади. Йирик тадбиркорларнинг корхоналари тортиб олинади. Ўша пайтда кўплаб ҳамюртлари каби Пранас совет иттифоқини ёмон кўриб қолади.

1941 йил 22 июнда немислар СССРга бостириб киргач ҳамма уруш билан овора бўлади ва Болтиқбўйи давлатларида ўтказилаётган социалистик ислоҳотлар тўхтайди. Уруш тугагандан сўнг советлар энди одамларни «фашистлар билан ҳамкорлик қилишда айблай бошлашади. Шу жумладан Пранасни ҳам.

Уни Болтиқбўйи республикаларини советлардан озод қилиш учун партизанлик уруши олиб борган литваликларнинг «Ўрмон биродарлари» ҳаракатига қўшилганликда айблашади. Аммо етарлича исбот топилмайди.

Совет тузуми Пранасни барибир қамайди. 1955 йилда у хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айланиб бир йилга қамалади. Орадан ўн йил ўтиб 1965 йилда магазин мудири бўлиб ишлаб юрганида уни камомадга йўл қўйганликда айблаб яна 5 йилга қамашади.

Қамоқдан чиққан Пранас тинчроқ яшаш учун 14 ёшли ўғли билан бирга Қўқон шаҳрига кўчиб келади ва шу ерда яшай бошлайди. Орадан бироз ўтиб у иккинчи марта уйланади. Сўнг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари эътиборига тушмаслик учун хотинининг фамилиясини олади. Аммо КГБ уни назардан қочирмаганди.

1970 йилда Қўқонда КГБ уни суҳбатга чақиради ва таржимайи ҳоли билан қизиқа бошлайди. Шундан сўнг у нима қилиб бўлса ҳам СССРдан қочишга қарор қилади ва Грузияга кетади.

Ўша пайтларда СССРнинг Европа қисмидан кўра Кавказдан Туркия ёки Эронга қочиб, шу йўл билан дунёнинг бошқа давлатларига чиқиб кетиш мумкин эди. Пранас ҳам Кавказ орқали Туркияга қочишни режалаштиради. Аммо у Грузияга етиб боргач бу иш осон бўлмаслиги маълум бўлади. Шундан сўнг Пранас қочиш учун анча хавфли йўлни танлайди – у самолётни олиб қочишга қарор қилади. Бу учун Батумидаги жиноятчилардан пистолет ва бир дона граната сотиб олади.

Самолётни олиб қочиш

1970 йил 15 октябр куни Пранас ва унинг 15 ёшли ўғли Алгирдас Батуми аэропортида Сухуми шаҳрига учадиган АН-24 самолётига чиқишади. Пранас шу самолётни эгаллаб унинг ёрдамида Туркияга қочишни режалаштирганди.

Ота ва бола самолётга чиққан пайтда уларнинг ёнида пистолет, граната ҳамда ханжар бор эди. Самолёт бортида 46 нафар йўловчи бўлиб, ўша пайтда улар ўзларини нима кутаётганини билишмасди.

Самолёт осмонга кўтарилган заҳоти Пранас стюардессани чақириб ундан экипаж командири номига ёзилган хатни беради. Хатда учувчилардан самолётни Туркияга қараб йўналтириш талаб қилинган, акс ҳолда самолётни портлатиш билан пўписа қилинганди.

Стюардесса йўлда Пранаснинг хатини ўқийди ва учувчилар кабинасига етганда бирдан «Жиноятчилар самолётни эгаллаб олишди» деб бақира бошлайди. Шу пайт Пранас унга ўқ узади ва 19 ёшли қиз ҳалок бўлади.

Шундан сўнг бир нечта ўқ узган Пранас икки нафар учувчи ва йўловчилардан бирини ярадор қилади. Сўнг учинчи учувчига йўналишни жанубга олиш ва булутлар орасидан учишни буюради.

Орадан ярим соат ўтиб самолёт Туркия чегарасини кесиб ўтади ва Трабзон шаҳри аэропортига қўнади. Пранас ва унинг ўғли самолётдан тушган заҳоти турклар томонидан ҳибсга олинади.

Ўша пайтларда Туркия ва совет иттифоқи ўртасидаги алоқалар унча яхши эмасди. Икки давлат ўртасида ҳудуд можароси туфайли аввалроқ Туркия НАТОга аъзо бўлганди. Қолаверса, ҳар йили Кавказ тоғларидаги айланма йўллар орқали анча одам Туркияга қочиб ўтар, турклар уларни қайтаришга уринмасди. Аксинча, қочиб ўтганларга ёрдам берарди.

Турклар самолёт СССРдан олиб қочилганини билишарди. Улар йўловчиларга ҳам агар хоҳлашса Туркияда қолишлари мумкинлигини маълум қилишади, аммо ҳеч ким кўнмайди.

Шундан сўнг совет ҳукумати Туркиядан ҳибсга олинган ота-бола ва Ан-24 самолётини йўловчилари билан дарҳол СССРга қайтаришни талаб қилади. Орадан бир кун ўтиб Туркия стюардессанинг мурдаси, ярадор учувчилар ва йўловчиларни бошқа бир самолётда СССРга қайтаради. Ан-24 самолётини кейинроқ қайтаришади. Пранас ва унинг ўғлини эса советларга беришмайди.

Пранас дастлабки сўроқдаёқ СССРни одатий тарзда тарк эта олмай, самолёт олиб қочишга мажбур бўлгани ҳақида гапиради. У стюардессани ўлдиргани учун жазоланиши керак эди. Анча давом этган тергов ва суддан сўнг Пранас 10 йил, ўғли 2 йил қамоқ жазосини олади.

Қамоқдан кейинги ҳаёт

Икки йил қамоқда ўтирган Пранас ва унинг ўғли амнистия билан озодликка чиқарилади. Улар жазонинг қолган қисмини уй қамоғида ўтказиши белгиланади. Бу орада Пранас АҚШнинг Анқарадаги элчихонасига ўзи билан ўғлига қочқинлик мақоми берилишини сўраб ариза ёзади ва рад жавобини олади.

1976 йилда қамоқ муддати узил-кесил тугаб, батамом озод бўлган Пранас ва ўғли Венесуэлага учиб кетади. Орадан икки ой ўтиб улар Канадага жўнайди. Самолёт ёнилғи қуйиш учун Нью-Йорк аэропортига қўнгач Пранас ва ўғли ундан тушиб қолади. АҚШ миграция хизмати дарҳол уларни ҳибсга олади.

Шундан сўнг ҳодисага литваликларнинг АҚШдаги диаспораси аралашиб Пранасга АҚШда яшаш учун рухсатнома олиб беради. У Калифорния штатидаги Санта-Моника шаҳрига кўчиб ўтади ва ўша ерда устачилик билан шуғулланади.

1978 йилда ўтказилган матбуот анжуманларидан бирида совет мухбири давлат департаменти мулозимига АҚШ бир кишининг қотили бўлган террорчига мамлакатда яшаш учун рухсат бергани ҳақида сўрайди. Мулозим ота-ўғил қилган жинояти учун Туркияда жазо олганини, Бразинскаслар иши АҚШнинг терроризмга қарши кураш масаласидаги сиёсатига тааллуқли эмаслигини айтади.

1982 йилда АҚШ давлат департаменти Пранасга сиёсий қочоқ мақомини бермаслигини маълум қилади ва уни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилади. Шунда у келиб чиқиши литвалик бўлган давлат департаменти ходимасига уйланади ва шу никоҳни асос қилиб АҚШда қолади.

Кейинчалик Пранас СССРдан қочиши тафсилотлари ёзилган китобни чоп эттиради. У китобида СССРдан самолёт олиб қочишини «Литванинг совет оккупациясидан озод бўлиши учун курашиш мақсадида» қилганини таъкидлайди.

Пранас кексайганда ўғли билан келиша олмай қолади ва у билан тез-тез жанжаллашади. Охир-оқибат 2002 йилда ўғли 78 ёшли Пранасни ўқотар қуролдан отиб ўлдиради. Суд Пранаснинг ўғлига 16 йил қамоқ жазосини беради.

Ҳодиса юзасидан шубҳалар

Пранас ва унинг ўғли томонидан йўловчи самолёт олиб қочилиши фавқулодда ҳодиса эди. Унгача СССРда йўловчи самолётини олиб қочиш умуман содир бўлмаганди.

Ўша пайтда расмий ахборотда Пранас томонидан бир киши ўлдирилгани айтилса-да аслида ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони бундан анча кўп бўлгани ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалади. Кейинчалик ҳодиса гувоҳлари Пранас жами 18 та ўқ отганини, яна бир гувоҳ эса у пистолетдан эмас, автоматдан ўқ узганини айтган. Ўшанда самолёт бортидан 16 та ўқнинг патрони топилган.

Шу ўринда савол туғилади, агар Пранас стюардессани ўлдириб, икки учувчини ярадор қилиб, учинчисини Туркияга учишга кўндирган бўлса, унга 18 та ўқ узиш нега керак бўлган? У ўқларни нега отган? Бу саволларга кейинчалик ҳам жавоб топилмайди.

Пранас Туркияда бўлиб ўтган судда самолёт бортида икки нафар қуролланган қўриқчи ҳам бўлганини, у учувчилар кабинаси томон ўқ узганда улар ҳам жавоб қайтарганини айтган. Аммо унинг бу гаплари ёлғон эди – ўша пайтда СССРда йўловчи самолётларда қуролли қўриқчилар юрмаган. Фақат Пранаснинг ишидан сўнг 1971 йилдан бошлаб йўловчи самолётларига қуролли қўриқчилар қўйилиши жорий қилинади.

СССР аввалига Туркиядан, кейин АҚШдан Пранас ва унинг ўғлини қайтариб ололмагач уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Сўнг сиртдан суд қилиниб унга ўлим жазоси беришади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид