Жамият | 17:07 / 27.04.2022
35431
6 дақиқада ўқилади

Нега ўзбекистонликлар дориларга бунчалик ўрганиб қолди? – Мутахассислар сифатсиз дорилар, “Guangzhou” клиникаси ва тиббиётдаги қолоқлик ҳақида

Сўнгги вақтларда телеканалларда намойиш этилаётган турли-туман рекламаларга нисбатан жамиятда норозилик кескин ошиб боряпти.

Бунга сабаб – бир томондан бир дорининг ўнлаб, юзлаб касалликларга даво сифатида кўрсатилиши ва кутилган самарани бермаслиги бўлса, иккинчидан, айрим реклама роликларининг оила даврасида кўриб бўлмас даражада “очиқлигидир”.

Бу борада бир неча кун аввал “Guangzhou medical of China” МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари билан боғлиқ фаолият бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳам ҳолатни ифодалайди.

Хўш, ўзбек телеканалларида дори воситалари рекламаси нега бунчалик кўпайиб кетди? “Guangzhou” одамларни қандай алдаб келган? Ўзбекистонликлар-чи, нега бунчалик дориларга “ўтириб қолди?”

Kun.uz мухбири айни саволлардан юзасидан Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова ва тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев билан интервью уюштирди.

Kun.uz:

Қизилгул опа, Зарифбой ака, дастлаб иккингизга ҳам бир савол билан юзланмоқчиман. ОАВ ва жумладан, ҳозир ўзбек телевидениесида берилаётган рекламаларнинг 50 фоизи ва балки ундан ҳам кўпроғини дори воситалари ташкил этиши фақат бизда учрайдиган ҳолатми ё бошқаларда ҳам шундайми?

Шунингдек, иккингиз ҳам шифокор эканлигингизни инобатга олган ҳолда, яна бир савол: нега ўзбек жамияти дориларга бунчалик “ўтириб қолди?”

Қизилгул Қосимова:

Бу масала биринчи навбатда халқимизнинг тиббий маданияти билан боғлиқ, чунки аввало, рекламадаги дориларга талаб бўляпти. Бундан ташқари, дорихоналар тадбиркорлик субъекти сифатида ўзидаги маҳсулотни реклама орқали ўтказишга ҳаракат қиляпти.

Кейинги пайтларда чиндан ҳам менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган дори рекламаларини кўп кўряпмиз. Бу бизга умуман тўғри келмайди.

Жаҳон тажрибасида ҳам шундайми? Йўқ, уларда бизчалик эмас. Масалан, Туркияда беморга шифокор тавсиясисиз бирорта дори берилмайди. Табиийки, дорилар рекламаси ҳам назоратда.

Бизда эса одамлар боши оғриб қолса ҳам дорихонага боради ва дорихонада унга дори ёзиб бераверишади.

Зарифбой Ибодуллаев:

Германияда шифокор рецептисиз,  беморга ҳатто “аспирин” берилмайди.

Шахсан мен дори воситаларининг ОАВда ва жамоат жойларида реклама қилинишига бутунлай қаршиман.

Kun.uz:

Саволнинг иккинчи қисми: Хўш, нега ўзбек жамияти дориларга бунчалик ўрганиб қолди?

Зарифбой Ибодуллаев:

Бунга биринчи навбатда халқнинг тиббиётга ва тиббиёт ходимларига ишончсизлиги ҳамда давлат тиббиёт муассасаларидаги аҳволнинг ночорлиги сабаб.

Иккинчидан, бемор хусусий клиникаларга борар экан, шифокор маслаҳати учун пул тўлаши керак ва бу  маслаҳат жуда қиммат.

Мен аввал ҳам айтганман, қаерда тиббиёт сифати паст бўлса, ўша ерда формакологик бизнес гуркираб ривожланади. Бизда ҳозир айни шу ҳолат.

Шундай қилиб, тиббий маслаҳат қиммат бўлар экан, бемор “дардимга яхшиси, дорихонадан дори сўраб оламан”, деган хулосага келади.

Хусусий клиникалар қимматлиги, давлат шифохоналарининг эса оғир аҳволидан кўнгли қолган одам нима қиляпти, телевизордаги дори рекламаларидан хулоса оляпти.

Kun.uz:

Қизилгул опа, яқинда депутатлар дори воситалари рекламаси устидан назорат ўрнатиш ҳақида қандайдир йиғин ўтказганини кўрдим. Хўш, қандай назорат ҳақида гаплашдингиз?

 Қизилгул Қосимова:

Билсангиз керак, «Адолат» СДП тиббиёт соҳасини ривожлантиришни ўз назоратига олган. Бу масалани ҳам айнан шу партия кўтариб чиқди. Ҳозир партия жойларга дори рекламалари, дори воситалари ишлаб чиқиш, лицензиялаш талаблари бўйича ўз сўровларини юборган.

Бу борада аҳоли мурожаатлари ва дорихоналар фаолияти ҳам текширилади. Масалан, тадбиркорлар чиқараётган дорилар кўп жойда реклама қилиняпти-ю, лекин нега кутилган, ваъда қилинган самарани бермаяпти?

Зарифбой Ибодуллаев:

Қизилгул опа, сизга ва депутатларга бир нечта илтимосим бор. Сизлар аввало, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг таркиби бўйича жиддий ва кенг қамровли текширув ўтказинглар.

Чунки мен ҳам шифокорман ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дориларнинг кўпчилиги беморларнинг аҳволини оғирлаштираётганини биламан.

Kun.uz:

Бир неча кун аввал “Guangzhou” клиникаси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Унда айтилишича, клиника беморларни алдаган, оддий, арзон дориларни қиммат нархда пуллаб келган. Адашмасам, бу клиника фаолияти ҳақида сиз аввал ҳам фикр билдиргандингиз.

Зарифбой Ибодуллаев:

 Мен “Guangzhou” клиникаси ОАВда реклама қилиб бошланган илк кунлардаёқ ҳайрон қолгандим. Чунки рекламада айтилаётган фактларни реалликка умуман солиштириб бўлмайди.

Клиниканинг 42 та филиали бор экан. Хўш, бу филиалларнинг барчасига айтилган дори воситалари, масалан, женшенни Хитойдан етказиб бериш учун ҳар куни камида 6 та самолёт тинмай Ўзбекистонга учиши керак эмасми? Нега бу ишлар шу пайтгача вазирлик ёки божхоначилар томонидан назорат қилинмади?

Бундан ташқари, майли, бу клиникада бошқарувчилар хитойликлар экан, лекин ишчилар ўзбеклар-ку! Нега улар халқини алдашди? Нега улар ўз халқига хиёнат қилишди?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардаги бўш дори қутиларига эътибор берган бўлсангиз, уларнинг аксариятига “аспирин” ва “индамитацин” дея ёзилган. Бу дорилар шунчаки оғриқни қолдириш учун. Одамлар ана шу дориларни ичган ва оғриғим қолди, дея юраверган.

Ахир ўша дори қутиларини ким бўшатган? Ким дори тайёрлаган? Ўзимизникилар эмасми?

Нега давлат ва депутатлар буни назоратга олмади?

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид