Ўзбекистон | 16:13 / 28.04.2022
8098
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 56 та корхона тўғридан тўғри атмосферага чанг-газлар чиқараётгани маълум бўлди

Навоий вилоятида 56 та корхона чанг-газ тозалаш ускуналарисиз, 19 та корхона эса 95,5 фоиз самарадорликка эга бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналарида фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Фото: Getty Images/Sven Schabbach

Маълум қилинишича, жорий йил давомида ҳудуддаги саноат корхоналарида 43 та чанг-газларни тутиб қолиш ускунаси модернизация қилинади. 26 та саноат корхонаси ва унга туташ ҳудудларда чанг-газларни ўзида тутиб қолувчи йирик баргли дарахтлар экилади.

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Улуғбек Раззоқов атроф-муҳитни муҳофаза қилишда амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, йилнинг 1-чорагида давлат экологик назорати доирасида 2 450 дан ортиқ рейд ўтказилган. Натижада қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 702 нафар шахс аниқланиб, уларга 541,3 млн сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарарлар ҳисобланган. Дарахт ва буталарни ноқонуний кесган 33 нафар шахсга эса 45,9 млн сўм жарима ва 78,3 млн сўм зарар белгиланган. Шунингдек, вилоятда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланилган 79,6 гектар эгасиз карьерлар аниқланиб, 53,7 гектари рекультивация қилинган.

Раззоқовга кўра, жорий йил давомида вилоятдаги маҳалларнинг 98 фоизи санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинади. Бу кўрсаткич ҳозирда 96,1 фоизни ташкил этмоқда. Халқ таълими бошқармаси тизимидаги объектлар 368 та, Мактабгача таълим бошқармаси тизимидаги объектлар 228 та, Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги объектлар эса 12 та чиқинди контейнерлари билан таъминланади.

Мавзуга оид