Назарбекдаги абгор манзил. Қурилиши тўхтаб қолган кўприк одамларга жабр бўлмоқда
Тошкент шаҳрини Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчаси билан боғловчи автомобил йўли ва ундан ўтган темир йўл кесишмасини бир-биридан айро қилиш мақсадида бошланган кўприк қурилиши кўп ўтмай тўхтатиб қўйилган. Сабаби номаълум, маълуми шуки, бундан ўн минглаб одамлар жабр кўрмоқда.
Катта қурилиш майдонига айланган Ўзбекистонда кўп манзил-маконлар обод бўляпти, бироқ эътибор берилиши лозим бўлган ҳудуд ва объектлар ҳали анча. “Абгор манзиллар” кўрсатуви янги манзилда бўлди. Бу манзилда яхшиликни кўзлаб, яхши ниятлар билан ишлар бошланган эди, бироқ...
Тошкентдан озгина юрсангиз, Зангиота туманидаги Назарбек посёлкасига чиқасиз. Аҳоли зич жойлашган, анча ривожланган алоҳида шаҳарча. Назарбекни поезд йўли иккига ажратиб туради. Ана шу ерда доим тирбандликлар кузатилар эди. Мутасаддилар муаммони бартараф этиш учун темирйўл остидан туннел қазиб, бу ердаги юкламани камайтириш, ҳаракат тезлиги ва ўтказувчанликни оширишни мақсад қилишган эди. Ишлар бошланганига анча вақт ўтди, қурилиш эса тўхтаб қолган, аҳоли сарсон ва қурилиш қачон тугашидан хабарсиз.
Биз шу ердаги аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Биргина йўлнинг йўқлиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқарганини бизга маълум қилишди. Энг каттаси шуки, одамлар авваллари икки қадам масофада жойлашган уйига 15 километр масофани босиб ўтишга мажбур. Бу бир неча кун эмас, бир неча ойлардан бери давом этаётган ҳолат.
Биз лавҳа тайёрлашда ана шу айланма йўлдан ҳам юриб кўрдик. 15 километр ортиқча масофа, ўнқир-чўнқир йўллар, чанг-тўзон, тирбандлик... Хуллас, кўпчилик автомобилни темирйўлнинг бу томонида қолдириб, уйига пиёда борган анча маъқул, деган тўхтамга келган.
Бу муаммолардан вилоят ҳокими Зоир Мирзаев шахсан хабардор. Чунки у шу йил 23 апрел куни ўтказган сайёр қабулда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган тадбиркорнинг айнан муаммо ҳақидаги мурожаатини тинглаган. Мирзаев носоз ҳолатдаги йўл ва кўприкни таъмирлашни тезлаштириш бўйича Зангиота тумани мутсаддиларига топшириқлар берган.
Аммо, хозирча ҳудудда топшириқлар ижроси борасида ишлар кўринмаяпти.
Лавҳани тайёрлаш жараёнида вилоят ва туман мутасаддилари билан боғланишга уриниб кўрдик, аммо ҳолатни батамом тушунтириб берадиган амалдор билан боғлана олмадик. Умидимиз, ишлар тезроқ олдинга силжиса ва аҳоли қийналмаса.
Масъуллардан ҳолат бўйича жўяли жавоб ва хатти-ҳаракатлар кутиб қоламиз.
Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Азимжон Воҳидов
Мавзуга оид
11:23 / 22.06.2024
Тошкент вилоятида 10 ёшли болани поезд уриб юборди
18:40 / 03.03.2024
Тошкент вилоятидаги мактабда Миллий гвардия ходимига жароҳат етказилди
17:30 / 23.02.2024
Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарнинг бирида автомобил шиналари ёқилгани аниқланди
09:52 / 08.08.2023