Тошкентда “права” имтиҳонини ҳал қилиб бермоқчи бўлган фирибгарга суд ҳукми ўқилди
У ўзини Тошкент имтиҳон маркази ходими деб таништириб, имтиҳондан ўта олмаган фуқароларнинг ишончига кириб, алдов йўли билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган ва бунинг учун улардан пул олган.
Бугун, 28 апрел куни Тошкент имтиҳон маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан такроран ўзганинг мулкини қўлга киритиш) билан айбланаётган судланувчи Д.Т.га нисбатан сайёр суд бўлиб ўтди.
Сайёр судда бевосита иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, фуқаро И.нинг амалий имтиҳондан ўтолмаганини билган судланувчи Д.Т. бир ҳафта ичида бу имтиҳондан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 200 минг сўм сўраган. И. сўралган пулни ва керакли ҳужжатларни берган. Бироқ айтилган бир ҳафта ўтса ҳам, гувоҳномадан дарак бўлмаган.
Бундан ташқари, Д.Т. фуқаро А.нинг имтиҳонга кириш учун тиббий ҳужжатлари йўқлигини билиб, унга тиббий ҳужжатларсиз имтиҳонга киргизиш ва гувоҳнома олиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун 400 минг сўм ва зарурий ҳужжатларни сўраган, ишни бир ҳафтада битиришини айтган.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўла иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирди.
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди судланувчининг оилавий аҳволи, биринчи марта жиноятга қўл урганлиги, ўз айбига тўла иқрорлиги ҳамда қилмишидан пушаймон эканини инобатга олиб, унга нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Аввалроқ, Тошкент имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов шу масалада видеомурожаат билан чиққан эди.
“Ҳурматли фуқаролар! Бизнинг имтиҳон марказимиз биноси олдида изғиб юрган турли-туман фирибгарларга ишониб қолманг. Жабрдийда бўлиб қолманг. Ундан кўра автомактабингизда назарий ва амалий билимларингизни мустаҳкамланг.
Тушунинг, бугун биз имтиҳон соҳасида коррупцияга чек қўйилди деган гапларимиз баландпарвоз гаплар эмас. Бу – ҳақиқий, бор гаплар. Билимингиз бўлмаса, валломати бўлсангиз ҳам [ҳайдовчилик гувоҳномаси] ололмайсиз дедикми, демак шундай бўлади. Гапимизга ишонаверинг, чунки бутун тизим шундай қилинган: фақатгина билими бор одамгина имтиҳондан ўтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мумкин”, – деганди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 февралидан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази иш бошлаган. Бу каби марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилиниши кўзда тутилган. Бу эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўйиши айтилган.
Мавзуга оид
17:55 / 11.12.2024
Кредит олишдан ихтиёрий воз кечиш механизми жорий этилади
16:39 / 10.12.2024
Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу устидан суд жараёни бошланди
14:24 / 06.11.2024
“Нега устимиздан кулишяпти?” – физика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан норози
16:48 / 04.11.2024