Андижон вилояти ҳокимлиги кредитга тарқатилаётган товуқларнинг бозордагидан 2 баробар қимматлиги бўйича изоҳ берди
Изоҳга кўра, бунга сабаб – товуққа қўшиб 20 кунлик ем ҳам берилаётгани, нарх ветеринар хизматини ҳам ўз ичига олгани, тухумларнинг чет элдан олиб келинаётгани, паррандаларнинг эмланаётганидир. Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳокимликнинг аргументларини рад этди.
Андижон вилояти ҳокимлиги вилоятда аҳолига товуқ тарқатилаётгани мавзусида Kun.uz эълон қилган “Тухум эмас, муаммо туғаётган товуқлар — навбатдаги Андижон тажрибаси” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.
Мақолада бозорда 35-45 минг сўм атрофида сотилаётган товуқлар аҳолига кредитга 85-95 минг сўмдан ўтказилаётгани, товуқлар кам тухум бераётгани ва ўлиб қолаётгани ҳақида сўз юритилганди.
Андижон вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, 2022 йилда аҳолига 100 бошдан, жами 1,3 млн бош парранда тарқатиш белгиланган. Паррандалар биринчи навбатда қўлида ҳеч қандай ҳунари бўлмаган, ишсиз ва парранда боқишга қизиқиш билдирган оилаларга етказиб берилади.
Кооперативлар
Баёнотда айтилишича, вилоятдаги ҳар бир маҳаллада 1 тадан, жами 870 та кооператив ташкил қилинган. Кооперативлар:
- парранда тарқатиладиган хонадонларга товуқ катаклари қуриб беради;
- тарқатилган паррандаларга ветеринария ёрдами кўрсатади – ҳар бир кооперативга бир нафар зооветеринар бириктирилган;
- тухумларни сотиб олиб, деҳқон бозорларида уларга ажратилган алоҳида жойларда сотади.
Товуқлар нархи
Андижон вилоят ҳокимлиги бозорда товуқлар 40-50 минг сўм атрофида сотилаётганини тан олган ва аҳолига тарқатилаётган товуқлар нархи бундан икки баробар қиммат – 95 минг сўмгача эканига қуйидаги сабабларни келтирган:
- бозордаги паррандаларнинг соғлом эканига ва қанча муддат тухум туғишига ҳеч ким кафолат бермайди;
- бозордаги товуқ нархига озуқаси қўшиб берилмайди (аҳолига парранда билан бирга 20 кунлик озуқа емлари ҳам қўшиб бериляпти);
- бозордан олинган товуқда касаллик аниқланса, уни даволаш учун зооветеринар хизмати бепул эмас;
- тарқатилаётган наслли паррандалар тухуми хориждан келтирилган, паррандалар тарқатилишидан олдин 19 турдаги вакцина билан эмланмоқда;
- “энг муҳими, бозорда аҳолига тарқатиладиган парранда миқдоридаги товуқ бўлмайди”.
Иқтисодчи эътирози
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, баёнотда “ўша эски усул қўлланилган: муаммоларни хаспўшлаш ва арзимасдек кўрсатиш, натижаларни эса шишириш”.
“Демак, биринчидан, барча товар ва хизматлар бўйича чакана нархлар улгуржи нархлардан қимматроқ бўлади, акси эмас. Товуқ бозорларидаги нархлар бу чакана нархлар, юз минглаб товуқлар учун ўрнатилган улгуржи нарх эмас. Таъминотчиларнинг улгуржи нархлари бозор нархларидан камида арзон, кўпи билан тенг бўлиши мумкин холос”, дея ёзади Отабек Бакиров.
Иқтисодчининг тушунтиришича, улгуржи харидларни амалга оширишда тендер ва танлов ўтказишдан мақсад – харидлар чакана нархлардан арзонроқ тушиши. “Улгуржи харидлардаги нархлар чакана нархлардан қимматми, демак у ерда ўғирлик ва ўзлаштириш бор, отнинг калласидек “откат” бор”, дея гумон қилган у.
“Иккинчидан, ҳар қандай улгуржи буюртма, агар енг остида ва пул ўзлаштириш учун тузилмаган бўлса, кафолатларни ўз ичига олади. Бу – умум қабул қилинган стандарт. Маълум муддатгача товуқларнинг ўлиб қолишидан тортиб, эмлаш ва даволашгача. Яъни бу хизматлар ё кафолатлар товуқ нархларини каррасига қиммат белгилашга сабаб бўла олмайди. Қизилтовуқ сиёсатини юритаётган ва товуқлар қимматлигини оқлаётган ҳокимият ҳатто оддий калькуляция келтира олмаган. Чунки калькуляция уларнинг ёлғончи эканини кўрсатиб қўяди.
Учинчидан, бозорда аҳолига тарқатиладиган парранда миқдоридаги товуқ бўлмайди баҳонаси жудаям кулгили, лекин кабинетменлар учун бу нормал ҳолат. Товуқ сотиб олаётганлар учун чакана бозор ҳам бозор, “Пахтаобод парранда” МЧЖ таклифи ҳам бозор, “Хуршид тантанаси” МЧЖ таклифи ҳам бозор, вҳк. Фарқи шуки, бунда танлов товуқ сотиб олувчида ва асосийси эркин бўлади. Қизилтовуқчиларнинг диктовкаси ўтмайди.
Шунингдек, қизилтовуқчилар 100 бош парранда кунига ўртача 80 донадан тухум олинаётгани, тухум 1100 сўмдан сотилаётганини иддао қилишган. Э барака топкурлар, 100 та товуқ олган биронта камбағалнинг товуғи ҳали кунига 50 та тухум туққани йўқ, боринглар, ошкора, камерани қўйиб тажриба ўтказинглар. Бунинг устига қизилтовуқнинг тухуми бозорда 1100 сўм эмас, 700 сўм.
Ана энди асосий масалага келамиз. Камида 2 баробар қимматига олинган товуқ, 5 фоизгача ўлим даражаси, тухум туғиш коэффициенти 50 фоиздан ошмаётгани ва қизилтовуқлар тухуми арзонлиги, аввалбошдан олинган кредит бўйича мажбуриятларни, ҳатто бу имтиёзлик кредит бўлса ҳам сўндира олмаслик хатарини яратади. Одамлар ношукурчиликдан эмас, алдангани учун дод-вой соляпти. Чунки уларнинг, камбағал бўлса ҳам калласида ҳисоби, тарозиси ва масъулияти бор”, – дея ёзган Отабек Бакиров.
Тарқатилган паррандаларнинг маълум қисми нега ўлиб қоляпти?
Kun.uz суҳбатлашган қатор парранда боқувчилар уларга берилган товуқларнинг муайян қисми ўлиб қолаётгани ҳақида айтишганди.
Андижон вилояти ҳокимлигига кўра, ҳозиргача тарқатилган 217 минг бош паррандадан 3-4 фоизи “техник сабабларга кўра” нобуд бўлгани аниқланган.
“Лекин, нобуд бўлаётган паррандалар ўрнига янги паррандалар билан қоплаб бериш тизими ўрнатилган.
Тўғри, парранда тарқатиш давомида транспортировка ва парваришлаш даврида бошқа кўзда тутилмаган сабаблар билан нобудгарчиликлар бўлиши табиий, лекин бу нобудгарчиликлар аҳоли хонадонларига қоплаб берилиши ҳисобига ўз ечимини топмоқда”, – дейилади ҳокимлик баёнотида.
Етказиб берувчилар
Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, парранда тарқатиш учун йирик паррандачилик корхоналари ўртасида тендер ўтказилиб, улардан 9 таси танлаб олинган. Танловда корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати, инкубаторияларнинг мавжудлиги, корхоналарнинг иқтисодий салоҳиятлари эътиборга олинган.
“Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 2 133 та хонадонга 213 257 бош, шундан 196 687 бош парранда ва 16 570 бош курка тарқатилди.
Хусусан, “Пахтаобод парранда” МЧЖ томонидан 72,4 минг бош, “Хуршид тантанаси” МЧЖ томонидан 73,4 минг бош, “Етти дурдона хазинаси” МЧЖдан 35,5 минг бош, “Холдармирза барака саховати” МЧЖ томонидан 16,3 минг бош парранда ва “Марҳамат элит парранда” МЧЖ томонидан 16,6 минг бош курка тарқатилди”, – дейилади расмий ахборотда.
Қайд этилишича, мазкур 9 та корхона паррандаларни инкубаторияларда кўпайтириб, “рацион талабларига қатъий риоя қилган ҳолда парваришлаб”, уларни 4 ойлик (122 кунлик) ҳолатида етказиб беряпти.
Маҳаллий бюджетдан 10 млрд сўм ажратилиб, бу маблағ парранда етказиб берувчи корхоналарга тақсимлаб берилган.
“Ушбу маблағни беришдан мақсад, корхоналар томонидан аҳолига соғлом наслли парранда тарқатиш, бунинг учун эса четдан наслли тухумлар олиб келиш зарур бўлади. Уларни инкубацияда очириб олинганидан кейин, рацион талабларига қатъий риоя қилган ҳолда парваришлаш керак бўлади”, – дея тушунтиради ҳокимлик.
Таъкидланишича, “Хуршид тантанаси” МЧЖ Беларусдан Изза-браун ва Тетра зотли 1,2 млн дона хонаки наслли товуқ тухумлари олиб келган. “Марҳамат элит парранда” МЧЖ эса Франциядан 30 мингта курка тухуми келтирган.
Баёнотга кўра, паррандалар аҳолига тарқатилишидан олдин ветеринар кўригидан ўтказилиб, 122 кунлик бўлгунча 19 турдаги вакцина билан эмланмоқда. Корхоналар томонидан эмланганлик тўғрисида сертификатлар ва кафолат хатлари берилади.
“Мавжуд камчиликларни аниқлаб, етказганлиги учун Kun.uz мухбирига вилоят ҳокимлиги номидан ташаккур изҳор этамиз. Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан улар билан ҳамкорликка доимо тайёр эканимизни билдирамиз”, – дейилади Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати баёнотида.