Самарқанд шаҳрига вилоятдаги туманлардан электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди
Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимотида вилоятнинг Паст Дарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари бўйича ҳам ахборот берилди. Бу йил Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.
Давлат раҳбари йўллар қуриш ва таъмирлаш билан бирга уларни сифатли сақлаш ҳам зарурлигини таъкидлади.
«Биз кўп йўл қурдик, лекин унинг эксплуатацияси билан айтарли шуғулланилмади. Йўлларнинг баланси, фойдаланиш муддатининг таҳлили йўқ. Сарфланаётган маблағ мақсадли эмас. Баъзан йўл устига яна йўл қурилади. Шунинг учун қаерга йўл қуриш, қайсини таъмирлашни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айтиши керак. Чунки кўчалардаги тирбандлик, хавфсизлик шунга боғлиқ», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг шу йил 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ҳудудий ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказилди.
Тақдимотда Самарқанд вилояти махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Самарқанд шаҳридаги 49 та чорраҳада «транспорт оқимини рақамли бошқариш» тизими жорий этилиши, 140 та чорраҳага замонавий светофорлар ўрнатилиши, марказий кўчалар замонавий йўл белгилари билан жиҳозланиши қайд этилди. Натижада светофорда туриш вақти 31 фоизга, ҳаракат вақти 36 фоизга, ҳаракат тезлиги 17 фоизга яхшиланади.
Йўл қурувчи ташкилотлар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини ўқитиш, малакаси ва дунёқарашини ошириш, танлов асосида ишга олиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Мавзуга оид
20:19
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024