«Мигрантлар Россия иқтисодиёти учун муҳим, аммо замон ўзгарди» – иқтисодчи Россия меҳнат бозоридаги вазият ҳақида
Россиялик иқтисодчи марказий осиёлик меҳнат мигрантлари учун Россия ҳамон асосий йўналиш бўлиб қолаётгани, лекин кейинроқ бу йўналиш ўзгариши мумкинлиги ҳақида гапирди.
Россиялик профессор, иқтисодчи Наталя Зубаревич иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда урушнинг меҳнат бозорига таъсири, Россиядаги аҳвол, марказий осиёлик мигрантлар учун муқобил вариантлар каби мавзуларда гапирди. Kun.uz интервьюда билдирилган фикрларнинг бир қисмини таржима қилди.
Россияда меҳнат мигрантларига оид статистика ошириб кўрсатилади
Россиядаги ҳозирги аҳвол туфайли меҳнат бозорида муаммолар юзага келиши аниқ, бу борада менда оптимистик қарашлар йўқ. Меҳнат муҳожирлари Россияда ишлолмаса, Жанубий Кореяга ҳам, Туркияга ҳам бормайдилар. Чунки Жанубий Корея ва Туркия паст малакали ишчилардан кўра кўпроқ юқори малакали ишчиларга муҳтож. Россия меҳнат бозори марказий осиёлик меҳнат мигрантлари учун жуда муҳим.
Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили Россияга келган 4,5 миллион киши миграцион анкета тўлдиришади ва унга «ишлаш учун» келганини ёзади. Бу маълумотлар миграция хизмати статистикасига асосланган. Мигрантларнинг 70 фоизи ҳақиқатан ҳам қонуний ишлайди. Қирғизистон резидентларидан эса, Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзоси бўлгани учун патент талаб қилинмайди.
Мигрантлар Россияда эркин ҳаракат қилиши учун махсус ҳужжат – патент Ўзбекистон, Тожикистон резидентлари томонидан олинади. Улар меҳнат мигрантларининг асосий уч гуруҳи, яъни патент олувчиларнинг энг катта қисмини ташкил қилади. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Россияга ишчи кучи етказиб берувчи учта асосий мамлакат ҳисобланади. 4,5 миллион меҳнат муҳожиридан тахминан 3,8-3,9 миллионига патент расмийлаштирилади ёки йўқ. Қолган меҳнат муҳожирлари «сояда» (ноқонуний) ишлайди.
Россияда меҳнат муҳожирларидан жуда қўрқишади ва ҳукуматимиз статистик маълумотларни манипуляция қилади. Россияда 10-12 миллион меҳнат муҳожири ишлаяпти, дейишади. Бу тўғри маълумот эмас. Бизда ҳар йили август ойида қанча одам Россияга келгани борасида маълумот йиғилади. Ҳар йили тахминан 8,5 ёки максимал 9 миллион одам турли сабабларга кўра, турли жойлардан Россияга ташриф буюради, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ишлаш мақсадида келмайди. Кимдир меҳмон бўлиб келади ва бошқа шу каби сабаблар билан ҳар йили 8,5 миллион одам Россияга келади, бироқ яна айтаман: миграцион анкетага «ишлаш учун келдим» деб ёзадиганлар 4,5 миллион нафарни ташкил қилади.
Марказий осиёлик мигрантлар банд бўлган асосий 4 соҳа
Айтайлик, ҳамма ҳам анкетага тўғрисини ёзмайди. Аммо умумий миқдор 4,5-6 миллион, бундан кўп эмас. Майли, 6 миллион деб олайлик. Россияда йилига ўртача 74 -75 миллион одам ишлайди ва яна 6 миллион одам ишлашга келади. Бу кўп, деярли 8 фоиз одам [четдан] Россияда банд дегани.
Россияга меҳнат мигрантлари жуда зарур. Бизда меҳнат ёшидаги аҳоли сони қисқариб бормоқда. 2012 йилдан бери деярли ҳар йили қисқариш давом этмоқда. Россия иқтисодиётининг кўплаб тармоқлари ишчи кучи етишмаслиги муаммосига дуч келмоқда. Бу қайси тармоқлар: биринчидан, қурилиш. Бош вазир ўринбосари Хуснуллин айтганидек, ҳар йили қурилиш майдонларида 1 миллион ишчи кучи етмайди. Улар Cоvid-19’дан кейин кўпроқ қурилишда ишлашмоқда. Иш ҳақи кўтарилган бўлса-да, бундай оғир ва машаққатли иш учун маош яхши эмас. Шунинг учун фақатгина қурилишда эмас, дўконларнинг етказиб бериш хизматларида ишловчилар ҳам Марказий Осиёдан келган мигрантлар ҳисобланади.
Давом этамиз: савдо марказлари, товарларни қадоқлаш учун олиб кетиш каби ишларда ҳам марказий осиёлик мигрантлар ишлашади. Бундан ташқари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ишлашади.
Оғир яшаш шароитлари ва қиммат квартиралар
Мен узоқ йиллардан бери кўп қаватли уйларда яшайман. Подъездларни тозалаш, кўча супуриш каби ишларни Қирғизистондан келган меҳнат мигрантлари қилишади. Демак, қурилиш, доставка (етказиб бериш), савдо, уй-жой хўжалиги – булар мигрантлар банд бўлган асосий соҳалар ҳисобланади.
Сўрашингиз мумкин, нима сабабдан бу ишларни россияликлар қилмайди. Чунки маош жуда юқори эмас, Москва ва унинг атрофларида уй-жой коммунал хизматларида ишлаш фойдали эмас. Чунки бу ерда яшашга жой керак, бироқ Москвадан квартира ижарага олиш жуда қиммат. Мигрантлар қандай квартира ижарага олади деб сўрасангиз, бу жуда ачинарли дейишим мумкин. Уй-жой сифатида ишлатиладиган, ертўлалардаги бир хонали квартирада 10 киши яшайди. Марказий Осиёдан келган мигрантлар россияликлар умуман хоҳламайдиган шунақа ёмон шароитларда яшашга тайёр. Шунинг учун Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирларининг миграцион оқими Россия иқтисодиёти учун жуда муҳим, аммо замон ўзгарди. 24 февралдан кейин (Россия Украинага уруш очган кун назарда тутилмоқда – таҳр) жуда кўп нарсалар ўзгара бошлади.
Иш берувчилар иш ўринларини меҳнат мигрантлари ҳисобига қисқартиради, чунки…
Россия қонунчилигига кўра, Россия фуқароларини ишдан бўшатиш жуда қийин. Бизда жуда қатъий Меҳнат кодекси бор. Мигрантларни ишдан бўшатиш осон. Ишчи кучига талаб қисқариши ва даромадлар камайиши эвазига иш берувчилар иш ўринларини мигрантлар ҳисобига қисқартириши осонроқ.
Яна бир бор айтаман: Россия Меҳнат кодекси жуда қаттиқ. Россия фуқароларини ишдан бўшатиш жуда қийин. Шунинг учун, ҳамма нарса оддий эмас. Қурилишда ҳозирча баланс бўлади. Яъни марказий осиёлик ишчилар жуда оғир иш учун оз пул олиб ишлашга мажбур бўлади. Бундан ташқари, мигрантлар «доставка» хизматларида ҳам ишлаши мумкин, орқасида қути билан Москва атрофида велосипед ҳайдаш шартли равишда қурилиш ёки уй-жой коммунал хизматларида ишлашдан кўра осонроқ.
Рубл девалвацияси ва даромадлар қисқариши
Шундай бўлса-да, барқарор иш ҳақи бор ва бу нисбатан ишончлироқ. Шунинг учун биз ҳозир Марказий Осиёдан келган муҳожирлар учун вазият қандай ўзгаришини кўриб чиқамиз, лекин яна бир муҳим жиҳатни унутманг – рублнинг девалвацияси.
Ҳозир сунъий равишда рубл курси доллар ва евро билан муносабатларда олдинги ҳолига қайтди ва бу жараён мутлақо сунъий. Чунки сиз кўп валюта сотолмайсиз ва сотиб ололмайсиз. Бу сунъий бозор, исталган банкдан евро ва доллар сотиб олишингиз сунъий. Бу меҳнат муҳожирлари учун нимани англатади: улар уйларига пул жўнатишлари керак, рубл пасайди, яъни сизнинг даромадингиз қисқарди. Тушунарлики, Тожикистонда меҳнат мигрантлари учун ишлашга бошқа муқобил вариантлар йўқ ва одамлар нима бўлса ҳам Россияга келади. Чунки ё уйда (мигрантларнинг ватанида) пул умуман йўқ, ёки сиз Россияда ишлаб юрибсиз. Дэлта даромадининг қисқариши шубҳасиз Марказий Осиё давлатлари валюталари қадрсизланишига олиб келади. Чунки меҳнат мигрантларининг ҳиссаси жуда муҳим ва Россия ҳамда Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиёти бир-бирига боғлиқ. Биз буни рубл қадрсизланганда сўм ва бошқа Марказий Осиё давлатлари валюталари, хусусан, қозоқ тенгеси ҳам пасайганини кўрдик. Қандайдир маънода биз ҳаммамиз бир компаниядамиз, дейишим мумкин.
Мен Тошкентда ўқимишли қатлам учун янги муқобил вариантларни кўрганман
Хизматлар ёмонлашишига қарамай, мигрантлар келишда давом этади, чунки муқобил йўқ. Бироқ мен бундай вариантларни кўрганман, 2 йил илгари Тошкентда бўлганимда, у ерда лекция ўқигандим ва тошкентликлардан пул топиш учун қаерга боришини сўрагандим.
Нисбатан ўқимишли ва маълумотга эга шаҳарликлар учун Жанубий Корея янги жой экан, улар Кореядаги автомобил заводларига ишлашга боришаркан. Улар аллақачон буни амалга оширишган, чунки улар шаҳарлик ва таълим даражаси бор. Бироқ (шартли) Фарғона водийсининг қишлоқларида яшайдиган мигрантларда Россиядан бошқа яна қандай танлов бор? Яъни маълум таълим даражасига эга бўлмаган, тил билмайдиган аҳоли учун Россиядан бошқа вариант йўқ.
Бироқ йилдан йилга Россияга меҳнат муҳожирлари оқими камайиб, Шарқий Осиёга эса нисбатан кўпайиб боради. Аммо катта эҳтимол билан бу оқим Жанубий Кореяга аллақачон бошланди. Бошида Туркияга оқим жуда кучли бўлмайди, яъни Марказий Осиёда яшовчи аҳоли учун тўғри вариант жуда кам. Европага ишлашга бориш имконсиз, Россия асосий йўл эди, бироқ ҳозир Россияда гигант муаммо бор ва бу муаммо жуда тез жиддийлашади.
Шунинг учун мен Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига ҳамдардман, улар бу ерда фақат оғир ишларни топиши мумкин ва шунда ҳам кам ҳақ эвазига.
Россияга анча аввал келган бир меҳнат муҳожирини биламан ва у билан яхши муносабатдаман. Унга Россияга келмаслиги кераклиги, бу ерда уруш бошланиши ва иш билан боғлиқ муаммолар юзага келишидан огоҳлантиргандим. У мени эшитмади ва келди. Ҳозир Россияда ишсиз ўтирибди. Бу жуда ачинарли.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024