Кучли ёмғирлар туфайли бир қатор вилоятларда кучли сел оқиши кузатилди
Қашқадарёдаги Ҳисорак қишлоғига олиб борувчи йўлни сув ювиб кетган. Сурхондарёда эса М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлини сув босган. Самарқанд вилояти Пайариқ туманидан ўтувчи йўлни сел ювиб кетган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, бугун 2022 йил 3 май куни ёғган ёмғир Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг бир қатор ҳудудларида кучли селлар оқишига сабаб бўлган.
Жумладан, Пайариқ тумани Ғаллакор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-43 йўлининг 76-километрида қурилаётган кўприкнинг вақтинча ўтиб туриш учун қурилган айланма йўлини сел ювиб кетган. Айни пайтда вилоят ФВБ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Ҳисорак ҚФЙ ҳудудида ёғиб ўтган ёғингарчилик тепаликлардаги қум аралаш шағалларни ички йўлларга ювиб туширган. Ҳодиса оқибатида аҳоли хонадонлари, уларнинг мулкларига зиён етмаган.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ёғган қисқа муддатли кучли ёмғир оқибатида туманнинг Мачай, Юқори Мачай ва Дарбанд қишлоқларида сел оқими кузатилган. Сел сувлари Мачай, Юқори Мачай қишлоқларининг ички йўлларига ҳамда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Дарбанд қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмига тошган.
Сел сувлари оқибатида аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар ва коммуникация тармоқларига зарар етмаган. Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлида транспорт воситалари қатнови тўхтатилмаган.
Бундан ташқари, Сариосиё тумани тоғли ҳудудининг “Хонжиза” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Хурсандсой” сойида сув ҳажми ортиб, сой четига ўрнатилган 2 дона, 110 кВт кучланишли метал конструкцияли устунлар остини ювиб кетган.
Оқибатида ушбу устунлар йиқилган. Айни вақтда ушбу электр устунларини демонтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинчалик электр таъминотидан узилган. Ҳолат “Хонжиза” объект электр таъминотига таъсир кўрсатмаган, у фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, “Сангардак” сойи тепаликларидан оқиб тушган ёмғир сувлари тупроқ ва қум-шағалларни ички йўлларга оқизиб келган. Йўлларда тўпланган лойқа ва қум-шағаллар махсус муҳандислик техникалари ёрдамида тўлиқ бартараф этилган. Ёғингарчилик оқибатида аҳоли хонадонлари ва уларнинг мулкига зиён етмаган.
Қайд этилишича, ҳозирда сел оқимидан сўнг йўлларда йиғилиб қолган қум-шағал ва лойқаларни тозалаш ишлари ФВВ ва тегишли хизматлар ходимлари ҳамда махсус муҳандислик техникалари ёрдамида амалга оширилмоқда.
Аввалроқ, “Ўзгидромет” 3-5 апрел кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.