Ўзбекистон | 17:03 / 04.05.2022
34811
3 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятининг бир қатор ҳудудларини сел босди

Сел оқими аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошиши ҳолатларига олиб келган.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 4 май куни Жиззах вилоятининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари кузатилган. Ҳодиса жойларида ФВВ қутқарувчилари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда

Фото: Жиззах вилояти ФВБ

Жумладан, Зомин туманининг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида туманнинг “Пишоғар”, “Аччи” ва “Шўрча” қишлоқларидан ўтган сойлардан сел сувларининг оқиши кузатилмоқда.
 
Ҳодиса натижасида сел сувлари “Жиззах - Зомин” автомобил йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан, ушбу йўлнинг 25, 26, 27-километрлари устидан тошиб ўтган.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ

Хабарда маълум қилинишича, “Пишоғар” ҚФЙ Қонғли қишлоғида яшовчи, 20 ёшли Э.Н. сувда оқиб кетаётганда ФВВ ходимлари қутқариб қолган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг аҳволи яхши, тан жароҳати олмаган.

Шунингдек, сел оқими натижасида аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошиши ҳолатлари кузатилган.

Қайд этилишича, сел тошган жойларда вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Йўлларда хавфсизлик ЙҲХ хизмати томонидан назоратга олинган.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ

Кеча, 2022 йил 3 май куни ёғиб ўтган ёмғирлар Сурхондарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли селларни келтириб чиқарди. Сел енгил машина ва чорва молларини оқизган. Бундан ташқари, юқори кучланишли электр линиясининг темир устунини йиқитганди.

“Ўзгидромет” 3-5 апрел кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ

Аввалроқ, 2022 йил 20 апрел куни ёғган ёмғирлар Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кучли селлар келишига сабаб бўлган. Оқибатда, айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланганди.

Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқизиб кетиши натижасида халок бўлган. Ушбу туманда бир нечта қишлоқни сел босган, хонадонлар сув остида қолган, машиналарни сув оқизганди.

Мавзуга оид