Жамият | 15:26 / 04.05.2022
16906
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда онам ва болаларим мени кутишяпти”: ўзга юртда қолаётган заҳматкаш йигит ўтинчи

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида истиқомат қиладиган оила бошлиғи Шавкатбек Мамажонов бундан икки йил аввал жигари билан боғлиқ муаммолар сабаб тўшакка михланади. Унга қўйилган ташхис – жигар циррозидан кун сайин аҳволи оғирлашиб бораверади.

Оила аъзолари сўнгги ва ягона чора бўлган жигар кўчириш операцияси учун тайёргарлик кўра бошлашади. Турмуш ўртоғининг ҳаётини сақлаб қолиш, фарзандларини отасиз қолдирмаслик умидида рафиқаси унга ўз жигарини беришга рози бўлади. Мураккаб ва хорижда ўтказилгани сабабли катта маблағ эвазига ўтказиладиган бу операция учун ҳамма топган-тутганлари-ю, яқинлар кўмаги билан эр-хотин Ҳиндистонга жўнаб кетишади.

Ҳозир операция муваффақиятли ўтказилган, аёлнинг жигаридан бир парчаси турмуш ўртоғига кўчириб ўтказилган. Ҳар иккала бемор ҳам соғайиш умидида даво муолажаларини олишмоқда. Аммо хориждаги клиникада олинаётган муолажалар ва уйга қайтиш учун уларда умуман маблағ қолмаган. Ватанда эса уларни қоракўз фарзандлари ва боласини омон кўриш истагида яшаётган она кутмоқда.

“Оғир дард туфайли кўп азобларни бошдан ўтказдим. Ҳозир мусофир юртда касалхонадамиз. Бу ердан чиқиб, эсон-омон ватанимизга етиб боришимиз учун яхши инсонларнинг ёрдамига муҳтожмиз. Ўзбекистонда қолган онамиз, уч нафар фарзандимиз учун саломат қайтиш насиб қилишини сўраяпмиз”, – дейди бемор Шавкатбек Мамажонов.

Шавкатбек соғ-саломат юрган пайтида меҳнатдан, заҳматдан қочмаган. Туман ободонлаштириш бўлимида ўз юртининг озодалигига ҳиссасини қўшиб келган. Умид қиламизки, турмуш ўртоғи учун ўз ҳаётини хавфга қўйиб жигарини берган бир аёл, ўзга юртда яримжон ҳолатда қолаётган бир бемор тақдири учун бефарқ бўлмайсиз.

Шавкатбек Мамажоновга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0301 7671 7400 Шавкатбек Мамажонов номида

Сбербанк: 5228 6005 4035 1675 қариндоши Алишер Идрисов номида

Мавзуга оид