Ўзбекистон | 22:02 / 11.05.2022
32396
5 дақиқада ўқилади

Ғалла ислоҳоти бозорда ун нархини оширмайди — иқтисодчи

Ғалла сиёсатидаги янги тизим амалда ишласа, ун ва нон нархи мувозанатлашади, ҳатто аста-секин арзонлашиши ҳам мумкин. “Ун қиммат бўлади деб ваҳима қилишга умуман асос йўқ”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров. Унинг сўзларига кўра, ўзгаришлар фақат 2018 йилда эркинлашмай қолган қолипли нон нархига таъсир қилиши мумкин. Kun.uz суҳбатлашган фермерлар етиштирган буғдойларини йиллар давомида давлатга асл нархидан каррасига арзонга сотиб келгани, бу эса ҳатто харажатларини ҳам қопламаганини айтди.

Фото: 123RF

Президент Шавкат Мирзиёев 11 май кунги йиғилишда ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини эълон қилди.

“Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз.

Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилади”, деди президент.

Бу йил давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдойга 3 млн сўм тўланади, бу – ўтган йилгидан 2 баробарга юқори. Сотиб олинган буғдой ойма-ой биржага чиқарилади ва агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.

Kun.uz бу ислоҳотнинг фермерлар ва кластерларга қандай имкониятлар яратиши, ғалла ислоҳотининг нон нархига таъсири бўйича иқтисодчи Отабек Бакиров ва вилоятлардаги фермерлар фикри билан қизиқди.

Таъкидлаш керакки, ҳуқуқий жиҳатдан шу пайтгача ҳам фермерлар ўзи етиштирган маҳсулотни эркин, бозор нархларида сотиш ҳуқуқига эга эди, бироқ амалда давлат эҳтиёжлари учун етиштирилган маҳсулотга нарх бозор тамойилларига риоя этмасдан, марказлашган ҳолда маъмурий усул билан белгиланиб келинди. Бу эса фермерларнинг жиддий зиён кўришларига сабаб бўлган.

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

— Ғалла ислоҳотининг эркин бозордаги ун ва нон нархларига ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Чунки бусиз ҳам ун ва нон тўлиқ бозор шартларида ишлаяпти.

Субсидияланадиган ун (арзонлаштирилган ун) тарқатиш тизими тугатилади. Бусиз ҳам бу тизим амалда ишламаётган эди. Охирги 2 йилда (пандемия даврида бир муддат ишлади) кимдир арзонлаштирилган ун олганини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ.

Ягона таъсир сезилиши мумкин бўлган нархлар бу – буханка (қолипли нон) нархлари бўлади. Буханка нархлари 2018 йилда “эркинлаштирилган” деб эълон қилинган бўлса-да, амалда субсидиялаштириб келинган.

Нон нархи ошади, ун қиммат бўлади деб ваҳима қилишга умуман асос йўқ. Аксинча, агар бугун айтилган гаплар амалда ишласа, ун ва нон нархи мувозанатлашади ва секин-аста арзонлашади ҳам.

Олмос Раҳимов Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Олмос Раҳимов даласи фермер хўжалиги раҳбари:

— Давлат ғаллани адолатли нархда олса, давлатдан ҳам, солиқлардан ҳам қарздорликка кирмаймиз. Ғалла арзон нархда давлат томонидан олингани сабабли сотиб олаётган минерал ўғитлар ва салярка нархларига маблағимиз етишмас эди. Чунки ўғитларни биз бозор нархида харид қилганмиз.

Масалан, ўтган йили давлатга ғалламизни 1550 сўмдан сотган эдик, бозорда эса нарх 3000 сўм эди. Агар ғалламизни бозор нархида сотсак, ҳамма харажатларимиз қопланади. Шу пайтгача кўп фермерларнинг даромади минерал ўғитга тўлайдиган суммасини ҳам қопламай, қарздорликка кириб қолишарди.

Шерзод Холдоров Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги Шерзод Холдоров фермер хўжалиги раҳбари:

— Ўтган 2021 йилда фермерлар ғаллани давлатга 1550 сўмдан сотганди. Ўғитга ҳам маблағимиз етмаган. Сомон сотиб, харажатларнинг бир қисмини қоплаганмиз. Янги ўзгаришлар бўйича, агар менда ортиқча 100-150 тонна буғдой қоладиган бўлса, уйимда уларни сақламай, дон сақлаш корхоналаридан тўғридан тўғри биржага олиб чиқиб сотишим мумкин. Бу ҳам қулай, ҳам молиявий жиҳатдан катта ёрдам бўлади.

Давлат биздан буғдойни арзон нархларда сотиб олгани билан, бозордаги ун нархи қиммат эди. Яъни эркин бозор нархлари асосида ун нархи шаклланиб келган. Доимий ишчиларимизга ҳам хизмат ҳаққи эвазига 2 тоннадан 4 тоннагача буғдой бериб келганмиз.

Фермер бой бўлса, халқ ҳам бой бўлади. Агар қўшимча маблағларимиз бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатамиз, мактаб, боғча каби ижтимоий муассасаларни таъминлашга кўпроқ пул ажратишимиз мумкин.

Мавзуга оид