Ўзбекистон | 15:28 / 11.05.2022
6266
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда вагон ғилдираги орасига яширилган 1,7 килограмм гиёҳванд моддалар фош қилинди

Гиёҳванд моддаларни ҳужжатларда бўш деб кўрсатилган вагон ғилдираклари орасидан хизмат ити топиб берган.

Фото: Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, “Айритом” чегара божхона постида вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамда ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда божхона хизмати кичик инспектор-кинологига бириктирилган хизмат ити ёрдамида гиёҳвандлик воситасининг навбатдаги яширин айланмаси фош қилинган.

Фото: Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

“Айритом” чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб темирйўл юк вагонлари божхона назоратидан ўтказилганда, ҳужжатларга кўра бўш деб кўрсатилган юк вагонларидан бирининг ғилдираклари орасига яширилган 2 та целлофан ўрамдаги 1 килограмм 50 грамм «гашиш» ва 705 грамм оғирликдаги «опий» гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Маълумот учун, жорий йилнинг биринчи чораги давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда божхона постлари орқали кириб келаётган ва ички ҳудудларда ноқонуний муомалада бўлган жами 141 килограмм 470 грамм гиёҳвандлик моддалари ва 610 дона гиёҳвандлик ҳамда психотроп таблеткалар тўхтатиб қолинган.

Мавзуга оид