Жамият | 16:38 / 12.05.2022
14583
6 дақиқада ўқилади

“Пул топиш учун ёшлик қиляпман…” — онасини асраб қолиш умидидаги 12 яшар ўғил

18 ёшида соғлом ҳолда турмушга чиққан Дилдора опа Эгамбердиеванинг 11 йиллик турмушидан орттиргани таҳқир ва калтаклар ортидан топилган оғир хасталик бўлди. Кенжа қизалоғининг ногиронлиги етмаганидек, бирдан тутиб қоладиган хуружи, ўзидан ҳам онасини кўпроқ қийнайди.

Фото: Shutterstock

Бугун Дилдора опага йиллар давомидаги эзилишлар ва уч фарзанднинг келажаги ҳақида қайғурилган ўйлар ортидан иккинчи касаллик эргашди. Энг қизиғи, у бутун танасига без тошириб юборган бу касалликнинг номини ҳам билмайди. Текширтириш учун эса унинг пули йўқ.

Икки ярим йилдан буён онасининг уйида 6 ёшли Рихсихоннинг 1-гуруҳ ногиронлик нафақа пулига ҳам даволаниб, ҳам кун кечираётган қаҳрамонимиз куни кеча Kun.uz сайти эшигини тақиллатди.

Дилдора опа Эгамбердиева бошидан кечирган ҳаёт ҳикоясини сўзлар экан, унинг кўзидан оқаётган кўз ёшлар оилаларда аёлларга нисбатан рўй бераётган зўравонлик оқибати эканига амин бўласиз.

Уч кунлик келин ҳикояси

“2008 йил 18 ёшимда уйимиздан 9 ҳовли нарида турадиган қўшни йигитдан совчи келди. Бир кўчанинг одамимиз, касалманд онасига қараб дуосини олсанг кўкарасан, деб ота-онам рози бўлишди.

Уч кунлик келин эдим. Эрталаб пайти қайнонам менга “келин, бир чой дамлаб беринг”, деди. Ҳали янги келин эмасманми, нима қаерда туришини билмаганим учун “ойижон, чойнак қаерда?” деб сўрадим. Шундай дейишим билан “сен ойимнинг туролмаслигига киноя қилиб сўраяпсан” дея турмуш ўртоғим калтаклаган. Уч кунлигимдан бошланган калтакбозлик уч фарзандимни дунёга келтиргунимча ҳам тўхтамади. Шунча азобларга қарамасдан, ўзбекчиликда қиз бола уйига қайтиб борса, оиласи иснодга қолади, деб ота уйимга кетмадим.

Қайнотам шифохонаси автотураргоҳида қоровул бўлиб ишларди. Эрим бўлса, биз билан уйда ўтирарди. Қайнотамнинг маошига кун кечирар эдик, холос.

Қайнонамнинг аҳволи кун сайин оғирлашар, даволанишга эса пул йўқ эди. Юрак инфаркти билан инсулт бўлиб ётиб қолгани боис сал тоби қочса, ўлиб қолишидан қўрқардим. Шу сабабли, йиллар давомида қилмаган ҳалол меҳнатим қолмади. Аввалига бозорда манти, сомса қилиб сотдим-у, кейинчалик маҳсулот етказолмадим. Тирикчиликнинг айби йўқ, деб баклашга териб сотган кунларим ҳам бўлди. Шундан олинадиган фойда ҳам анча-мунча дардимизни енгиллатарди. Ҳеч бўлмаса, кунлик топганим ойижонимнинг дорисига етса хурсанд бўлардим. Чунки қайнонам фаришта аёл эди”.

Кенжа қизим ногирон туғилди

“Ўша пайтлар кичкина қизимга ҳомиладорлигимни ўзим ҳам билмаганман. Шу ҳолимда ҳам тинимсиз еган оғир калтакларимнинг эвазига кенжа қизим ногирон туғилди.

Шу қизим уч ёш киргунча шифохонада даволаниб ётдик. Болам бечорани бир томондан церебрал фалаж касаллиги қийнаса, иккинчи томондан, мендаги эпилепсия тутиб қолган пайтда нариги дунёнинг эшигидан қайтарди. Бу орада бизга жуда кўп пул керак бўлди. Дори-дармон тугул, кунимиз базўр ўтарди.

Бир куни тўсатдан ҳамширалардан шифохона ҳовлисига қоровул кераклиги ҳақида эшитдим. Кейин суриштириб, умр йўлдошимни шу иш ўрнига қўйиш учун ҳаракат қила бошладим. Даставвал, қамалиб чиққанлиги учун қабул қилишмади. Сўнгра бош шифокорнинг ёнига кириб, болам учун дори пули керак, дея зўрға рухсат олдим. Турмуш ўртоғим шифохонага қоровул бўлиб ишга кирди. Дадасининг маоши оила бюджетимизга озгина бўлса ҳам қувват бўлди. Чунки қизимизнинг дориларига кўп пул кетарди”, дея йиғлаб сўзлайди Дилдора опа.

12 ёшли фарзанд пул топиб, оилага ёрдам бермоқчи

Онасининг гапларини тасдиқлаб турган болажонларнинг кўзларида ёш айланади. Оиланинг 11 йиллик носоғлом муҳитини кўриб улғаяётган уч фарзанднинг маънавий зарари ва доимий стресслар танганинг бир томони бўлса, иккинчи томони 4-5 йил олдин ташлаб кетган отаси билан онасининг ўртасидаги сарсонгарчилик.

Баъзида очлик ҳиссини ҳам қондирмаётган нон муаммоси Муҳаммадсолиҳни ҳам пул топишга мажбур қилмоқда.

Мавзу юзасидан Дилдора опа яшайдиган Шайхонтоҳур тумани “Катта ҳовуз” МФЙ раиси Фатҳулла Қўлдошев билан боғландик. У оиланинг чиндан ҳам оғир аҳволда эканини тасдиқлаб, 12 ёшли Муҳаммадсолиҳнинг маҳалла идорасидан, онасининг дори пуллари учун ишламаса бўлмаслиги ва унга иш топиб беришини илтимос қилганини айтиб берди.

Ҳали ўсмирлик ёшига ҳам етмаган болакайнинг дарди дадасининг ҳис қилмаётган оила боқиш масъулиятидан оғирроқ кўринади, кишига. 10 ёшли Бибисора эса онасини уринтириб қўймаслик учун рўзғор юмушларини гарданига олган. Қизалоқнинг сўзларига қулоқ тутар эканмиз, унинг катталардек фикрлаши-ю, онасига ачиниб айтаётган ҳасратлари ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати эканини англатиб туради

Онамнинг ўлиб қолишидан қўрқамиз.

“Дадам бизни 4-5 йил олдин ташлаб кетган. Шундай бўлса ҳам, тоғамлар билан бир ҳовлида сиқилиб қоламиз, деб ижараларда яшаб юрдик. Бувимларникига келганимизга икки ярим йилдан ошди. Билишимизча, дадам биздан кейин бир неча марта оила қурибдилар. Бироқ шу пайтгача биздан бирор марта хабар олмади.

Дадам ва синглимни ўйлайверган ойимнинг баданига тошма тошиб кетди. Бу қайси касаллик аломати эканини билмаяпмиз. Ойим оилавий поликлиникамизга борганида шифокорлар саратон касали бошланаётган бўлиши мумкинлигини айтибди. Тўлиқ текширувдан ўтишимиз учун етарлича пул тополмаяпмиз. Биз ойим ўлиб қолишидан жуда қўрқамиз. Ундан бошқа яқин инсонимиз йўқ.

Онамиз ҳаётга қайтиши учун яхши инсонлардан ёрдам сўраймиз. Худо хоҳласа, катта бўлганимизда, албатта, қайтарамиз. Бироқ ҳозир кўп пул топишга кичиклик қилганимиз учун ойижоним айтиб берадиган ривоятлардаги саховатпеша инсонлардан ёрдам беришларини илтимос қиламиз”, дейди Муҳаммадсолиҳ.

Оилага ёрдам бериш истагида бўлганлар учун:

Uzcard: 8600 3329 8477 9714 (Дилдора Эгамбердиева номида)

Умида Сатторова ёзиб олди.

Мавзуга оид