Жаҳон | 08:07 / 23.05.2022
11971
2 дақиқада ўқилади

SIPRI: Дунё инқирозларнинг янги даврига қараб кетмоқда 

Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти экспертлари огоҳлантиришича, Россиянинг Украинага қарши уруши, COVID-19 пандемияси ва бошқа таҳдидлар дунё учун жиддий хавф келтириб чиқармоқда.

Фото: AA

Экологик инқироз ва хавфсизлик соҳасидаги инқирознинг комбинацияси бутун дунё тинчлигига таҳдид солади. Қарор қабул қилувчилар эса «янги хавф даври»га тайёр эмас, дея огоҳлантиради Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) экспертлари 23 май, душанба куни эълон қилинган ҳисоботда.

Ҳужжат халқаро хавфсизлик соҳасида келажакнинг даҳшатли манзарасини тақдим этади. Унда экологик инқироз - иқлим ўзгариши, ресурслар танқислиги, айрим ўсимлик ва ҳайвон турларининг йўқ бўлиб кетиши - Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари билан боғлиқ хавфсизлик инқирози ҳамда COVID-19 пандемияси каби бошқа таҳдидлар билан қандай ўзаро таъсир қилиши кўрсатилган.

Швеция собиқ ташқи ишлар вазири ва Европа иттифоқининг атроф-муҳит бўйича комиссари Маргот Вальстрём ҳисоботнинг сўзбошида «Бундай ўзаро таъсир заҳарли ва ҳалокатли. Ечим топишга масъул бўлган муассасалар эса жуда секин уйғонмоқда», деб ёзди.

Мисол учун, Сомалида давом этаётган қурғоқчилик ва иқлим ўзгаришининг бошқа оқибатлари, қашшоқлик ва заиф ҳукумат билан биргаликда «Ҳаракат ал-Шабаб» радикал гуруҳи фаолиятини кучайтиришга ёрдам бермоқда, Марказий Америкада эса иқлим ўзгаришининг донли экинлар ҳосилига таъсири зўравонлик ва коррупция билан биргаликда, АҚШга миграциянинг ортишига олиб келди, дейилади ҳисоботда. 

«Атроф-муҳит бўйича кўплаб экспертлар биз ҳозир жуда муҳим нуқтада эканимизни таъкидламоқда: биз экологик инқирозга йўл беришимиз ёки муаммони ҳозир тан олишимиз ва уни ҳал қилиш учун нимадир қилишимиз мумкин», деди SIPRI раҳбари Дэн Смит Dpa ахборот агентлигига берган интервьюсида. «Ёмон хабар шундаки, бу жуда муҳим лаҳза халқаро сиёсат даҳшатли ҳолатда бўлган бир вақтда содир бўлди», деди у. 

Мавзуга оид