Ўзбекистон | 20:32 / 23.05.2022
14669
5 дақиқада ўқилади

«Спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда» — Шавкат Мирзиёев

Спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда умумреспублика спорт мусобақалари «туман—вилоят—республика» занжири асосида ташкил этилиши белгиланди.

Бундан буён:

  • бирламчи саралаш босқичидан ўтмаган спортчилар вилоят ва республика босқичида иштирок этмайди;
  • миллий терма жамоаларга барча босқич мусобақаларида иштирок этиб ғолиб ёки совриндор бўлган ёшлар саралаб олинади;
  • ҳар йили маҳалла ва муассасалар жамоалари иштирокида кўп босқичли Ҳоким кубоги ташкил қилинади.

Халқаро тажриба ва стандартлар асосида спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади.

Президент спорт соҳасидаги илмий салоҳиятнинг амалдаги ҳолати ҳам талаб даражасида эмаслигини танқид қилди.

«Бирорта спорт тури бўйича маҳаллий олимлар томонидан на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, спорт муҳандислиги, кардиомашғулотлар бўйича бизда умуман мутахассислар тайёрланмайди. Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда», дейди давлат раҳбари.

Жисмоний тарбия ва спорт университети, республика малака ошириш ҳамда спорт илмий-тадқиқот институтларининг роли умуман сезилмаётгани қайд этилди.

Шу боис мутасаддиларга:

  • олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёрлаш, уларни соғлом овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;
  • келгуси ўқув йилидан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт диетологияси, муҳандислиги ва кардиомашғулотлар, Тиббиёт академиясида спорт медицинаси ва фармакологияси бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
  • йилига камида 20 нафар маҳаллий тренер, спорт шифокори ва бошқа мутахассисларни хорижда малака ошириш тизимини жорий этиш;
  • Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Йиғилишда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Унга кўра, энди ҳар бир маҳаллада апрел-июн ва сентябр-декабр ойларида мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар электрон рўйхатга киритилади ҳамда ҳудуддаги спорт мактабида малакали мураббийлар билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлади. Улар жисмоний тайёргарлик даражаси ва разрядига қараб, кейинги босқичга ўтказилади. Спорт мактаблари муайян олимпия спорт турлари бўйича базага айлантирилади. Мураббийларнинг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.  

Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий этиб, яхши натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп функцияли спорт майдончалари қурилиши қайд этилди.

Бугунги кунда Олимпия захиралари коллежларига 14 ёшдан катта ўсмирлар қабул қилинмоқда. Оқибатда ёшларни Олимпия ўйинларига тайёрлаш кеч бошланаяпти.

Шу боис, бу борада ривожланган давлатлардаги илғор тажрибалар ўрганилди. Энди у асосида спортчиларни профессионал тайёрлаш тизими ислоҳ қилинади. Яъни бу соҳадаги коллежлар Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази сифатида ташкил этилади. Бу марказлар 5-9-синфлар учун Олимпия мактаби, 10-11-синфлар ҳамда 1-2-курслар учун Олимпия ва паралимпия коллежи бўлиб хизмат қилади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида илғор тренер ва хорижий экспертлардан иборат Мураббийлар кенгаши тузилиб, мусобақаларда энг юқори натижага эришган ёшларни коллежларга саралаб олади. Коллеж битирувчилари эса келгусида Олий спорт маҳорати институтига қабул қилинади. Шу тариқа, профессионал спортчилар тайёрлашнинг узлуксиз тизими яратилади.

Спортни ривожлантириш вазирлигига 20 та истиқболли олимпия турини белгилаб, улар бўйича ҳудудий «таянч база»ларни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Соҳадаги илмий салоҳият ҳам талаб даражасида эмаслиги айтилди. Маҳаллий олимлар томонидан бирорта спорт тури бўйича на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, спорт муҳандислиги, кардио-машғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмаяпти.

Шу боис, олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёрлаш, соғлом овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт диетологияси, муҳандислиги ва кардио-машғулотлар, Тиббиёт академиясида спорт медицинаси ва фармакологияси бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш топшириғи берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.

Мавзуга оид