Бекобод шаҳри ҳокими ўзгарди. Собиқ ҳоким ишдан кетаётганини ижтимоий тармоқ орқали хабар қилганди
Қурилиш вазирининг собиқ ўринбосари Насрулло Бобоев Бекобод шаҳрининг янги ҳокими бўлди. Бу лавозимни 2017 йилдан буён эгаллаб келган Зафар Файзуллаев 12 май куни фейсбукдаги саҳифасида бекободликлар билан хайрлашганди.
Насрулла Бобоев Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.
Н.Бобоев 1985 йилда Бекобод шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 2005 йилда Тошкент архитектура ва қурилиш институтини бакалавр (кундузги), 2007 йилда мазкур олийгоҳнинг магистрлигини (кундузги) тамомлаган.
У 2021 йил мартидан қурилиш вазири ўринбосари бўлган, 2022 йил 23 майида бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимидан озод этилганди.
Маълумот учун, Бекобод шаҳрининг аввалги ҳокими Зафар Жоруллаевич Файзуллаев бу лавозимда 2017 йил июнидан буён ишлаб келаётганди. Унга 2020 йил августида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан «Дўстлик» ордени берилганди.
2022 йил 12 май куни у фейсбукдаги саҳифаси орқали лавозимини тарк этганини маълум қилганди.
«Ҳурматли ҳамшаҳарлар, дўстлар. Бугун менинг Бекобод шаҳар ҳокими сифатида ваколатим якунига етди.
Бу буюк шаҳарга раҳбар этиб тайинлаганлари учун ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромоновичга чексиз ҳурматимни ва миннатдорлигимни билдираман. Шу 5 йил давомида ҳурматли Президентимиз доим ўз меҳрларини Бекобод шаҳрига ва унинг меҳнаткаш аҳолисига билдириб келдилар. Қилинган ишларни санаб чиқсак, қоғозлар том-том бўлиб кетади.
Мен барча бекободликларга ҳурматимни билдириб, уларнинг ҳаётларида омад ва саодат тилайман.
Мен ҳам қўлимдан келганча сизлар билан ишлаб, яшаб, шу ернинг сувини ичиб, ҳавосидан нафас олиб, тузини еб, фаолият кўрсатдим. Барчангизга сиҳат-саломатлик, омад тилайман. Йўл қўйилган камчиликларим учун сизлардан узр сўрайман. Хайр!» – дея ёзганди собиқ ҳоким.
Қарийб беш йил давом этган ҳокимлик фаолиятида Тошкент вилоятининг қатор раҳбарлари билан ишлаган Зафар Файзуллаев лавозимини нега тарк этгани ва унинг кейинги фаолияти маълум эмас. Kun.uz мухбири манбасига кўра, унинг кетиши вилоятнинг ҳозирги ҳокими Зоир Мирзаев билан муносабати бузилиши ортидан рўй берди.
Мавзуга оид
16:31 / 04.11.2024
Ўзбекистоннинг Индонезиядаги янги элчиси тайинланди
15:44 / 01.11.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
18:28 / 30.10.2024
Мактабгача ва мактаб таълими вазирига янги биринчи ўринбосар тайинланди
18:32 / 28.10.2024