Авариялар, шарпалар, олигархлар — ҳафта дайжести
Ўзбекистонда 8 миллион кишига пул тарқатиляпти: кимга қанчадан? Конституцияга киритиладиган илк ўзгариш маълум: қачон “шарпалар”дан асосий саволга ўтилади? Жаҳон банки 3 йил ичида Ўзбекистонни олигархлар эгаллаб олишини башорат қилди: хусусийлаштириш жараёнлари буни исботлаяптими? Ўтган ҳафтанинг асосий янгиликлари – Kun.uz дайжестида.
8 миллион кишига пул тарқатиляпти
Ўзбекистонда аҳолига яна пул тарқатилмоқда. Пенсия ва нафақа олувчи қарийб 4 миллион фуқарога Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан, бошқа ҳудудларда 300 минг сўмдан бир марталик ёрдам кўрсатиляпти. Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларда яшовчи 4,5 миллион боланинг ҳар бирига 200 минг сўмдан бериладиган бўлди.
“Темир дафтар”га киритилган, лекин юқоридаги икки тоифага мансуб бўлмаган оилаларга эса ҳар бир оила аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатилади.
Эҳтиёжманд аҳолини тўғридан тўғри пул тарқатиш орқали қўллаб-қувватлаш пандемия даврида кўплаб давлатларда кузатилган эди. Ўзбекистонда ҳам 2020 ва 2021 йилларда бир неча марта аҳолининг алоҳида тоифаларига пул тарқатилди. Охирги марта ўтган йилнинг декабр ойида айрим тоифа фуқароларга 800 минг сўмдан берилганди.
Таъкидлаш керак, бу сафар ёрдам олувчилар сони аввалгиларидан бир неча баробарга кўп. Бу галги акция инфляция тезлашгани фонида рўй бермоқда. Шунингдек, бу йил давлат ғаллани фермерлардан бозор нархида сотиб оладиган бўлди. Фермерлар узоқ кутган янгиликнинг рўй бериши айрим ҳудудларда эркинлашмай қолган қолипли нон нархини ошириши, яъни бозор нархига ўтказиши кутиляпти.
Камбағаллик муаммоси кўплаб ривожланган давлатларда аллақачон ҳал этиб бўлинган. Ўзбекистон эса кейинги беш йилда камбағаллик даражасини 2 баробарга камайтиришни мақсад қилган. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Бухорода ўтказилган форумда айтиб ўтди.
Ўзбекистонда камбағалликнинг ҳозирги даражаси қанақа экани, яъни аҳолимизнинг қанчаси камбағал яшаётгани бўйича тадқиқотлар ва статистик рақамлар ҳозирча эълон қилинмаган. Худдики, ҳали номаълум рақамни 2 баробарга камайтириш ҳақида гапирилаётгандек. Шуниси аниқки, Ўзбекистонда 4,5 млн нафар бола кам таъминланган оилаларда улғайяпти.
***
Энг йирик нефт заводларидан бири сотилди
Ўзбекистонда давлат мулкларини хусусийлаштиришнинг навбатдаги босқичи давом этяпти. Душанба куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги юз фоиз давлат улуши сотилгани эълон қилинди. Харидор – “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ.
Бу хусусийлаштириш жараёни бўйича жамоатчиликда қатор саволлар уйғонди. Аввало, “очиқ ўтди” деб айтилган танловда “Саноат энергетика гуруҳи”дан бошқа яна қайси компаниялар қатнашгани номаълум. Қолаверса, бу МЧЖга эгалик қиладиган компания Кипрдаги офшорга бориб тақалади.
Яна шуниси эътиборлики, Ўзбекистондаги нефт конларининг катта қисми “Саноат энергетика гуруҳи” қўлига ўтиб қолган. 2019 йилда қабул қилинган ҳукуматнинг махфий қарорига асосан, ўша пайтда номи Jizzakh Petroleum бўлган компанияга “Ўзбекнефтгаз” балансидаги 102та нефт ва 6та газ кони ўтказиб берилган. 2021 йилда эса “Ўзбекнефтгаз” Jizzakh Petroleum'даги барча улушларидан воз кечган. Давлатнинг миллионлаб долларлик бу активи сотилганми ёки бошқа йўл билан совға қилинганми, номаълумлигича қолмоқда.
Тасодифни қарангки, 2021 йилда рўй берган айни шу хусусийлаштиришдан кейин, 2022 йилдан бошлаб нефт ва табиий газ бўйича солиқ ставкалари фақат хусусий компаниялар учун нақ 2-3 баробарга пасайтирилди. Мисли кўрилмаган даражадаги бундай тарихий солиқ имтиёзи бошқа ҳеч бир соҳага эмас, умуммиллий бойлик деб эълон қилинган ерости активларига нисбатан жорий этилди.
Kun.uz'даги маълумотга кўра, 2022 йилнинг январ-апрел ойларида Ўзбекистонда қазиб олинган нефтнинг 14 фоизи “Ўзбекнефтгаз”, 66 фоизи эса “Саноат энергетика гуруҳи” томонидан қазиб олинган.
***
Ўзбекистонда олигархияга уч йил қолдими?
Собиқ СССР давлатлари тажрибасига қарайдиган бўлсак, айнан хусусийлаштириш жараёнлари олигархлар вужудга келишида катта ўрин тутади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистонга оид янги ҳисоботида алоҳида қайд этилган. Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистонда жамият манфаати эмас, якка ўз манфаатини кўзловчи шахсларнинг ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи 2025 йилга бориб энг юқори даражага чиқиши мумкин.
Жаҳон банки маълум бир шахслар учун алоҳида ва яширин имтиёзлар берилаётганига ҳам эътибор қаратди. “Бу имтиёзларнинг баъзилари ҳақида эълон қилинади, лекин кўп келишувлар, айниқса молиявий рағбатлантириш билан боғлиқ бўлганлари, яширин тарзда муҳокама қилинади ва ошкор этилмайди”, дейилади ҳисоботда.
Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон давлат бошқарувида охирги йилларда қатор ютуқларга эришган, лекин кўп ислоҳотлар ҳали охирига етмаган. Масалан, шаффофликни ошириш, коррупцияни камайтириш, сўз эркинлигини таъминлаш, адолатли суд-ҳуқуқ тизимини қуриш, депутатлар назоратини кучайтириш бўйича қилинган ишларни Жаҳон банки “жуда заиф ва тугалланмаган” деб таърифлади. Бундан ташқари, халқаро экспертлар ҳокимларнинг жавобгарлигини кучайтириш ишларини анча суст деб баҳолади.
Ҳисоботда савдодаги тўсиқларга ҳам урғу берилган. Жаҳон банкининг тавсиясига кўра, агар Ўзбекистон ҳам Жаҳон савдо ташкилотига, ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмоқчи бўлса, ЖСТни биринчи ўринга қўйгани мақсадга мувофиқ.
Жума куни ЕОИИнинг олий саммитида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бу иттифоқ билан шериклик муносабатларини кузатувчи мақомида давом эттиришини айтди. Кузатувчилар бу баёнотни Ўзбекистон ҳозирча ЕОИИга қўшилиш ниятида эмаслигининг белгиси деб ҳисоблаяпти.
***
Конституция: Ҳатто шарпалар ҳақида ҳам гапириляпти, асосий саволга эса жавоб йўқ
“Дунёда конституцион ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди” –конституцияшунос Акмал Саидовнинг бу гапи ҳафта иқтибосига айланди.
“Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг “Коммунистик партия манифести” Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди, деган сўзлар билан бошланган. Мен шуни сал бошқачароқ қилиб, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди, демоқчиман”, деди Саидов ва охирги 25 йилда 100дан ортиқ давлатда конституциявий ислоҳот бўлаётганини қўшимча қилди.
Конституциявий комиссия фуқаролардан таклиф йиғишни бошлади. Бунинг учун meningkonstitutsiyam.uz портали, Telegram-бот ва колл-марказ ташкил қилинди. Порталдаги таклифлар модерациядан ўтганидан кейин эълон қилинади.
Киритилажак ўзгаришлардан биринчиси маълум бўлди дейиш мумкин: Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳокимларнинг туман кенгашини бошқаришига чек қўйиш кераклигини айтди. “Қачонгача, ҳоким ҳам ижро ҳокимияти, ҳам вакиллик ҳокимиятининг раҳбари бўлиши керак? Бу – очиқ гап, нотўғри. Конституция бу масалани ечиб қўйиши керак”, деди у.
Комиссия фуқаролардан келиб тушган илк таклифларни очиқлади. Улар орасида, ҳар ким интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, инсофсиз рақобатга ва монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини конституцияга киритишга чақириқлар бор. Бундан ташқари, энг кам ойлик инсоннинг нафақат ўзи, балки оиласининг ҳам ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши кераклигини асосий қонунга киритиш ҳам кўриб чиқилади. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда энг кам ойлик – 822 минг сўм; бу миқдор кейинги ойдан 920 минг сўм бўлади.
***
Тинч замоннинг бегуноҳ қурбонлари
Ҳафта давомида даҳшатли аварияларнинг суратлари кўпчиликни ларзага солди. Сирдарёда “Lacetti” ва “Nexia” тўқнашувида ҳар иккала машина ҳам консерва банкасидек мажақланиб кетди. Куппа-кундузи рўй берган ҳодисада 5 киши ҳаётдан кўз юмди. Улар орасида 6 ва 3 ёшли болалар ҳам бор.
Бекободда шунга ўхшаш манзара “Cobalt” ва “Жигули” иштирокида рўй берди. Бу авария ҳам тунда эмас, туш пайтида содир бўлди. Вафот этган икки инсондан бири – шу йил туғилган чақалоқ. Уч киши шифохонага ётқизилди, улардан бири – 9 ёшли бола.
Яна бир даҳшатли ЙТҲ Наманганнинг Косонсой туманида рўй берди. 7-синф ўқувчиси “Жигули”да бошқарувни йўқотиб, йўл четида кетаётган ўз тенгдошини босиб кетди. Бола шифохонада вафот этган.
Ақлга сиғмайди. Шу учта авариянинг ўзида тўртта бола қурбон бўлди, яна бири жароҳатланди. Тинч замонда мактабга кетган бола уйига тобутда қайтса, онасининг бағридаги чақалоқ консервадек мажақланган машина ичида ўлса, битта машинада кетаётган боғча ёшидаги иккита норасида нима бўлганини тушуниб етмай, минг азобда касалхонада жон берса. Ақлга сиғмайди.
Ҳафта охирига келиб, яна битта ЙТҲ ҳақида хабар берилди. Самарқанднинг Булунғур туманида 8-синф ўқувчиси отасининг “Lacetti”сини ҳайдаб чиқиб, икки кишини уриб юборган, улардан бири вафот этган, иккинчиси шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистонда авариялардан ўлим кўрсаткичи ҳаддан ташқари юқори. Ишонч билан айта оламизки, бунда коррупцияни ҳимоя қилаётган, таниш-билишчиликни қўллаб-қувватлаётганларнинг билвосита қўли бор. Қоидабузар танишини жазодан қутқариб қолиб, бу орқали қоидани менсимаслик “крутой”ликка айланишига сабаб бўлаётганлар, йўл таъмири учун ажратилган пулларни ўғирлаётганлар, сунъий танқислик яратиб, сифатсиз машина чиқараётганлар ва шунга шароит яратаётганлар барча лавозимларидан ҳайдалмас экан, йўлларда болалар қони оқишда давом этади.
Фарзандларингизни эҳтиёт қилинг, қоидани бузманг.
***
Пиёда юрганларни мукофотлаш: у гўё ҳеч қачон бўлмагандек...
Ёдингизда бўлса, кунига 10 минг қадам юрган фуқароларга 3 минг сўмдан пул тўлаш 1 йил ҳам давом этмасдан, январ ойида тўхтатиб қўйилган эди. Ўшанда бунинг ўрнига янгича тартиб ўрнатилиши ваъда қилинганди.
Маълум бўлишича, янги тартиб жорий этилмасдан, пиёда юрганларни рағбатлантириш лойиҳаси апрел ойида буткул ёпиб юборилган.
Эътиборлиси, ноябр ойида президент бу лойиҳани давом эттириш кераклигини айтганди: “Келгуси йилда тарғибот ишларини кучайтириш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 миллиард сўм ажратилсин. Қайси давлатда бор – юрганга пул бериш? Лекин мен шунга розиман”, деганди Шавкат Мирзиёев.
Лойиҳани бекор қилиш ташаббускорлари президент ташаббусига қарши чиқишганини яхши тушунишган шекилли, бу ҳақда 2 ойдан бери жамоатчиликка бир оғиз ҳам гапиришмаган. Бу маълум бўлганидан кейин ҳам масъуллар, аниқроғи Спорт вазирлиги бирорта изоҳ беришни ўзига эп кўрмади.
Маълумот учун, январ ойида “Соғлом турмуш тарзи” иловаси фойдаланувчилари 1 миллионга етгани айтилганди. Спорт вазирлиги айримлар дастурни манипуляция қилаётганини айтиб, бир неча марта илова ишини тўхтатиб қўйганди. Ваҳоланки, кимдир телефонини вентиляторга айлантириб пул ишлаган бўлса, дастурни қурилманинг GPS'ига улаш билан муаммони ҳал қилса бўларди. Яна бир масала, бир йил ҳам ишлатилмаган илова ва платформани яратишга сарфланган бюджет пуллари учун ким жавоб беради?
***
Бу ҳафта яна нималар бўлди?
Самарқанд туманидаги ажабтовур 12 қаватли бино бузиб ташланиши мумкин. Ҳовлилараро бўй чўзган бу бинонинг сурат ва видеолари интернетда тарқалиб, “архитектура ёдгорлиги” деб киноя қилинаётган эди. Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, бино ноқонуний қурилган. Фуқаро ўз уйининг бир қисмини бузиб, 2012 йилда меҳмонхона қуришни бошлаган. Унга қурилиш инспекцияси бир неча марта огоҳлантириш берган. Мутахассисларга кўра, бинонинг сейсмик ҳолати талабга жавоб бермайди, колонналарнинг айрим жойлари дарз кетган. Бинони бузиб ташлаш бўйича хулоса берилган бўлиб, иш судда кўриб чиқилади.
Самарқанд шаҳрида ички ишлар ходимлари қозоғистонлик сайёҳларни тунги вақтда юргани учун тўхтатиб, паспортларини кўрсатишганига қарамай ИИБга олиб боргани, бунга мажбурлаш учун электрошокер қўллагани аён бўлди. Ходимлар соат 23:00дан кейин шаҳарда юриш мумкин эмаслигини иддао қилган. Ходимлардан бири бу ҳаракатларини уларга “план” қўйилгани билан изоҳлаган. Ички ишлар вазирлиги тегишли ходимлар ишдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилишини маълум қилди. Ҳолатни Қозоғистон томони назоратга олган. “Ўзбекистон жамоатчилигининг ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларнинг ҳаракатларини қоралаяпти”, деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров.
23 майга ўтар кечаси республикага совуқ ҳаво оқими кириб келиб, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида қор ёғган эди. Ўша куни тоғларда ҳарорат нол даражагача пасайган. Чорвадорларнинг айтишича, Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида 500 га яқин қўй ва эчкилар музлаб қолган.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров депутатнинг дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилинди. У давлат манфаатларига 1,7 млрд сўм зарар келтирганликда гумонланяпти. Шу ҳафта берилган маълумотга кўра, коррупция урчиб кетгани бўйича энг кўп шикоят тушаётган ҳудуд ҳам, энг кўп коррупцион жиноят содир этилаётган ҳудуд ҳам айнан Андижон вилояти бўлиб турибди.
Асака шаҳрида шифокорлар бемор қорнида салфеткани унутиб қолдирди. Воқеа 2020 йилда бўлган. Туғуруқхонага келган ҳомиладор аёл кесарча кесиш усулида туғдирилгач, унинг қорнида салфетка бўлаги қолиб кетган. Бу 9 ой ўтгандан кейин, аёл қаттиқ қорин оғриғи билан мурожаат қилган пайтда аён бўлган.
Хонанда Наргиз Тошкентдан Москвага учиб борганида, Домодедово аэропортида қўлга олинди ва Ўзбекистонга қайтариб юборилди. Маълум бўлишича, унинг Россияга киришига 50 йиллик тақиқ қўйилган. Адвокатининг айтишича, у Россиянинг Украина урушига нисбатан салбий фикр билдиргани учун шундай тақиққа учраган. У Instagram'да “Украинага шараф” деб ёзилган пост остига “Қаҳрамонларга Шараф!” дея жавоб ёзгани айтилмоқда.
UzAuto Motors'нинг Cobalt ва Nexia-3 моделларига магнитола қайтяпти. Лекин ҳаммасига ҳам эмас. Машинаси магнитола билан келган харидорлардан қўшимча 1 млн 200 мингга яқин маблағ ундирилмоқда. Компания бу ҳақда ҳозирча расман маълумот берганича йўқ.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024