Иқтисодиёт | 08:29 / 29.05.2022
42470
5 дақиқада ўқилади

Бозордаги вазият: Ўсимлик ёғи, гуруч, картошка ва пиёз нархи қимматлашди

Kun.uz мухбирининг Тошкент шаҳридаги Фарҳод деҳқон бозорида ўтказган ўрганишларига кўра, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сезиларли даражада ошган. Бунга импорт нархлари қимматлашгани, экин майдонлари қисқаргани ва мавсумий омиллар таъсир ўтказгани айтилмоқда. 

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат нархларининг сезиларли даражада ошганлиги юзасидан эътирозлар билдирилмоқда. Kun.uz мухбири ушбу вазиятни ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Фарҳод деҳқон бозоридаги нархлар бўйича суриштирув ўтказди.

Қайд этилишича, ўртача сифатдаги 1 литр кунгабоқар ёғи 23-24 минг сўм атрофида, пахта ёғи эса 21 минг сўмдан сотилмоқда. Беш литрлик кунгабоқар ёғининг баҳоси  115 минг, пахта ёғининг нархи эса 95 минг сўмдан бошланади.

Тадбиркорлардан бирининг сўзларига кўра, кунгабоқар ёғининг қимматлашиши импорт нархларининг ошганлиги билан боғлиқ.

«Мен оддий олиб сотарман. Улгуржи олган нархларимга маълум миқдорда ўз фойдамни қўйиб сотаман. Россиядан импорт қилинадиган ўсимлик ёғларининг нархи қимматлаша бошлаганига анча бўлди. Бошида арзонроқ нархда сотиб олган захира маҳсулотларимиз бўлгани боис, уларни сотиб тугатгунимизча, нархларни кескин оширмадик. Аммо охирги бир ҳафтада нархлар сезиларли даражада қимматлашди. Ўн кунча олдин 19-20 минг атрофида сотган маҳсулотларимизни, 23 мингдан сотяпмиз. Бундан кейин нархлар ошиши ёки тушиши ҳақида аниқ бир нарса айта олмайман», деди у.

Ун нархи ҳам кескин қимматлашган. Қозоғистондан импорт қилинувчи 1 кглик «Алтин дан» уни 1 килограмми 11 минг сўмдан сотилмоқда. Арзонлаштирилган ярмаркаларда эса 1 кг олий навли унни 6000 сўмдан харид қилиш мумкин.

Сотувчилардан бирининг таъкидлашича, ун нархларининг ошиши мавсумий омиллар билан боғлиқ.

«Бу одатий ҳолат. Ҳар йили май-июн ойларида нархлар қимматлашади. Янги буғдой ҳосили йиғиб олинганидан кейин нархлар арзонлаша бошласа керак. Қозоғистондан ҳам маҳсулот олиб келишда қийинчиликлар юзага келмоқда», дейди у.

Картошка ва пиёз нархи эса кескин қимматлашган. Бозор расталаридаги чакана сотувчилар 1 кг йирик сифатли оқ картошкани 8000 минг сўмдан, қизил картошкани эса 8500-9000 мингдан сотишмоқда.

Арзонлаштирилган расталарда эса ўтган йилги эски ва янги майда картошкаларни 3000 – 3500 сўмдан харид қилиш мумкин. Сотувчиларнинг айтишича, картошка нархларининг қимматлаша бошлаганига тахминан 10 кунча бўлган. Бу далалардаги маҳсулотларнинг катта миқдорда хорижга экспорт қилинаётганлиги, бунинг оқибатида эса бозорларга маҳсулот келиши камайганлиги ҳисобига юз бермоқда. Икки ҳафта олдин 4800-5000 атрофида сотилган картошкалар 8000 сўмдан, 2500 сўмдан сотилган пиёзлар 6000 сўмдан сотилаётгани айтилди.

Гуруч ва шакар нархлари ҳам кўтарилган. Гуруч нархларининг ошиши жорий йилда экин кам экилгани билан, шакар нархларининг ошиши эса баҳорги мевалардан «компот» ва мураббо тайёрлаш мавсуми бошланганлиги сабаб талабнинг ошиб кетганлиги билан изоҳланди.

Тухум ва гўшт нархларида деярли ўзгариш кузатилмаган. Ўртача катталикдаги тухум (10 дона) 11-12 минг сўм атрофида, 1 кг мол гўшти ўртача 68-70 минг, қўй гўшти 80-85 минг сўмдан сотилмоқда.

Kun.uz мухбири суҳбатлашган харидорлардан бирининг таъкидлашича, охирги икки ойда озиқ-овқат харид қилиш учун сарф қиладиган маблағлари миқдори 25-30 фоизга кўпайган.

«Шакар, ўсимлик ёғи, картошка ва пиёз кескин равишда қимматлашиб кетди. Қандай қилиб, пишиқчилик бошланган пайтда картошка 8000 минг, пиёз нархи 6000 минг сўм бўлиши мумкин?» дея таажжубланади харидор.

Кўпчилик фуқаролар пулнинг қадри қолмагани, ойликлар ошиши ҳақида хабар чиққанидан кейин ҳамма маҳсулотларнинг нархи кескин ошиб кетганлигидан норози эканлигини билдиришган.

«Ойлик 15 фоизга ошса, нархлар 30 фоизга ошяпти. Менга ўхшаган давлат ишида ишламайдиган одамлар эса, бунинг жабрини чекяпти. Ҳамма нарсанинг нархи қимматлашиб кетди. Кечадан бензин нархи ҳам ошибди», дейди таксичилик билан шуғулланадиган фуқаролардан бири.

Маълумот учун, гўшт, картошка, ўсимлик ёғи каби маҳсулотлар импортига 2022 йил 31 декабрга қадар ҚҚС имтиёзлари берилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 25 май ҳолатига ҳудудлардаги марказий деҳқон бозорларида айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қуйидагича:

  • суякли мол гўшти (1 кг) — 45 000 – 73 000 сўм;
  • қўй гўшти (1 кг) — 55 000 – 86000 сўм;
  • картошка (1 кг) — 3000 – 8000 сўм;
  • пиёз (1 кг) — 2000 – 6000 сўм;
  • сабзи (1 кг) — 2000 – 7000 сўм;
  • тухум (10 дона) — 6500 – 15 000 сўм;
  • гуруч (1 кг) — 5000 – 21 000 сўм;
  • ўсимлик ёғи (1 л) — 15 400 – 28 000 сўм;
  • шакар (1 кг) — 9000 – 14 000 сўм.

Апрель ойининг якунлари бўйича, озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги йиллик инфляция даражаси 13,4 фоизни ташкил қилган.

Аввалроқ,  2022 йил 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид