«Реал» — яна Европа қироли, Куртуа — финал суперқаҳрамони. Мавсумнинг сўнгги катта ўйини ҳақида
«Реал» «Ливерпул»ни мағлуб этди ва 14-марта Чемпионлар лигаси ғолибига айланди.
Ташкилотчиликдаги шармандалик
Чемпионлар лигаси — байрам, уни бузишнинг ўзи қийин. Жамоалардан бири «автобус» қўйиб ўйнаши, сифатсиз футбол намойиш этилиши, ҳатто севимли жамоанинг мағлубияти — ўйиндан олган таассуротни буза олмайдиган майда жиҳатлардир. Чунки финал кунида асосийси — айнан ўйин бўлишидир. Уни бир йилдан кейин ҳам эслашади ва муҳокама қилишади.
Аммо УЕФА финал ҳақидаги таассуротларни бузишнинг «уддасидан чиқди». Париждаги ўйин старти қарийб 40 дақиқага кечиктирилди, чунки арена ва унинг ташқарисида тартибсизлик бошланди. Мухлислар тўсиқлардан ошиб ўтиб стадионга кириб кетган, ўн минглаб кишилар стадионнинг ёпиқ эшиклари остонасида соатлаб туриб қолишган. Маълум бўлишича, ўйинга жуда кўп сохта чипталар сотилган ва ростакам чиптага эга бўлган кўплаб мухлислар ўйинга кира олмаган.
Ўйиннинг Санкт-Петербургдан Парижга кўчирилишининг расмий сабаби сифатида — хавфсизлик келтирилганди. Лекин бу ерда «Ҳиллсборо»даги вазият такрорланиш хавфи юзага келди. Мухлисларга кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланди.
Кечиктирилган старт
Айтиш мумкинки, УЕФА шарманда бўлди. Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:36 да бошланди, бу вақтда стадион ташқарисида ғазабга минган ўн минглаб фанатлар туришарди. Уларнинг кўпчилиги «Стад де Франс»га кейин ҳам кира олишмади.
Табиийки, старт кечиктирилиши футболчиларга ҳам таъсир кўрсатди. Оддий психология: сен ҳаётингдаги асосий ўйинлардан бирига тайёрлангансан, ҳис-ҳаяжонга тўлгансан ва ўйин бошланишини сабрсизлик билан кутмоқдасан. Кейин эса ўйин ёқимсиз сабаб туфайли кечиктирилади.
Аммо УЕФА жамоаларга ўйинни ўтказишга буйруқ берди ва футболчилар майдонга чиқиб келишди. Таркиблар оптимал эди — бундай таркибни икки ҳафта олдин ҳам айтиш мумкин эди. «Ливерпул»да фақат марказий ҳимояда ван Дейкка ким шерик бўлиши (якунда Матип эмас, Конате чиқди) ва Тиагу Алькантаранинг соғлиги савол остида эди. «Реал»да эса кимлар бошланғич таркибда пайдо бўлишини тўлиқ олдиндан топиш мумкин эди.
Парижда «қаймоқранглилар» заявкасидан ҳатто Гарет Бэйлга ўрин топилди – у «Реал»нинг 2018 йилда «Ливерпул»га қарши финал ўйинида дубл муаллифи бўлганди. Ўшанда Мадрид уэлслик футболчининг голлари эвазига 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, совринни қўлга киритганди, аммо бу сафар усиз ҳам уддалашди.
«Ливерпул»дан пассив прессинг
Ўйин арафасидаги танаффус «Ливерпул» футболчиларига қай даражада таъсир кўрсатганини айтиш қийин. Буни жамоа биринчи бўлимни шошмасдан бошлагани билан ҳам боғлаш мумкин, аммо 2019 йилда «Ливерпул» — «Тоттенҳэм» финали арафасида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат бўлмаган бўлса-да, бутун ўйин жуда зерикарли кечганди.
Қизиллар тахмин қилинганидек тўпга эгалик қилиш борасида катта устунликка эга бўлишди — дастлабки 20 дақиқада уларнинг устунлиги 63 фоизни ташкил этди. «Реал» ташқаридан қараганда хотиржамлик билан ҳимояланди, аммо вақти-вақти билан ўз дарвозаси яқинида хавфли вазиятлар яратилишига йўл қўйиб берди: «Ливерпул» кўпинча ўрта ва узоқ масофалардан зарбалар йўллади, бир неча ҳолатда мадридликларни Куртуа қутқариб қолди. Маненинг зарбаси айниқса ёдда қоларли бўлди — бельгиялик дарвозабоннинг реакциясидан кейин тўп дарвоза устунига тегди.
Бунга ишониш қийин, аммо «Ливерпул» фаол юқори прессингдан воз кечди. Баъзида Мане рақибга олдинги чизиқдаёқ босим уюштирган ҳолатлар бўлди (кўпроқ тўп Эдер Милитаога келиб тушганида — афтидан, сенегаллик ҳужумчига шундай кўрсатма бўлган), бу ишни баъзида Ҳендерсон, баъзида Салоҳ бажарди. Аммо ёппа прессинг кузатилмади. Эҳтимол, Клопп «Реал»га қарши прессингдаги муваффақиятсиз уринишлардан кейин ўз дарвозаси олдида хавфли вазиятларга дучор бўлган «Челси» ва «Манчестер Сити»нинг хатоларидан шундай сабоқ олгандир.
VAR «Реал»га қарши
«Реал» биринчи бўлимда биринчи узатмага эга чиқиш учун ўйнади. Бу ҳам кутилган ҳолат эди — плей-оффдаги ўйинларда мадридликлар муваффақияти учун сўнгги дақиқаларда ўйинни кучайтириш етарли бўлганига гувоҳ бўлдик. Натижада «Ливерпул»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида «Реал» атиги бир бор зарба йўллади. Бу зарба гол билан якунланди — аммо бекор қилинди.
«Ливерпул» ҳимоячилари танаффус арафасида Бенземани бўш қолдиришди, аммо у зарба бермасдан, тўпни марказроқдаги Вальвердега узатишга қарор қилди. Испаниялик футболчи дарвоза томон зарба йўллагандек бўлди — тўп ҳимоячилар томонидан тўсилгач, яна Бенземага етиб келди ва дарвоза ишғол этилди. Лекин бу ҳолатда француз офсайдда қолгани маълум бўлди. «У зарба бергандек кўринди», чунки видеотакрорларда Вальверде тўпга тегингани аниқ кўринмаган. Аммо Клеман Тюрпеннинг видеоассистентлари вазиятни уч дақиқа ўрганиб чиқишгач, барибир ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этишди.
Уч дақиқа видеотакрорни кўриб чиқиш учун сарфлаш — бу жуда кўп. Айрим лигаларда ҳакамлар VAR учун бундан ҳам кўп вақт сарфлашига гувоҳ бўлиш мумкин, аммо ЕЧЛ финалини бошқариш даражасидаги ҳакамларда эмас.
Танаффусга қадар «Ливерпул»нинг статистик кўрсаткичларга кўра устунлиги жуда юқори бўлди. Зарбалар сони – 10:1, дарвоза соҳасига аниқ етиб борган зарбалар – 5:1. Майдоннинг учинчи қисмидаги узатмалар нисбати – 126:39. Лекин ҳисоб очилмади. Анчелотти ўйиннинг иккинчи қисмида ўз шогирдлари «Реал» ва «Ливерпул»нинг тақвимидан келиб чиққан ҳолда тетикроқ ўйнашидан умид қилиши керак эди.
Винисиуснинг голи
Танаффусдан кейин «Ливерпул» прессинг қилишда фаоллашди — жамоа худди танаффусга қадар куч тежаб ҳаракат қилгандек таассурот уйғотди. Умуман олганда, ўйин бошлангунига қадар «Ливерпул»нинг прессинги тузилиши ва интенсивлиги асосий мавзулардан бўлганди. Стандарт вазиятларда «Реал» ҳимояси қандай ҳаракат қилиши, Винисиус ва Александр-Арнолд дуэли қандай кечиши мавзулари ҳам.
Трент — ҳужумга қўшилишдаги устунликлари баҳоланса, дунёнинг энг кучли ҳимоячиларидан биридир. У ажойиб ассистент эканини яхши билади, аммо мудофаада у идеалдан анча йироқ ва рақиб футболчиларини тез-тез ўз ортида бўш қолдиради. Винисиус — жуда хавфли рақиб. Плей-офф ўйинлари давомида у Кристенсен ва Фернандиньони доғда қолдирди, финал арафасида «Реал»нинг кўплаб мухлислари у Трент билан дуэлни қандай ҳал қилишини кутишди.
Гол урилган вазиятда ТАА унга эркин ҳаракатланиш учун катта ҳудудни очиқ қолдирди ва чопағон Винисиус бундан унумли фойдаланди. Бу «Реал»нинг ўйиндаги иккинчи зарбаси эди — дарвоза соҳасига аниқ борган биринчиси.
Тибо даҳоси
Бунақаси плей-офф ўйинларида кузатилмаганди — «Реал» ҳисобда ортда бормади. Биринчи рақам остида ўйнаган «Ливерпул» ҳам буни кутмаганди, гарчи ҳисобда ортда боришга кўниккан бўлса-да: қизиллар АПЛнинг сўнгги уч турида биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган, аммо ғалабага эришганди.
Анчелотти биринчи алмаштиришни амалга оширишидан олдин Клопп майдонга уч янги футболчини ташлаш орқали ўйин боришини ўзгартирмоқчи бўлди, аммо бу натижа бермади.
«Ливерпул»да вазиятлар бўлди. Иккинчи бўлим бошида Салоҳнинг ажойиб зарбаси гувоҳи бўлдик, Диогу Жота тўпни дарвозага киритишига бир бахя қолди, Салоҳ бирга бир вазиятга эга бўлди. Аммо бу уч эпизоднинг барчасида Куртуа ғолиб бўлди.
Карим Бензема плей-оффда ўнга яқин гол урди ва «Олтин тўп» масаласини деярли ҳал қилди, Винисиус Жуниор ақл бовар қилмас даражада самарали ўйнади, Карло Анчелотти келгач, унинг юқори тезлиги ва дриблингига ўйин интеллекти ва гол ура олиш қобилияти қўшилди. Лука Модрич ёши ўтаётганини сездирмаяпти, Родриго плей-оффда энг яхши жокерга айланди.
Уларнинг барчаси ғолиб, аммо «Реал»га бу сафарги Чемпионлар лигаси ғолиблигини Тибо Куртуа олиб берди. Унинг қутқаришларисиз — «Манчестер Сити»га қарши эпик тўқнашувда Жек Грилишнинг зарбасини тўхтатиши ёки Лео Мессининг 1/8 финал бошида пенальтидан йўллаган зарбасини тўсишисиз — жамоа финалга етиб келмасди. Бельгиялик посбон финалда ҳам шунчаки феноменал ўйин ўтказмади — бу ўйинда у ўзини афсонавий дарвозабон сифатида намойиш этди. «Ливерпул» нима ўйлаб топмасин, белгиялик «Реал» дарвозасида девордек туриб берди. Жами 9 та сейв билан ЕЧЛ финаллари рекордини ўрнатди.
Бу ўйинда Каземиронинг ўйинини ҳам алоҳида қайд этиш мумкин, ушбу таянч яримҳимоячиси жамоа сафида яна бир топ-ўйин ўтказди.
«Ливерпул»га ўйин охирида куч етмай қолгандек бўлди. Машаққатли мавсум ўз таъсирини кўрсатди — жисмоний томондан ҳам, руҳий томондан ҳам. Куртуа дарвозасига бошқа хавф солинмади — аксинча «Реал» иккинчи голни уриши мумкин эди. Якунда 1:0 — «Реал» қандай йўл билан бўлмасин асосий еврокубокни 14-бор ўзиники қилди. Анчелотти эса яна бир бор даҳо мураббий эканини исботлади.
Мавзуга оид
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
00:08 / 07.11.2024