Ўзбекистон | 14:32 / 02.06.2022
85594
11 дақиқада ўқилади

Икки ой олдин армияга кузатилган йигит юрак хуружидан ўлгани айтилмоқда, марҳумнинг яқинлари бунга ишонмаяпти

8 апрел куни армия сафига тантанали равишда кузатиб қўйилган Руслан Қидиралиев уйига тобутда қайтди. Қарши туманидаги ҳарбий қисмга хизматни ўташ учун юборилган аскар бир ярим ойдан сал кўпроқ хизмат қила олди холос.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига “юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Агар ўғлимизда қандайдир сурункали касаллик бўлганида бу тиббий кўриклар вақтида аниқланар ва уни ҳарбий хизматга олишмасди, дейишмоқда марҳумнинг ота-онаси.

Ринат Саулетов, марҳум аскарнинг отаси / Фото: Kun.uz

“Ўлимининг сабаби сифатида юраги, ўпкасида касали борлиги, яна беш-олтита касаллар келтирилмоқда. Булар икки ой ичида пайдо бўладиган касалликлар эмас. Агар унда олдиндан шу касалликлар бўлганида туман мудофаа ишлари бўлимидагилар уни хизматга жўнатишмасди. Аввал ўзимизнинг туманда, кейин вилоятда тиббий кўрикдан ўтди. Ҳамма текширувлари яхши чиқди.

Агар болам касал бўлганда армияга жўнатиб ўтирмасдим. “Ота, Ватанга хизмат қилмоқчиман, йигитлик бурчимни бажармоқчиман” дегани учун юборгандим. Бўлмаса, пулини тўлаб, бир ойлик йиғинга жўнатсам бўларди, ҳозир афсус қиляпман шунга”, дейди Руслан Қидиралиевнинг отаси Ринат Саулетов.

Гулзира Саулетова, марҳум аскарнинг онаси / Фото: Kun.uz

“Ўғлим ҳарбий хизматга кетгунига қадар бирор марта юрак оғриғи, ўпка касаллигидан шикоят қилмаган, дори ичмаган. Қўлимда унинг болалигидан то армияга кетгунча бўлган даврда юритилган тиббий дафтарчаси бор, у боламнинг сурункали касалликлари бўлмаганини исботлайди. Армияга кетишдан олдин тиббий кўрикдан ўтганида ҳам у соғлом деб топилган. Агар тиббий кўрик натижасига кўра у касал деб топилганда армияга жўнатмаган бўлардик, бундай ҳолатда уни армияга олишмасди ҳам. Ўғлим ўзи билан бирга кўрикдан ўтган чақирилувчилардан бирининг юраги сал тезроқ ургани учун уни қайтариб юборишганини айтиб берганди. Руслан билан бундай ҳолат кузатилмаган.

Аввало, уни армияга қабул қилишларига мутлақо ишонмаганман. Сабаби 10 яшарлигида қўли синиб, қийшиқ битганди. Бундан ташқари, кўк томирини икки марта операция қилдирганмиз. Шу сабабли уни аскарликка олишларига ишонқирамаганмиз. Тиббий комиссиядан ўтиши учун кимгадир пул берганимиз ёки таниш-билишнинг ёрдамидан фойдаланганимиз йўқ. Ўтган йили одамлар пул билан ҳам муддатли ҳарбий хизматга жўнатишолмаганини эшитгандик. Шунинг учун ўғлимнинг хизматга қабул қилинганидан ҳайрон бўлгандик”, дейди она Гулзира Сулетова.

Марҳум Руслан Қидиралиевнинг амбулатор тиббий картаси / Фото: Kun.uz

Аскар йигитнинг отаси Ринат Саулетовнинг айтишича, марҳум фарзандининг жасадида моматалоқ излари бор. Шунингдек, ота ўғлининг қовурға суяклари синганини ҳам айтмоқда. Бироқ ўлим ҳақидаги тиббий маълумотномада булар ҳақида маълумот йўқ.

Марҳум 28 май куни онаси билан қўнғироқлашган ва “икки кундан бери командирлари урмаётгани” ҳақида хурсанд бўлиб гапириб берган. Маълум бўлишича, Руслан командирлар калтаклаётгани ҳақида аввал ҳам онасига айтган, шунингдек, ҳарбий қасамёд қабул қилганда уни кўришга борган отасига ҳам гап орасида бу ҳақда айтган.

Бироқ ўзи ҳам ҳарбий хизмат машаққатларини бошдан кечирган ота ўғлига: “Айб ўзингдадир, бекордан бекор уришмаса керак”, деганидан сўнг бу мавзу ёпилганини эслайди. Ота-онанинг тахминича, фарзандларининг жасадидаги моматалоқ излари айнан калтаклашлардан қолган ва улар Русланнинг вафотига шу нарса сабаб бўлган деб ўйлашмоқда.

Ота-онасининг сўзларига кўра, марҳум мўмин-қобил, ҳалим йигит бўлган. У биров билан низога борадиган, ўзидан катталарга гап қайтарадиган бола эмасди, демоқда улар.

Марҳум Руслан Қидиралиев / Фото: Kun.uz

“Характери роса юмшоқ эди. Армияга кетаётганида қўрққандим, қандай хизмат қиларкин, қийинчиликларга қандай чидаркин деб. Болам роса содда, бўш, бизга жуда меҳрибон эди. Биров билан жанжаллашадиган бола эмасди. Маҳалладагилар ҳам, синфдошлари ҳам билишади унинг қанақалигини, ҳаммаси мақташади уни. Бировга гап қайтарадиган одати йўқ эди. Ким нима иш айтса, хўп деб қилаверарди. Шу характери ёқмасди. Бўшсан, одамлар ювошлигингдан фойдаланишади деб кўп уришардим”, дейди Гулзира Саулетова.

Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома / Фото: Kun.uz

Оддий аскар Руслан Қидиралиевнинг ўлими билан боғлиқ очиқ қолаётган саволлар талайгина. Шулардан бири ҳарбий қисм масъул офицерларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ. Гап шундаки, ўзини аскарнинг командири сифатида таништирган шахс марҳумнинг отасига 29 май куни эрталабки соат 9-10 ларда қўнғироқ қилиб, Русланнинг тоби қочиб госпиталга тушиб қолганини айтган, зудлик билан Қаршига етиб келишни сўраган. Ҳолбуки, бу вақтга келиб аллақачон унинг жони узилган эди.

Бош прокуратура ахборот хизмати Kun.uz'га тақдим этган маълумотда Руслан 29 май куни соат 07:40 ларда нонуштага тайёргарлик кўриш учун эрталабки йўқламага сафланган вақтида ҳушини йўқотиб, саф майдонида йиқилгани, унга ҳарбий қисмда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳушига келтирилгач, Қарши ҳарбий госпиталига юборилгани келтирилади. Бироқ соат 07:55 ларда Қарши ҳарбий госпиталига олиб келинган аскарда биологик ўлим қайд этилади. Марҳумнинг отаси билан гаплашган масъул офицер нима учун ундан фарзандининг ўлимини сир тутгани, у Қаршига қараб йўлга чиққанидагина бу ҳақда маълум қилгани тушунарсиз.

Шу ўринда Бош прокуратура берган маълумот ҳам қатор саволларни келтириб чиқарганини таъкидлаш керак. Юқорида ўқиганингиздек, аскар 7:40да ҳушидан кетган. Унга ҳарбий қисмда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳушига келтирилади, мантиқан олиб қараганда уни ҳарбий қисм тиббиёт бўлимига олиб бориш, биринчи ёрдам кўрсатиш маълум бир вақт, ҳеч бўлмаганда 5-10 дақиқани талаб этади. Бироқ у ердаги ҳарбийлар супермен шекилли, яшин тезлигида ҳаракатланиб, беморни 7:55да Қаршидаги ҳарбий гоститалга етказиб боришади. Бундай деётганимизнинг сабаби Хонобод қўрғонидаги ҳарбий қисмдан то Қарши шаҳригача 25-30 дақиқада етиб бориш мумкин. Жуда тез борганда ҳам 20 дақиқадан аввал етиб бориш имконсиз. Шундай экан, 7:40да ҳушдан кетган аскарга биринчи ёрдам кўрсатилмаганда ҳам 15 дақиқада ҳарбий госпиталга етказиб борилгани жуда шубҳали.

Руслан Қидирилаевга эса биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва бунга ҳам қанчадир вақт сарфланган. Демак, бу ерда кимдир ёлғон маълумот бермоқда.

Скриншот. Ҳарбий қисмдан Қарши шаҳригача бўлган масофа. Фото: Яндекс онлайн харитаси

Аскарнинг отасига телефон қилган командирлардан бири унга ўғли ҳарбий қисм ошхонасида нонушта қилаётганда тўсатдан тоби қочиб йиқилиб тушганини айтган. Ваҳоланки, расмий маълумотда аскар саф майдонида ҳушдан кетиб йиқилгани айтилмоқда, демак, бу ерда ҳам кимдир ёлғон маълумот беряпти.

“Ўғлимнинг жасадини махсус транспортда уйимизгача олиб келган офицерлардан бири у ҳарбий қисм ошхонасида нонушта қилаётган вақтда ўзидан-ўзи мазаси бўлмай қолиб йиқилиб тушди деб айтди”, дейди Ринат Саулетов.

Марҳумнинг отаси фарзандининг қон гуруҳи 2-гуруҳ манфий экани, бироқ жасадни олиб келган ҳарбийлар ўғлиникилигини айтиб ташлаб кетган хизмат кийими (форма)да унинг қон гуруҳи 1-гуруҳ мусбат экани қайд этилганини айтмоқда.

Марҳумнинг ҳарбий формаси / Фото: Kun.uz

“Ҳарбий қасамёд қабул қилаётган вақтда ўғлимни кўришга борганимда эгнидаги формада қон гуруҳи 3-гуруҳ мусбат деб ёзилганди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Эртага аскарларга бир нима бўлиб қолса, қон қуйишга тўғри келса, у эса ҳушида бўлмаса, кийимидаги маълумотлар асосида қон қуйишади-ку. Нотўғри қон қуйилиши натижасида у ўлиб қолса, нима бўлади?! Хонободдаги ҳарбий қисмда фақат менинг ўғлимники эмас, бошқа аскарларнинг формасидаги қон гуруҳи ҳам нотўғри ёзилганига гувоҳ бўлгандим. Ўғлимдан бунинг сабабини сўраганимда кимга қайси форма тўғри келса, шуни кийиб олишган, бошқа форма йўқ деб айтганди.

Ўғлимнинг майитини олиб келганлар қўлимизга бериб кетган қоғозда у 177-сонли мурда экани қайд этилган. Ажабланарлиси, ўлим ҳақидаги тиббий маълумотномада бу рақам 174-сонга айланиб қолган. Мурда бир, рақамлар ҳар хил. Бу ҳам ҳарбий қисмда ишлар тўғри йўлга қўйилмагани, ҳужжат ишларида сохтакорлик борлиги, масъуллар вазифасига жиддий қарамаётганини билдиради”, дейди Ринат Саулетов.

Битта мурда иккита ҳужжатда икки хил рақамланган / Фото: Kun.uz

Гулзира Саулетованинг айтишича, 28 май куни икки ойлик таъминот маоши – саккиз юз минг сўмдан кўпроқ ўғлининг пластик картасига келиб тушган. Марҳум Руслан дўкондан қарзи борлиги, бориб шуни тўлаб келишини айтган.

“Одатда дўкондан нима олса, менга телефон қиларди, смс бордими деб сўрарди. Пластигини менинг рақамимга улаб қўйганди. Шу куни дўконга бораётганини айтиб телефон қилди, аммо у ердан қайтгандан сўнг қўнғироқ қилмади. Юрагим жуда ғаш бўлди. Тахминимизча, ўша куни тунда нимадир содир бўлган ва бу пластикдаги пул билан боғлиқ бўлиши мумкин”, дейди Гулзира Саулетова.

Марҳумнинг яқинларига кўра, пластик айни вақтда қаерда, кимнинг қўлида қолганини, ундаги пулларга нима бўлганини билишмайди (карта ҳеч бир тўлов хизматининг мобил иловасига уланмагани айтилмоқда). Фақатгина 28 май куни 20:47да 139 минг сўм ечиб олинган, шундан сўнг картада 116 минг сўмдан сал кўпроқ маблағ қолган. Унгача ечилган пуллар ҳақида SMS хабар келмаган.

Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан айни пайтда Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марҳумнинг яқинлари келгусида бу каби фожиалар такрорланмаслиги учун ҳам фарзандлари билан рўй берган ҳолат ипидан игнасигача текширилиши, иш ёпди-ёпди бўлиб кетмаслиги, агар ҳарбий қисмдаги муҳит чиндан расво бўлса, уни яхшилаш чоралари кўрилиши, бошқалар бундан азият чекмаслигини исташмоқда.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид