Ўзбекистон | 18:42 / 04.06.2022
66050
5 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари ичида ўзбекистонликлар учун Ҳаж зиёрати энг қиммати бўлиб қолмоқда

Диний қўмита 2022 йилги Ҳаж зиёрати нархини эълон қилди. Kun.uz ўрганишлари бу нарх Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядагидан сезиларли қиммат эканини кўрсатди.

Фото: KUN.UZ

Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекистонликлар учун 2022 йил Ҳаж мавсумига доир маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2019 йилга қараганда квоталар сони 7200 кишидан 10 865 нафарга ошган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун нархлар 33,5 млн сўмдан 62,9 миллион сўмга қадар кўтарилган. Бу – Марказий Осиё ва Россияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда энг қиммат нарх ҳисобланади.

Қўмита нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан Ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар ошганини сабаб қилиб кўрсатди.

Kun.uz Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатлар ва Россияда Ҳаж зиёрати қанча туришини таҳлил қилди.

Қозоғистон – 4,3 минг доллар

Қозоғистонлик зиёратчилар учун Саудия ҳукумати 2022 йилда 3500 дан 4527 нафаргача ўрин ажратган. Қозоғистон Мусулмонлари идораси ажратилган квоталарнинг 3 мингтаси учун тур фирмалар ўртасида танлов эълон қилган.

Мамлакат камроқ квота олаётгани Саудия Арабистонида нархлар қимматлагани, шунингдек, мамлакатда АҚШ доллари курсининг жуда ўзгарувчанлиги туфайли зиёратга боришни хоҳловчилар камайгани билан изоҳланмоқда. Бундан ташқари, зиёратга борувчилар учун подшолик ўрнатган 65 ёш чеклови сабабли ҳам талаб камайган.

Қозоғистон Мусулмонлари идораси Ҳаж бўлими бошлиғи Жандилла Бекжигитовга кўра, пандемияга қадар мамлакатга 10 мингга яқин ўрин ажратилган.

Турфирмалар ҳозирча стандарт пакет учун 4,3 минг доллар, VIP пакетда 6,9 минг долларгача таклифлар бермоқда.

Тожикистон – 5,3 минг доллар

Тожикистонлик Ҳаж зиёратчилари учун 2022 йилда 3 562 та ўрин ажратилган. Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқимга кўра, Саудияда солиқлар ва хизматлар учун нархларнинг ошиши эвазига мамлакатдаги ҳаж зиёрати 61 минг сомонига кўтарилган. Бу тақрибан 5350 долларни ташкил қилади.

Тожикистонда Ҳаж ва Умрага оммавий зиёратларини ташкил қилиш ҳукумат ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ваколатига киради.

Қирғизистон – 4,5 минг доллар

Қирғизистонлик зиёратчилар учун 2022 йилда 2766 та ўрин ажратилган. Мамлакат мусулмонлар идораси матбуот хизмати зиёрат учун нарх тахминан 4,5 минг долларга айланишини маълум қилган. Авиакомпаниялар ва бошқа хизмат кўрсатувчилар билан келишув асосида бу нарх ўзгариши мумкин.

Мамлакатда олдинроқ Ҳаж зиёратини Мусулмонлар идораси ўтказган тендерда ғолиб бўлган турфирмалар амалга ошириши ҳақида ёзилган. Айни вақтда бу ҳақда очиқ маълумотлар йўқ. Лекин Қирғизистонда умра зиёрати тўлиқ турфирмалар томонидан амалга оширилади.

Туркманистон

Туркманистонликлар учун 2022 йилда 2083 нафар ўрин ажратилган. Лекин, Гурбангули Бердимуҳамедов даврида квоталарнинг жуда оз қисми, бор-йўғи 200 га яқинидан фойдаланилган. Масалан, охирги марта  160 кишининг Ҳаж қилишига рухсат берилган, холос.

“Туркманистон хроникаси” нашри зиёрат учун ажратилган жуда кам ўринларни олиш учун узоқ навбат кутиш ёки коррупцияга қўл уришга тўғри келиши ҳақида ёзган. Бундан ташқари, махсус хизматларнинг қаттиқ текширувидан ўтмаган зиёратчилар самолёт учишидан олдин ҳам тушириб қолдирилиши мумкин.

Туркманистонда 160 кишини давлат қандай нархга зиёратга олиб бориши маълум эмас, лекин зиёратдан қайтгач уларга 2 минг доллар миқдорида компенсация берилиши ёзилган. “Туркманистон хроникаси” 5 минг долларга тур фирмалар орқали зиёратга бориш мумкинлигини ёзган. Лекин мамлакатда турфирмалар хизмат кўрсатиши ҳақида ҳам очиқ манбаларда маълумот йўқ.

Россия – 4,7 минг доллар

2022 йилда 11 318 нафар россиялик мусулмонлар Ҳаж зиёратига бора олади. Россия Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Рушан Аббосовга кўра, пандемияга қадар ҳар йили мамлакатдан 25 минг нафар фуқаро Ҳажга борган.

Гарчи идора расмийси, бу йилги Ҳаж россияликлар учун тахминан 2,5-3 минг долларга тушиши мумкинлигини таъкидлаган бўлса-да, мамлакат турфирмалари энг арзон пакетлар учун 4 700 доллардан бошлаб нарх таклиф қилмоқда.

Яна бир маълумот, Қозоғистон ва Россия фуқаролари учун Саудия ҳукумати томонидан ҳеч қандай воситаларсиз онлайн виза олиш имкони берилган.

Эслатиб ўтамиз, масъул идоралар ўзбекистонликларнинг Ҳаж ва Умра сафари харажатлари сметасини очиқламай келади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бир неча ой аввал Умра зиёратининг бир қисми Ўзбекистонда ҳам турфирмаларга берилиши назарда тутилган ҳужжат тайёрланаётганини билдирган эди. Лекин ҳозирча расмийлар бу мавзуга бошқа қайтмади.

Мавзуга оид